07.09.2026

КОНСТИТУЦИЯНИ БЕКОР ҚИЛГАН МАҲАЛЛАҚЎМ

Ҳар қандай давлатнинг Асосий Қонуни — Конституцияси бўлади. Агар бирорта маҳалла раиси ёки участкавой келиб, "Мен фалончидан эшитдим, ҳоким бундан 200 йил олдин мана бундай деган экан", деб оддий бир қоғозни кўтариб келса ва шу баҳонада Конституциянинг моддасини бекор қилмоқчи бўлса, уни нима қилишади? Устидан кулишади ёки қамаб қўйишади! Давлатда Конституциядан устун ҳужжат йўқ.

Аммо муллакратия динда айнан шу мантиқсизликни қонунлаштириб юборган!
Аллоҳ Қуръонда "Биз Китобда ҳеч бир нарсани ноқис қолдирмадик" (Анъом: 38) ва "Бу (Қуръон) ҳамма нарсани муфассал баён қилувчидир" деб Ўз Конституциясини мукаммал қилиб туширганини эълон қилган.
Лекин Синдикат нима қилади? Улар Пайғамбар вафотидан 250-300 йил ўтиб ёзиб олинган, ундан-бунга, бундан-унга ўтиб келган "ривоятларни" (ҳадисларни) олиб келади-да: "Мана бу ҳадис Қуръоннинг мана бу оятини бекор қилади (насх қилади)" дейди!
Бу — оддий инсонларнинг "эшитдим-деди" гаплари билан Яратганнинг Олий Конституциясини бекор қилишдек даҳшатли журъат ва сурбетликдир!

"Бузуқ Телефон" Ўйини ва Миллиардлик Бизнес


Ёшлигимизда "Бузуқ телефон" деган ўйин ўйнардик. Ўнта бола қаторга туриб олади. Биринчиси иккинчисининг қулоғига "Олма" деб шивирлайди. Ўнинчи болага етиб боргунча у сўз "Болта"га айланиб қолади. Бу бор-йўғи 5 дақиқада ва 10 та одам орасида юз беради!
Энди муллакратия мантиғига қаранг улар 3 аср давомида, 6-7 авлод ўликлар орқали оғиздан-оғизга ўтиб келган минглаб гапларни тўплашган ва шу "Бузуқ телефон" натижаларини Мутлақ Ҳақиқат деб эълон қилишган.
Нега уларга бу керак бўлиб қолди? Чунки Қуръон жуда ихчам, адолатли ва инсонни эркин қиладиган китобдир. Уни сотиб, ундан бизнес қилиб бўлмайди.
Одамларни қўрқувда ушлаб туриш, ҳамма нарсани ҳаром қилиш, аёлларни қул қилиш ва жамиятнинг ҳар бир қадамини назорат қилиш учун уларга Сон-саноқсиз Қоидалар керак эди. Бу қоидалар Қуръонда йўқ. Шунинг учун улар ўзларига керакли "қарорларни" чиқариш учун ривоятлар фабрикасини (ҳадисшуносликни) яратишди.

Ҳаётни "Қамоқхона Режимига" Айлантириш


Қуръон одамга кенглик беради, фақатгина асосий принципларни (адолат, поклик, ҳалоллик, ёлғон гапирмаслик) талаб қилади. У инсоннинг ақлига ва масъулиятига ишонади.
Аммо муллакратия ривоятлар орқали одамнинг ҳаётини "Қамоқхонанинг ички тартиб-қоидаларига" айлантириб юборган.
Уларнинг китобларини очсангиз: "Ҳожатхонага чап оёқда кир, сувни уч қултумдан ич, соқолингни бундай ўстир, кийимингни узунлиги мана бунча бўлсин, пиёлани ўнг қўлда ушла..." деган минглаб майда-чуйда буйруқларни кўрасиз.
Бунинг психологияси жуда содда одамларнинг миясини шундай майда, кераксиз деталлар билан банд қилиб қўйиш керакки, натижада уларнинг Иқтисодиёт, Сиёсат, Адолат ва Тараққиёт ҳақида ўйлашга умуман вақти ҳам, ресурси ҳам қолмасин! Муллакратия инсонни буюк Коинот халифасидан — кун бўйи "қайси оёғимда юрдим экан?" деб ваҳима қилиб яшайдиган невротик (асабий) хизматкорга айлантириб қўйди.

"Ривоятлар Фабрикаси"ни ёпиш


Агар навбатдаги "билимдон" келиб, Қуръонда умуман йўқ бўлган бирор чекловни ёки афсонани айтиб, "Шундай ривоят бор, бунга амал қилиш фарз" деб сизни адаштирмоқчи бўлса, унинг "бузуқ телефонини" мана бундай узиб ташланг..

Аллоҳ Ўз Китобида 'Биз бу Китобда ҳеч нарсани канда қилмадик' деб, динни мукаммал ва тўлиқ қилиб берганини эълон қилган! Сизлар эса Яратганнинг Олий Конституциясини бир четга суриб қўйиб, 300 йилдан кейин одамлар йиғиб чиққан 'эшитдим-деди' гапларидан ўзингизга янги дин ясаб олибсиз. Менинг Илоҳим унутувчи эмас! Агар бирор нарса мен учун ҳаётий муҳим бўлганида, Уни Қуръонга ёзиб қўйган бўларди. Мен сизларнинг асрлар давомида оғиздан-оғизга ўтиб келган 'Бузуқ телефон'ингизга қараб эмас, Аллоҳнинг ўзгармас, мантиқли ва эркинлик берувчи Асосий Қонунига қараб яшайман. Инсоннинг миясини майда-чуйда ривоятлар билан банди қилиб, унинг реал ҳаётдаги ҳуқуқларини ўғирлашни бас қилинг!"

01.07.2026
https://t.me/iqro114
Sho.95

Комментариев нет: