07.09.2026

ДИННИНГ "ABIBAS" ВА "ROLEKS"ЛАРИ (ҚАЛБАКИ БРЕНДЛАР)

Бозорда устига "Adidas" ўрнига "Abibas" ёки қалбаки "Rolex" ёзилган, ташидан ялтирайдиган, лекин икки кунда тикиши сўкилиб, механизми бузиладиган арзон моллар бўлади-ку? Мунофиқлар — айнан мана шу диннинг "қалбаки брендларидир"!

Уларнинг ташқи кўриниши — идеал. "Тасбеҳининг" узунлиги камида қурувчининг рулеткасидек келади, гапирганда ҳар икки сўзининг бири "Иншааллоҳ", "Машааллоҳ", доим сунъий мунг ва ғамгинлик... Гўёки шубҳасиз авлиё/отинойи!
Лекин... Улар билан битта бизнес қилиб кўринг-чи! Шерикчиликда улушингизни уриб қолади, қарз олса қайтармайди, иши тушса сизни сотади. Бозорга кириб тарозидан урадиган ҳам, пахтага сув қўшиб ўтказадиган ҳам, ўз аёлини уйда ҳайвондек калтаклаб, кўчага чиққанда "аёлларни ҳурмат қилайлик биродарлар" деб кўз ёш қиладиганлар ҳам айнан шулардир! Улар учун дин — қалбни поклаш воситаси эмас, балки одамларнинг ишончига кириб, уларни шилиш учун кийиладиган "Ниқоб"дир.

"Ҳалол Фирибгарлик" Гуноҳларга янги ном топиш санъати


Мунофиқнинг энг зўр таланти — бу ўзининг ифлос ишларини "ҳалоллаб" олиш қобилиятидир. Улар ҳеч қачон "мен ўғриман" ёки "каззобман" демайди. Улар шунчаки терминларни (сўзларни) алмаштириб олишади!

Одамларни шиладиган Судхўрлик (Рибо) — "Насия савдонинг қонуний устамаси".

Бировнинг ҳаққини Ўзлаштириш/ўғирлаш — "Аллоҳнинг менга берган ризқи".

Уйдаги Зулм ва золимлик — "Оилани шариатда/шаръий бошқариш".

Қуръонда Бақара сурасида Аллоҳ айнан шуларни огоҳлантирган "Қачон уларга: Ер юзида фасод бузғунчилик қилманглар, дейилса, улар: 'Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз тузатувчилармиз, дейдилар". Уларнинг энг даҳшатли хусусияти шуки, ўзларининг қилаётган пасткашликларига ўзлари чин дилдан ишонишади ва буни Ислом номи билан оқлашади.

Дўзахнинг энг тубидаги "VIP-Жойлар"


Бир қизиқ ва даҳшатли факт бор Аллоҳ Қуръонда динсизларни, мушрикларни (бутпарастларни) ёки кофирларни дўзахнинг энг пастки қаватига ташлайман демаган. Нисо сурасининг 145-оятида: "Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг туб (пастки) қаватидадирлар!" дейилган.
Нега? Чунки очиқ душман — бу мард душман. Уни биласиз, унга қарши қандай туришни тушунасиз. Аммо мунофиқ — бу ичингизга кириб олган паразит вирус. У сиз билан бир сафда туради, сиз билан бир хил овқат йейди, ўзини дўст қилиб кўрсатади ва орқангиздан ханжар уради! Ислом дунёсини асрлар давомида ташқи душманлар эмас, айнан ичкаридаги мана шу иккиюзламачи "авлиёлар", отинойилар, манфаатпараст сохта диндорлар парчалатиб, хор қилиб келган.

Мунофиқнинг ниқобини йиртиш


Агар ҳаётда ташидан ўзини фаришта қилиб кўрсатиб, амалда ғирромлик қиладиган, тилида оят-хадис бўлиб, амалида мунофиқ бўлган одамга дуч келсангиз, кўзига қараб туриб шундай денг...
Тасбеҳингизни узунлигию, саждагоҳингизни катталигини кўриб мусулмон деган эдим, лекин тарозингиз ва ваъдангизни кўриб, Иблиснинг ўзи сиздан дарс олиши кераклигини тушундим! Сиз динни қалбингизга эмас, фақат витринангизга (пештахтангизга) қўйиб олибсиз. Қуръонда Аллоҳ 'Одамларнинг ичида хусуматчи ,бузғунчи мунофиқ бўлганлари бор' уларни сен билмайсан биз биламиз деб айнан сизнинг портретингизни чизиб берган. Ифлос ишларингизни оқлаш учун Аллоҳнинг оятларидан ниқоб ясашни бас қилинг! Бошқаларни алдашингиз мумкин, лекин 'Бузуқ механизмли қалбаки Соат'ингиз билан ҳеч қачон Охират божхонасидан ўта олмайсиз. Аввал одам бўлинг, кейин авлиёликни даъво қиласиз!"

02.07.2026
https://t.me/iqro114
Sho.95

Комментариев нет: