19.08.2026

ШИРКНИНГ "МАЙМУНЛАШТИРИЛИШИ"

Тошлардан келган сохта хотиржамлик

Бугун оддий одамдан "Ширк нима?" деб сўрасанг, "Қуёшга, оловга ёки ҳайкалларга сиғиниш", деб жавоб беради. Бу — Муллакратиянинг энг гениал ва энг маккор найрангидир!

Нега? Чунки муллакратия Ширкни (Аллоҳга шерик келтиришни) фақат физик ва примитив ҳолатга (тош ва ёғочга сиғинишга) тушириб қўйди. Бу орқали улар бутун бошли 2 миллиардлик Умматга сохта хотиржамлик уколини санчишди "Биз ҳайкалларга сажда қилмаяпмиз, демак биз ширкдан поклимиз, биз муваҳҳидмиз (ягона Худога эътиқод қилувчимиз)!"

Аммо Қуръондаги Ширк бу тошга эгилишгина эмас! Ширк — бу Эпистемологик (интеллектуал) жиноят. Ширк — бу мутлақ итоат, қонун чиқариш, ҳалол-ҳаромни белгилаш ва фикрлаш ҳуқуқини Аллоҳдан олиб, бирор бир Махлуққа (яратилган нарсага ёки шахсга) топшириб қўйишдир. Тошлар ҳеч қачон қонун чиқармайди. Тошлар фатво бермайди. Тоглар такфир этмайди.Асл Ширк бошқа жойда яширинган эди...

"Био-Бутлар" ва Авторитетлар Фермаси Гўштдан ясалган санамлар

Синдикат(рухонийлар кастаси) тушуниб етдики, Макка мушрикларининг бутлари (Лот, Уззо, Манот) жуда самарасиз эди. Улар гапира олмасди, китоб ёза олмасди, одамларнинг миясини бошқара олмасди.

Шунинг учун муллакратия бутпарастлик технологиясини янгилади ва "Био-Бутлар"ни (Тирик ва Тарихий Идолларни) яратди! Булар кимлар? Булар — ҳар қандай гапи, ёзган китоби ва фатвоси Қуръондан ҳам юқори қўйиладиган, танқид қилиш мумкин бўлмаган "дахлсиз" уламолар, шайхлар ва мазҳаббошилардир.

Қандай қилиб улар бутга айланди?

Агар Қуръонда бир ҳукм турса ва қайсидир Х асрда яшаган олимнинг гапи унга тескари бўлса, Синдикат "Олимнинг гапи олинади, чунки у Қуръонни сендан кўра яхшироқ тушунган", дейди.

Бу нима дегани? Бу — Худонинг сўзи устидан инсоннинг сўзини "ВЕТО" қилиш ҳуқуқига эга бўлиш дегани. Худонинг ваколатини инсонга бериш — мана шу Реал Ширкнинг ўзгинасидир! Улар одамларни тошга эмас, балки бошқа одамларнинг миясига, тафаккурига ва китобларига сажда қилишга мажбур қилишди.

"Дин Божхонаси" (Воситачилик фириби)

Қуръонда Аллоҳ айтади: "Биз инсонга жон томиридан ҳам яқинроқмиз" (Қоф, 16). Яъни, Худо билан банда ўртасида ҳеч қандай воситачи, котиб ёки таржимон йўқ.

Аммо муллакратия одамлар билан Худо ўртасига "Дин Божхонаси"ни қуриб олди. Улар айтади: "Сен ўзинг Қуръонни тушуна олмайсан, сен омисан, Худонинг гапини англаш учун сенга БИЗ (уламолар, шайхлар, тафсирчилар) керакмиз!"

Энг қизиғи нимада биласизми? Макка мушриклари ўзларининг бутлари ҳақида Қуръонда (Зумар, 3-оят) ХУДДИ ШУ ГАПНИ айтган эди: "Биз уларга (бутларга) фақат бизни Аллоҳга яқинлаштиришлари учунгина ибодат қиламиз".

Кўрдингизми? Мушриклар ҳам ўзларининг бутларини Худо демаган, уларни шунчаки "Худога яқинлаштирувчи ВОСИТАЧИЛАР" деб билган. Бугунги Синдикатнинг яратган тирик бутлари ҳам айнан мана шу воситачилик ролини ўйнамоқда. Авторитетлар — бу замонавий диний монополиянинг "божхоначилари"дир!

***

Агар кимдир сизни "фалончи олимнинг гапини қилмадинг", "сен ўзинг Қуръонни тушунмайсан, олимларга эргаш" деб мажбурласа ёки танқидий фикрингиз учун "адашган"га чиқарса, мана бундай жавоб  билан уларнинг қуллик занжирини узиб ташланг...

Сиз Иброҳим пайғамбар синдирган бутлар фақатгина тош ва ёғочдан иборат бўлган деб ўйлайсизми? Сиз адашасиз. Сизнинг Синдикатингиз Ширкни 'тошга сиғиниш' даражасига тушириб, сизни сохта хотиржамликка солди. Сиз бугун тошдан ясалган бутларни синдирдингиз, лекин гўштдан, китоблардан ва авторитетлардан ясалган 'Тирик бутлар'га қуллик қиляпсиз!

Сиз Аллоҳнинг китобини ва ақлингизни бир чеккага суриб қўйиб, Худо билан ўртангизга 'воситачилар'ни тиқиб олдингиз. Сизга Худонинг сўзидан кўра, ўша сўзни шарҳлаган тарихий шахсларнинг сўзи муқаддасроқ. Сиз уларни хато қилмайдиган, сўзини муҳокама қилиб бўлмайдиган Идолларга айлантириб олдингиз. Ахир Макка мушриклари ҳам: 'Биз бутларга фақат Худога яқинлаштириши учун эргашамиз', демаганмиди? Сизнинг шайхларингиз ва мутлақ авторитетларингиз ўша воситачи бутларнинг замонавий шаклидир!

Ман Худо билан гаплашиш, Унинг Китобини англаш ва ҳаётимда адолат ўрнатиш учун ҳеч қандай 'Диний Божхона'га ва таржимонларга муҳтож эмасман. Худо менга Ақл берди ва Китобини юборди. Ман ҳеч қандай тарихий шахсга ёки тирик авторитетга тафаккуримни топшириб қўймайман. Сиз эса, марҳамат, ўзингиз яратиб олган 'Авторитетлар фермаси'да, инсонларга қул бўлиб яшашда давом этаверинг. Аммо буни Тавҳид деб атаманг, бу — Интеллектуал Ширкдир!


29.07.2026
Sho.95

Комментариев нет: