Тасаввур қилинг: Саҳронинг ўртасидан бутун инсоният учун бепул, шифобахш сув чиқадиган Буюк Қудуқ очилди. Лекин тез орада бир гуруҳ айёр "тадбиркорлар" келиб, қудуқнинг атрофини баланд девор билан ўраб олишди. Улар эшикка шундай ёзув илишди: "Бу сувдан ичиш учун фақат бизнинг махсус 'Олтин идишимиз'дан фойдаланиш шарт. Ўзингнинг сопол ёки шиша идишингда бу сувни ичиш — ҳаром! Олтин идишни эса фақат биздан, 20 йил ўқиб сотиб оласан!"
Синдикатнинг (Руҳонийларнинг) жинояти:
Қудуқ ва шифобахш сув — бу Қуръон (Ҳидоят). Олтин идиш эса — Араб тили!
Аллоҳ Қуръонни бутун инсоният учун "Очиқ код" (Open Source) сифатида нозил қилган эди. Аммо сарой муллалари ва дин пешволари ўзларининг ҳокимиятини сақлаб қолиш учун Худо билан банданинг ўртасига ўзларининг "Божхона постини" (Таможняни) ўрнатишди. Улар халққа: "Сен араб тилини, наҳв ва сарфни (грамматикани), балоғат ва фасоҳатни 15 йил мадрасада ўқимагунингча, Қуръонни тушунишга ҳаққинг йўқ! Сен таржимага ишониб ўзингча ҳукм олма, бизга эргаш!" дейишди.
Натижада нима бўлди? Миллиардлаб инсонлар Худонинг сўзини тўғридан-тўғри эшитиш бахтидан маҳрум қилинди ва коҳинларнинг (муллаларнинг) оғзига термилиб қоладиган "руҳий қулларга" айлантирилди.
"Маҳаллийлаштирилган Худо ва Муқаддас Тил Афсонаси" (Абсурд теологияси)
Бизнинг онгимизга шундай даҳшатли ёлғон сингдирилганки, кўпчилик мусулмонлар онгостида: "Араб тили — бу Худонинг тили, Жаннатнинг тили. Аллоҳ ўзбек, инглиз ёки хитой тилидан кўра араб тилини кўпроқ яхши кўради" деб ўйлайди.
Бу — соф ширк ва лингвистик шовинизмдир!
Аллоҳ Коинотнинг Робби! У тиллардан, ҳарфлардан ва товушлардан покдир. Қуръон нима учун араб тилида нозил бўлди? Бу саволга Аллоҳнинг Ўзи Қуръонда шундай мантиқий ва оддий жавоб беради
«Биз ҳар бир пайғамбарни фақат ўз қавмининг тили билан юбордик, токи уларга баён қилиб берсин». (Иброҳим сураси, 4-оят).
Тамом! Бошқа ҳеч қандай илоҳий-мистик сабаб йўқ! Муҳаммад а.с. ва унинг биринчи тингловчилари Макка араблари бўлгани учунгина восита сифатида араб тили танланган. Агар Пайғамбар ўзбек, япон ёки лотин миллатидан чиққанида, Қуръон худди шундай мукаммаллик билан ўша тилда тушарди.
Аммо Ҳомонлар (руҳонийлар) нима қилди? Улар "Воситани" — "Мақсадга" айлантиришди. Улар араб тилининг маданиятини, кийимини (тўн, салла, узун кўйлак) диннинг ажралмас қисми деб эълон қилиб, Бутун оламларнинг Яратувчисини гўёки "Фақат арабча гапирадиган маҳаллий Худога" айлантириб қўйишди!
"Заҳарланган Таржималар ва Ўлдирилган Тафаккур"
Сиз насроний тарихида Инжилни лотин тилидан инглиз ёки немис тилига таржима қилган олимларни (масалан, Уильям Тиндейлни) Католик черкови гулханда тириклайин ёқиб юборганини эшитгандирсиз. Нега ёқишган? Чунки одамлар Инжилни ўз тилида ўқиса, попларнинг ёлғони фош бўларди.
Бизнинг Ислом тарихида гулханда ёқишмаган, лекин ундан-да баттар иш қилишган — "Психологик блок" қўйишган.
Асрлар давомида дин пешволари: "Қуръонни бошқа тилга ўгириш мумкин эмас, у фақат тафсир қилинади, таржима — бу Қуръон эмас," деган фатволарни бериб келишди. Ҳатто бугун ҳам баъзи мутаассиблар "Таржима ўқиб адашасан, ундан кўра ўзимизнинг домлаларни эшит" дейди.
Нега улар таржимадан ўлгудай қўрқишади?
Чунки оддий деҳқон, ўқитувчи ёки инженер Қуръонни ўз она тилида, маъносини чақиб ўқишни бошласа, мияси ишлаб кетади! У Қуръонни очиб, у ерда шайхлар тиққилаб гапирадиган хурофотларни, мозорпарастликни, "пирга қўл беришни", аёлларни уйга қамаб қўйишни ёки домлалардан савоб умид қилишни ТОПМАЙДИ! У Қуръонда реал иқтисод, адолат, космос, тафаккур ва энг асосийси — Эркинликни топади.
Мана шу Эркинлик — "Божхона постида" ўтирган дин савдогарлари учун ўлим деганидир!
Агар кимдир сизга: "Сен араб тилини билмайсан-ку, қандай қилиб Қуръон ҳақида гапирасан? Таржима ўқиган одам олим бўлмайди!" деса, унга мана шу ядровий зарбани йўлланг....
"Дўстим, Аллоҳ менинг томиримдаги қоннинг қандай оқаётганини, юрагимнинг энг тубидаги пинҳона дардларимни билади-ю, лекин менинг ўзбекча ўқиган дуойимни ва ўзбекча ўқиган Қуръонимни тушунмайдими?
Сизнинг 'олимларингиз' динни араб тили ва маданиятининг тутқунига айлантириб олишди. Сизлар Аллоҳни гўёки фақат грамматика қоидалари орқалигина тушуниш мумкин бўлган 'лингвистика ўқитувчиси' деб ўйлайсиз. Қуръон — бу луғат эмас, бу ДАСТУР! Битта оятни арабчада тажвид билан бижбирлаб, маъносини билмай ўқиган кориянгиздан кўра, ўша оятнинг ўзбекча таржимасини ўқиб, маъносидан , ҳаётини ўзгартирган оддий ўзбек Аллоҳга минг карра яқинроқдир!
Мен Худо билан гаплашиш учун сиз яратган 'Мударрислар Божхонасидан' ўтмайман. Қуръон коҳинларнинг монополияси эмас, у менинг, сенинг ва бутун башариятнинг мулкидир!"
27.08.2026
https://telegram.me/iqro114
Sho.95
Комментариев нет:
Отправить комментарий