07.09.2026

«МУКАММАЛ» ДИНДАГИ «НОҚИСЛИКЛАР»

ёки Жаҳаннамдан «VIP-чипта» билан чиқишни орзу қилганлар

Келинг, бугун кўпчиликнинг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйган, лекин аслида мантиқнинг энг оддий қоидаларига ҳам тўғри келмайдиган баъзи «диний ҳақиқатлар» ҳақида очиқчасига гаплашамиз. Миядаги инерцияни бироз тўхтатиб, тафаккурни ишга соламиз.

Энг машҳур "ҳадис" аслида энг катта иллюзиями?

Бизга йиллар давомида минбарлардан туриб «Пайғамбар бизга Қуръон ва ўз Суннатини (ҳадисларни) ташлаб кетган», деб уқтириб келишади. Энди диққат қилинг, энг ишончли деб билинган 6 та ҳадис тўпламининг (Кутуби-Ситта) бирортасида ҳам «Сизларга Қуръон ва ҳадисларимни қолдиряпман» деган гап йўқ!

Абу Довуд ва Ибн Можада «Китобни қолдиряпман», Муслим ва Термизийда эса: «Китоб ва Аҳли байтимни қолдиряпман», дейилган. Энг қизиғи, «Қуръон ва ҳадис» деган жумланинг ўзи энг саҳиҳ тўпламларда мутлақо йўқ! Бу биринчи нокаут.

Аллоҳга дин ўргатаётган «билимдонлар»

Қуръонда Аллоҳ: «Бугун динингизни мукаммал қилдим» (Моида:3), «Китобда ҳеч нарсани назардан қочирмадик» (Анъом:38) деб қайта-қайта таъкидлайди.

Аммо орамизда шундай "ақллилар" борки, уларнинг хатти-ҳаракати гўёки Аллоҳга шундай деяётгандек туюлади: "Тўғри, Художон, дин мукаммал, лекин мана бу майда-чуйда ҳукмларни ёзишни унутибсан. Майли, хижолат бўлма, биз уларни 250 йилдан кейин Бухорий ва Ибн Можадан топиб, ўзимиз қўшиб оламиз!"

Сизнингча, коинотни яратган Зот Қуръонни муфассал қилишга ожизлик қилдими? Қиёматда Аллоҳ «Шу Китобни нозил қилганимиз уларга етарли эмасмиди?!» (Анкабут:51) деб сўраганда, нима деб жавоб берасиз? "Узр, Раббим, Қуръондаги ҳукмлар камлик қилди, фалончининг ривоятлари аниқроқ экан" дейсизми?

Жаҳаннамни "15 суткалик маъмурий қамоқ" деб ўйлайдиганлар

Энди энг кулгили ва айни пайтда энг фожиали эртак ҳақида: "Жаҳаннамдан чиқиш" орзуси.

Одамларда зўр бир хотиржамлик бор: "Эй, ҳечқиси йўқ, дунёда билганимни қилиб яшайвераман. У дунёда гуноҳларим учун бироз жаҳаннамда ёнаман-у, кейин Пайғамбар шафоат қилиб, мени тортиб олади. Сажда қилган пешонамдан нур чиқиб туради, шундан таниб олади!"

Қойил! Гўёки сажда қилган пешона қиёматда «штрих-код»  вазифасини бажаради-ю, фаришталар пик-пик қилиб сканердан ўтказиб, сизни жаннатга ўтказиб юборади!

Бу эртак қаердан келган биласизми?

Бу тўппа-тўғри яҳудийларнинг Талмуд китобидан (Рош Ашана бўлимидан) кўчирилган плагиатдир! Яҳудийлар "биз дўзахда бор-йўғи 12 ой ёнамиз, кейин жаннатга ўтамиз", деб ўзларини овутишган. Аллоҳ буни Қуръонда қаттиқ қоралаб: «Сизлар Аллоҳдан кафолат хати (аҳд) олганмисизлар?» (Бақара:80) деб уларнинг устидан кулган. Бизникилар эса шу яҳудийча ақийдани опкелиб, Исломга "ҳадис" қилиб ёпиштириб олишган.

Ҳақиқат эса оддий ва қаттиқ, Аллоҳ адолатлидир. Кимни жаннатга ҳукм қилса – унга берилган неъмат, кимни жаҳаннамга ҳукм қилса – тамом, ундан қайтиб чиқиш, "шафоат танишлиги" орқали ишни бости-бости қилиш йўқ!

Сигирнинг рангини қидириб сарсон бўлганлар

Бани Исроилга Аллоҳ "Бир сигир сўйинглар" деса, улар қанақа сигир, ёши неччида, ранги қанақа, килоси қанча деб, ўта саводли кўринмоқчи бўлиб, динни ўзларига дўзах қилиб юборишган эди. Биз ҳам худди шу хатони такрорлаяпмиз. Аллоҳнинг дини – Қуръон жуда осон, аниқ ва равшан. Биз эса уни жилд-жилд фиқҳий китоблар, ихтилофлар ва минглаб мантиқсиз ривоятлар билан лойқалатиб ташладик.

Ота-боболар шундай қилган-ку, дейишдан олдин ўйлаб кўринг, Қиёматда сиздан на мазҳаб, на тариқат ва на қайсидир ровийнинг сўзи сўралади. Ҳисоб-китоб фақат ва фақат Қуръондан бўлади. Аллоҳга дин ўргатишни бас қилиб, Унинг Ўзи нозил қилган ягона Китобига қайтадиган вақт келмадими?

31.08.2026
https://telegram.me/iqro114
Sho.95

Комментариев нет: