19.08.2026

МИЯ ҚОНУНИЙ БЎЛГАН ДАВРНИНГ - "ОЛТИН АСР"НИНГ - АСЛ СИРИ

VIII-XII асрларда Ислом олами дунёнинг сўзсиз интеллектуал гегемони эди. Нега? Чунки у пайтда Қуръоннинг "Тафаккур қил, далил келтир!" деган буйруғи ишлаб турган эди. У даврдаги олимлар юнон файласуфларининг ёзганларига "кўр-кўрона" эргашмади, балки уларни шубҳа остига олди, тажрибадан ўтказди ва хатоларини тўғирлади.

Ибн ал-Ҳайсам "Олимнинг вазифаси — ҳар қандай матнга шубҳа билан қараш ва унинг хатосини топишдир" деган эди. Яъни, танқидий фикрлаш Ислом умматининг асосий мотори эди. Лекин бу эркинлик муллаларнинг ҳокимиятига рахна сола бошлади. Одамлар табиатни, коинотни ўрганган сари, дин номидан гапирувчи чаламуллаларга муҳтож бўлмай қолаётган эди. Шунда Муллакратия ўз империясини сақлаб қолиш учун тарихдаги энг мудҳиш тормозни босди.

Муллакратиянинг тарихий жиноятлари (Фактология)

Муллалар илм-фанни қандай ўлдирди? 

Улар буни аста-секинлик билан, дин ниқоби остида амалга оширишди

"Ижтиҳод эшикларининг ёпилиши" (Ақлнинг қамоққа олиниши)

XII-XIII асрларга келиб, муллалар "Ижтиҳод (изланиш, янги фикр ишлаб чиқиш) эшиклари ёпилди" деган мудҳиш қонунни ўйлаб топди. Улар "Олдингилар ҳамма нарсани ўйлаб бўлган, энди бизнинг вазифамиз фақат уларга ТАҚЛИД қилиш (кўр-кўрона эргашиш)" деб фатво беришди. Шу билан Ислом оламида яратувчанлик ўлди ва ёдлаш, қайтариш (копи-паст) даври бошланди.

Сабабият қонунининг инкор қилиниши

Муллакратия ичидаги радикал оқимлар (айниқса калом илмида) физика қонунларини инкор қила бошлади. Уларнинг уқтиришича "Олов пахтани куйдирмайди, бу физик қонуният эмас. Худо хоҳласа куяди, хоҳламаса йўқ" дейишди.

Агар табиатда ҳеч қандай қонуният бўлмаса, сабаб ва оқибат бўлмаса, физикани, химияни ёки тиббиётни ўрганишнинг нима кераги бор? Мияга қуйилган мана шу битта вирус — мусулмон дунёсида илмий тадқиқотларни таг-туги билан йўқ қилди.

Матбаа (Босмахона)га қўйилган 300 йиллик ТАҚИҚ

Европада Гутенберг босмахонани ихтиро қилиб, илм-фан китобларини миллионлаб нусхада тарқатаётган бир пайтда (Уйғониш даври), Ислом оламида нима бўлди?

1485 йилда Усмонлилар империясида муллакратия (уламолар ва хаттотлар) Султон Боязид II га босим ўтказиб, Араб ҳарфларида китоб чоп этишни қатъиян ман қилувчи фатво чиқартирди! Уларнинг баҳонаси "Муқаддас ҳарфлар машинада босилса, дин бузилади" эди. Аслида эса улар маълумот устидан монополияни йўқотишдан қўрқишган. Бу тақиқ қарийб 300 йил давом этди! Европа 300 йил давомида илм-фанда космосга қараб учди, Ислом олами эса қоронғуликда қўлёзма кўчириб ўтирди.

Тақиюддин Обсерваториясининг вайрон қилиниши

1577 йилда Истанбулда ўша даврнинг дунёдаги энг зўр обсерваторияси қурилди. Тақиюддин исмли буюк астроном сайёраларни кузата бошлади. Лекин 1580 йилда муллалар раҳбари (Шайхулислом) Султон Мурод III га хат ёзади "Осмон сирларига кўз тикиш бахтсизлик келтиради, бу обсерватория вабо тарқалишига сабаб бўляпти!"

Натижа нима бўлди? Коинотни ўрганишга буюрган Қуръон қолиб кетди ва денгиз флотидан тўплар билан отиб, бутун бошли обсерватория ер билан яксон қилинди!

***

Агар бугун кимдир ўтмишдаги олимлар билан мақтаниб, лекин ҳозирги кунда "ақлни ишлатма, фатволарга эргаш" деб сизни бўғмоқчи бўлса, шу тарихий фактологияни ишга солинг...

"Сиз бугун Ибн Сино, Беруний ва Ал-Хоразмийлар билан кўкрак керяпсиз, лекин агар шу олимлар бугунги кунда яшаганида, сизнинг муллакратиянгиз уларни 'дин бузар, файласуф, кофир' деб эълон қилиб, тошбўрон қилган бўларди! Ислом олами мағлуб бўлишига ташқи душманлар эмас, айнан сизнинг 'Ижтиҳод эшикларини ёпиш' ва 'Кўр-кўрона эргашиш (Тақлид)' деган фатволарингиз сабабчи бўлган! Қуръон коинотни ўрганишга буюрса, сизнинг муллаларингиз Истанбулдаги обсерваторияни тўпга тутиб вайрон қилган. Европа босмахона орқали илм тарқатганда, сизнинг муллакратиянгиз 300 йил давомида босмахонани ҳаром қилиб, умматни жаҳолатда сақлаган. Бугунги қолоқлигимиз — Исломнинг эмас, балки мияни 'контрабанда'га айлантириб, ўйлашни тақиқлаб қўйган Муллакратиянинг мевасидир! Биз ё Қуръонга қайтиб ақлимизни ёқамиз, ёки сизнинг фатволарингиз ичида ўралашиб, тарих ахлатхонасида қолиб кетамиз!"


15.07.2026
Sho.95

Комментариев нет: