Биз инсон ДНКсини таҳлил қилаётган, сунъий интеллект ёрдамида коинотнинг янги қатламларини очаётган асрда яшаяпмиз. Аммо парадоксни қарангки, айнан шу даврда миллионлаб одамлар ўзларининг энг олий неъмати — соғлом ақл ва тафаккурини кимларгадир ижарага бериб қўйган. Келинг, догмалар тизимини соф мантиқ сканеридан ўтказамиз.
Тарихдаги энг тезкор "Суперкомпьютер" ёхуд 5 дақиқалик мўъжиза
Аввало, тарихга ҳис-туйғу билан эмас, соф математика кўзи билан қарайлик. Бизга уқтирилишича, тарихий бир шахс 16 йил мобайнида 600 000 та ҳадисни эшитган, ровийларини суриштирган ва энг саҳиҳларини саралаб китоб қилган.
Калькуляторни оламиз:)
600 000 ҳадис / 16 йил = йилига 37 500 ҳадис.
37 500 / 365 кун = кунига 102 ҳадис.
Уйқу, намоз, овқатланиш ва сафарларни чиқариб ташлаб, кунига 8 соат тўхтовсиз меҳнат қилинган деб фараз қилсак: 102 / 8 = соатига 12 та ҳадис.
Яъни, ҳар 5 дақиқада битта ҳадис!
Тасаввур қилинг.. 5 дақиқа ичида ровийни топиш, унинг хотирасини текшириш, матнни таҳлил қилиш ва қалам-сиёҳ билан қоғозга хатосиз кўчириш... Бугунги куннинг энг замонавий сунъий интеллекти ҳам бундай босимда қизиб кетади. Аммо математик ҳақиқатга шубҳа қилган инсон дарҳол "осийга" чиқарилади. Нега? Чунки бу оддий арифметика асрлар давомида қурилган "воситачилар бизнеси"нинг пойдеворини емириб ташлайди.
«Бонсай» операцияси: Улкан чинор қандай қилиб митти бўлиб қолди?
Яратувчи инсон онгига осмондаги юлдузларгача ета оладиган улкан Чинор потенциалини берган эди. Хўш, догматиклар нима қилди? Улар онг устида "Бонсай" операциясини ўтказишди.
Бонсай — бу аслида табиатда ўнлаб метр ўсадиган дарахтни митти тувакка солиб, ҳар сафар янги томир ёзганда ёки новда чиқарганда уни кесиб ташлаб, 20 сантиметрлик митти дарахтчага айлантириш санъатидир.
Динни монополия қилиб олганлар онгимизни "Тақлид ва Кўр-кўрона эргашиш" тувагига солишди. Қачонки бир ёш, соғлом мия мантиқий савол (янги новда) чиқарса, дарҳол "Буни сўраш гуноҳ! Сен тушунмайсан, олимлар билиб қўйган!" деган қайчи билан унинг фикрини кесиб ташлашди. Асрлар ўтиб, бу миялар очиқ тупроққа (илм-фан ва чексиз маълумотлар уммонига) экилса ҳам, ўсишдан қўрқадиган, савол беришдан даҳшатга тушадиган митти "Бонсай"ларга айланиб қолди.
Титаник палубасидаги "Фаррошлар"
Бугунги шаклпарастларнинг энг фожиали одати — уларнинг микро-деталларга ўралашиб, макро-ҳалокатни кўрмаслигидир.
Тасаввур қилинг: "Титаник" кемаси айсбергга урилиб, чўкишни бошлади. Пастки каюталарни сув босяпти, одамлар ваҳимада. Аммо кема палубасидаги бир гуруҳ "мутахассислар" эшикнинг мис тутқичлари етарлича ялтирамаганлиги ҳақида соатлаб баҳслашмоқда!
Бугунги жамиятда ҳам шундай..коррупция, ижтимоий адолатсизлик, экологик инқироз каби улкан "айсберглар" жамият кемасини тешиб ташлаяпти. Аммо диннинг "VIP-қўриқчилари" нима билан банд? Улар намозда қўлни киндикдан 2 сантиметр тепада ёки пастда ушлаш кераклиги, ёки соқолнинг узунлиги неча миллиметр бўлиши ҳақида қип-қизил жанжал қилмоқда! Улар Илоҳий Адолат ва Коинот қонуниятларини ўзида жамлаган муаззам Қуръонни шунчаки "ритуаллар ва маиший одатлар йўриқномаси" даражасига тушириб қўйишди.
Платон Ғоридаги Соялар: Нега маҳкумлар Қуёшдан қўрқади?
Нега инсонларга ҳақиқатни кўрсатсангиз, сизни тошбўрон қилишади? Файласуф Платоннинг машҳур "Ғор аллегорияси" бунинг энг аниқ ташхисидир.
Бир гуруҳ одамлар туғилганидан бери қоронғу ғорда, юзлари деворга қаратилган ҳолда занжирбанд қилинган. Уларнинг ортида турган манипуляторлар гулхан ёруғида турли сохта қўғирчоқларнинг соясини деворга туширади. Маҳкумлар учун борлиқ ва ҳақиқат — фақат мана шу соялардан иборат.
Бир куни маҳкумлардан бири занжирни узиб, ғордан ташқарига чиқади ва ҳақиқий Қуёшни (Соф ҳақиқатни) кўради. У хурсанд бўлиб ғорга қайтади ва бақиради: "Эй одамлар, уйғонинг! Бу соялар ёлғон, ортингиздагилар сизни алдаяпти, асл дунё ва ёруғлик ташқарида!"
Хўш, ғордагилар нима қилади? Унга раҳмат айтадими? Йўқ! Қуёш нури уларнинг қоронғуликка ўрганган кўзларини қамаштиради. Улар ҳақиқатни олиб келган одамни жиннига чиқариб, унга ташланишади ва ўзларининг "муқаддас сояларини" ҳимоя қилишади.
Яратувчи сизга берган Тавҳид ва мантиқ — бу сизни Бонсай тувагидан, чўкаётган кемадаги майдакашликдан ва қоронғу ғордаги соялардан олиб чиқувчи ягона калитдир. Илм ва Қуръон Қуёши чарақлаб турганда, кўршапалакларга эргашиб ғорда қолиш — бу Яратувчининг энг буюк неъмати бўлмиш Ақлга қилинган хиёнатдир.
Қафаснинг эшиги аслида ҳеч қачон қулфланмаган эди. Ташқарига чиқиш вақти келди!
https://telegram.me/iqro114
1.09.2026
Sho. 95
Комментариев нет:
Отправить комментарий