07.09.2026

МИКРОСКОП ОСТИДАГИ КОЛБАСА ВА КЎРИНМАС ФИЛ

Муллакратиянинг энг кулгили ва айни пайтда энг фожиали одати — бу уларнинг "Химиявий тақвоси"дир.

Тасаввур қилинг Улар дўконга кириб, колбасанинг ёки печеньенинг орқасидаги митти ҳарфларни лупа (микроскоп) билан ўқишади "Қани, бу ерда Е-471 стабилизатори бормикан? Желатин қанақа ҳайвондан олинган? Спиртнинг 0.001% изи йўқмикан?"

Аммо шу колбасани ишлаб чиқарган завод ишчиларига ойлигини вақтида бермаса, завод чиқиндиларини эса маҳалланинг ариғига оқизиб, экологияни вайрон қилса — бу уларни УМУМАН қизиқтирмайди! Уларнинг олдидан "Иқтисодий ва ижтимоий адолатсизлик" деган улкан Фил ўтиб кетади, лекин улар кўрмайди, чунки кўзлари микроскопга ёпишиб олган!

Қуръондаги "Ҳалол" концепцияси — бу аввало ҳаққоний меҳнат, бировни алдамаслик ва жамиятга зарар келтирмасликдир. Муллакратия эса уни шунчаки Гастрономик Штампга айлантириб қўйди. Улар учун одамларнинг ҳаққини еган, лекин устида "Ҳалол" ёзуви бор колбасани еб юрган одам — идеал мусулмондир!

Галактикалар Яратгувчисининг "VIP-Қўриқчилари"

Муллакратия-нинг яна бир даҳшатли психози бор улар ўзларини Аллоҳнинг ва Исломнинг "VIP-Охранниклари" (Тансоқчилари) деб ҳис қилишади.

Бирорта ёш, ақлли йигит чиқиб " Нега тарихда мана бундай мантиқсизлик бўлган?"деб савол берса, муллалар дарҳол ваҳимага тушади! Улар саволга илм билан жавоб бериш ўрнига, клубнинг қўриқчиларидек агрессияга ўтади "Жим! Бундай савол берма! Диндан чиқиб кетасан! Иймонинг куяди!"

Коинотдаги миллиардлаб галактикаларни, қора туйнуклар ва квант физикасини яратган, мутлақ Қудрат эгаси бўлган Зот — калта шим кийиб олган уч-тўртта агрессив одамнинг "ҳимоясига" муҳтожми?! Аллоҳнинг мантиғи шунчалик заифмики, битта мактаб ўқувчисининг саволидан "синиб" қолса? Йўқ! Муллакратия аслида Аллоҳни эмас, ўзининг Жаҳолатини ҳимоя қиляпти. Чунки саволлар уларнинг бизнесига ва обрўсига болта уради.

Стерил Иссиқхона ва "Маънавий ОИТС (СПИД)"

Нега динкубатор ҳамма нарсани — мусиқани, санъатни, фалсафани, замонавий китобларни тақиқлашга ҳаракат қилади? Бунинг жуда оддий биологик сабаби бор.

Тиббиётда маълумки, агар болани туғилганидан бошлаб ҳар хил микроблардан асраб, мутлақ стерил (тоза) Иссиқхонада (Парникда) катта қилсангиз, унинг Иммунитети шаклланмайди. Уни кўчага олиб чиқишингиз билан оддий шамол ёки чанг ҳам уни ўлдириб қўяди.

Муллакратия инсоннинг миясига Тафаккур ва Мантиқ (Иммунитет) уруғини экиш ўрнига, унинг атрофига "Тақиқлар Иссиқхонаси"ни қурди. Натижада уларнинг мухлисларида "Маънавий ОИТС" (иммунитет танқислиги) пайдо бўлди. Бундай одам интернетга кириб, озгина бошқачароқ фикрни ёки илмий мақолани ўқиса, дарҳол депрессияга тушади ёки радикал бўлиб кетади. Чунки унда маълумотни ҳазм қиладиган ва анализ қиладиган иммунитет йўқ! Улар ўз иймонларини шунчалик заиф деб билишадики, уни фақат зулматда сақлабгина тирик олиб қолиш мумкин деб ўйлашади.

Агар навбатдаги "муҳтасиб" келиб, қўлингиздаги маҳсулотнинг таркибидан кир қидирса ёки бирорта илмий мақола ўқиганингиз учун сизни "адашишда" айбласа, мана бу ҳазиломуз, лекин ўлдирувчи жавобни юзига ёпиштиринг..

Сиз Исломни буюк ижтимоий адолат тизимидан олиб, оддий 'Санэпидемстанция' ва 'Қоровулхона'га айлантириб қўйибсиз! Сизнинг лупангиз колбасадаги молекулани кўради-ю, лекин ўша колбасани ишлаб чиқарган одамнинг порахўрлигини ва ишчиларини хўрлаганини кўрмайди. Сиз Аллоҳни осмонга қамаб олиб, Ўзингизни Унинг VIP-қўриқчиси эканингизга ишониб қолибсиз. Мен ўзимни стерил иссиқхонага қамаб, иммунитетсиз зомбига айланмоқчи эмасман. Менга маҳсулотнинг орқасидаги штамп эмас, жамиятдаги реал адолат ва миямдаги соғлом тафаккур муҳимроқ. Қоровулликни давом эттиринг, биз эса Коинотни ўрганишга кетдик!"


30.06.2026
https://t.me/iqro114
Sho.95

Комментариев нет: