Нега муллакратия муаммоларни ҳеч қачон ҳал қилмайди?
Британия империяси Ҳиндистонни бошқараётган пайтда, Деҳли шаҳрида заҳарли кобра илонлари жуда кўпайиб кетади ва одамларга хавф сола бошлайди. Муаммони тезда ҳал қилиш учун ҳукумат зўр қарор чиқаради «Ким битта ўлик кобра олиб келса, унга пул мукофоти берилади!»
Бошида бу стратегия зўр ишлайди — одамлар илонларни тутиб, пулини олиб кетаверади, шаҳарда илонлар камаяди. Лекин кейин нима бўлади?
Ҳиндистонликлар тадбиркор халқ-да, ўйлаб қолишади «Илон тутиб юргандан кўра, уларни кўпайтириб сотган яхшироқ эмасми?». Ва одамлар уйларида махсус фермалар очиб, кобраларни кўпайтира бошлайдилар! Ҳукумат фақат ўлик илон учун пул тўлаётгани сабабли, улар илонларни кўпайтириб, ўлдириб, мукофот олаверишади.
Ҳукумат бу фирибгарликни сезиб қолиб, мукофот пулини бекор қилади. Шунда фермерлар нима қилади? Уларга кераксиз бўлиб қолган минглаб тирик кобраларни шаҳарга, кўчага қўйиб юборишади! Натижада, Деҳлидаги кобралар сони дастур бошланганидан олдингига қараганда юзма-юз кўпайиб кетади!
Иқтисодиётда бу «Кобра Самараси» (Cobra Effect) деб аталади — яъни, муаммони нотўғри усул билан ечишга уриниш, муаммонинг янада даҳшатлироқ бўлиб қайтишига олиб келади.
Муллакратия ва "Гуноҳ Фермалари"
Муллакратия ва мутаассиблар қураётган диний-ижтимоий муҳит, манзара кобра эффектига ўхшаб кетяпти!
Жамиятдаги асосий муаммолар нима? Адолатсизлик, билимсизлик, коррупция, ахлоқсизлик. Муллакратия бу муаммоларни қандай ҳал қилмоқчи бўлади? Улар "Кобра мукофоти" эълон қилишади "Қўрқитинг! Тақиқланг! Фатво чиқаринг!"
Улар одамларни илмга, мантиққа ва онгли равишда яхшилик қилишга эмас, балки Жаҳаннам билан қўрқитишга ёки жаннатдаги ҳурийнлар билан қизиқтиришга ўргатишади.
Бунинг натижасида нима бўлади? Одамлар худди кобра фермерларига ўхшаб қолади....
Сунъий тақво
Одамлар аслида ичидан ўзгармайди. Улар шунчаки мукофот (савоб) олиш ёки жазодан (дўзахдан) қутулиш учунгина ташқи кўринишини тўғирлаб олишади. (Худди пулни деб ўлик илон олиб келгандек).
Муаммони янада кўпайтириш муллакратия тақиқларни ва шартларни шунчалик кўпайтириб ташлайдики, одамлар ҳар қадамини гуноҳ бўлиб қолмадимикан, деб қўрқиб босадиган бўлиб қолади. Яъни, муллалар ўзи жамиятда сунъий равишда "Гуноҳ фермаларини" яратади. Чунки одамлар доим айбдор ҳис қилмаса, уларга пешво керак бўлмай қолади-да!
Асл инқироз...
Қачонки қўрқув тизими ишламай қолса ёки одамлар бу "савоб овидан" чарчаса улар ичида бостириб келган бор нопоклик ва жаҳолат ташқарига отилиб чиқади. Шунинг учун ҳам энг қаттиқ тақиқлар бор жойда, энг мудҳиш жиноятлар ва ахлоқсизликлар яширинча гуллаб-яшнайди (Кўчага қўйиб юборилган кобралар).
Қуръоннинг "Сабаб билан ишлаш" Механизми
Муллакратия фақат ташқи кўриниш (ўлик илонлар) билан овора бўлса, Қуръон муаммонинг илдизи билан ишлашни талаб қилади. Қуръонда кўр-кўрона қўрқув ёки савдогарларга ўхшаб қилинган амал унчалик қадрланмайди. Асосийси — ОНГ ВА ИДРОК!
"Сен айт: “Сизларга ўз ишларида энг кўп ютқазувчи ким эканини айтайми? Улар бу дунё ҳаётидаги югуриб-елишлари самарасиз кетган, аммо ўз ҳунарларини яхшилик деб ҳисоблайдиганлардир." (Каҳф:103-104).
Бу оят муллакратиянинг "Кобра самараси" тизимига берилган энг кучли зарбадир. Одам ўзини гўзал иш қиляпман деб ўйлаши мумкин, лекин агар унинг ниятида илм, адолат ва онглилик бўлмаса, тизим барибир вайрон бўлади.
Қуръоннинг ечими қандай? Таъқиқлар ўрнига ТАФАККУР
"Осмонлару-Ернинг яратилишида, Кеча ва Кундузнинг алмашинувида, ақл эгалари учун оятлар/ишоратлар бор. "(Оли Имрон:190).
Яъни, муаммони ечиш учун одамларни қўрқитиш эмас, уларнинг АҚЛИНИ ишлатишга мажбур қилиш керак. Онгли одам заҳарли илонни кўпайтирмайди ҳам, ундан қўрқмайди ҳам — у илонга қарши вакцина (илм) яратади!
Муллакратия муаммолар ечими учун яратган ҳар қандай "қўрқитиш ва рағбатлантириш" тизими охир-оқибат жамиятда мунофиқлик ва яширин жиноятларни кўпайтиради ("Кобра самараси"). Улар бизни "гуноҳ ишлаб чиқарувчи фермаларга" айлантирмоқчи. Биз эса бу ўйинга кирмай, ҳар қадамимизни фақат ва фақат СОҒЛОМ МАНТИҚ ВА ИЛМ орқали босишимиз керак!
28.05.2026
https://t.me/iqro114
Sho.95
Комментариев нет:
Отправить комментарий