Қабристонлардан йиғилган «Дин» ва Мутант Уммат
1818 йилда Мэри Шелли ўзининг машҳур "Франкенштейн" романини ёзади. Унда телба олим қабристонларни кезиб, турли мурдаларнинг чириган тана аъзоларини йиғади, уларни бир-бирига тикади ва электр токи бериб, сунъий Махлуқ яратади.
Ислом тарихида муллакратия ва сарой уламолари айнан шундай "илмий-илоҳий" жиноятни амалга оширишди. Улар Қуръоннинг яхлит, соф, тирик ва мантиқий организмини четга суриб, унинг ўрнига турли эски маданиятларнинг қабристонларидан йиғилган «Франкенштейн Шариати»ни ясашди...
Деталлар қаердан олинди?
Форслардан — «Илоҳийлаштирилган Султон» концепциясини олишди. Подшоҳга қулдек итоат қилиш ва мутлақ монархия ақидаси Исломга шу йўл билан кирди.
Христиан роҳибларидан — «Таркидунёчилик» (Зуҳд), танани қийнаш ва ҳаётдан воз кечиш фалсафасини кесиб олишди.
Яҳудий анъаналаридан (Исроилийёт) — Жоҳилона жазо турлари (масалан, Қуръонда умуман йўқ бўлган Тошбўрон – Ражм), ўта деталлаштирилган юзлаб бемаъни маиший тақиқлар ва «Худонинг танланган халқимиз» деган кибр ўғирланди.
Жоҳилият Бадавийларидан — Мизогиния (аёлларни иккинчи даражали махлуқ сифатида кўриш, уларни овозсизлантириш ва уйга қамаш) маданиятини олиб киришди.
Мутантга қандай жон киритилди?
Бу бир-бирига тўғри келмайдиган чириган аъзоларни тикиш учун уларга "ип" керак эди. Бу ип – «Фалончи пистончидан эшитган экан» деган занжирли ривоятлар (Иснод) бўлди! Махлуққа жон киритиш учун эса Сарой (Султонлар ва Халифалар) ўзининг сиёсий ҳокимияти ва қиличлари билан "электр токи" берди. Чунки бу мутант-дин, Қуръоннинг инқилобий озодлигидан фарқли ўлароқ, одамларни итоаткор қўйга айлантириш учун идеал қурол эди...
Бугун кўчаларда, интернетда ёки фатволарда сизга «Асл Ислом» деб сотилаётган — бировни кофирга чиқарадиган, аёлларни қопга соладиган, илм-фанга тупурадиган ва фақат ўтмишга қараб ов-овлайдиган агрессив дин — бу Қуръоннинг дини эмас! Бу ўша минг йил олдин тикилган Махлуқдир. Ва бу Махлуқ бугунги кунда ўзини яратган Умматни еб битирмоқда. Мутантга сиғинишни бас қилинг!
«ДИНИЙ ГОМЕОПАТИЯ» Миллион марта суюлтирилган Қуръон ва «Плацебо» Уммат
Тиббиётда "Гомеопатия" деган сохта фан (псевдонаука) бор. Унинг мантиғи шундай, бир томчи ҳақиқий дорини олиб, уни бир тонна сувга аралаштиришади. Кейин ундан бир томчи олиб, яна янги бир тонна сувга қўшишади. Охирида ўша идишда дорининг битта ҳам молекуласи қолмайди, фақат тоза сув қолади. Аммо фирибгарлар уни "минг дардга даво" деб, катта пулга сотишади. Одамлар эса уни ичиб, ўзларини "тузаляпман" деб алдашади (Плацебо эффекти).
Синдикат (муллакратия) Исломнинг асл "дориси" – Қуръон билан худди шундай қилди!
Қуръоннинг ўзи – илоҳий концентрат. Ундаги фаол моддалар — ИНТЕЛЛЕКТ, АДОЛАТ, ЭРКИНЛИК ва ТАФАККУР.
Аммо Синдикат бу концентратни одамларга соф ҳолида беришдан қўрқди (чунки соф ақл билан уйғонган одамни бошқариб бўлмайди). Улар нима қилишди?
Улар Қуръонни юз минглаб тўқима ҳадислар, миллионлаб мажнунларча фатволар, минглаб жилд "сариқ чақалик" тафсирлар ва хурофотлар уммонига тўкиб, даҳшатли даражада суюлтириб юборишди!
Натижа (Касаллик симптомлари)
Бугунги анъанавий диний амалиётларда Қуръоннинг битта ҳам тирик "молекуласи" (моҳияти) қолмади. Қолгани – фақат шакл, бўш ритуаллар ва арабча сўзларни тўтиқушдек қайтариш холос.
Уммат ҳар куни беш маҳал бу "гомеопатик дорини" ичади, Қадр кечаларида миллиардлаб маротаба йиғлаб дуо қилади, асрлар давомида тасбеҳ ўгиради... Лекин касаллик (қашшоқлик, коррупция, жаҳолат, диктатура) умуман тузалмайди!
Нега бизнинг дуоларимиз коинотга етиб бормаяпти? Нега дунёда энг кўп ритуал қиладиганлар энг қолоқ миллатлардир?
Чунки улар қабул қилаётган нарсаси шифобахш ДОРИ эмас, балки Синдикат яратиб берган «Муқаддас Плацебо»дир! Одамлар адолат ўрнатиш ва билим олиш ўрнига, бўш сувни ичиб олиб, руҳий сархуштликда (эйфорияда) яшашмоқда.
Агар кимдир сизни яна қалин-қалин китоблари, «улуғ уламоларнинг гаплари» ва чек-чегарасиз ривоятлари билан босмоқчи бўлса, айтинг...
"Сизнинг бу чексиз китобларингиз ва фатволарингиз – Аллоҳнинг сўзини инкор қилиш учун ўйлаб топилган 'Диний Гомеопатия'дир. Мен сизнинг миллион марта суюлтирилган, ичида мантиқ ва адолат молекуласи қолмаган 'муқаддас сувингиз'ни ичмайман. Менга воситачилар, ва фирибгар табиблар керак эмас. Мен Илоҳий Концентратни – Қуръонни бевосита қабул қиламан!"
24.09.2026
https://t.me/iqro114
Sho.95
Комментариев нет:
Отправить комментарий