19.08.2026

"БЕШ МАЙМУН" ТАЖРИБАСИ

(Ёки "Ота-боболаримиз шундай қилган" синдроми)

Илм-фандаги энг машҳур ва даҳшатли тажрибалардан бири..

Олимлар қафасга 5 та маймунни қамашади. Ўртада нарвон, тепасида эса банан бор. Бир маймун бананни олиш учун чиққанда, олимлар барча маймунларнинг устидан муздек сув қуйишади. Кейин бошқаси чиқади, яна ҳаммасига муздек сув қуйилади. Охир-оқибат, бирорта маймун нарвонга чиқмоқчи бўлса, қолган 4 таси уни ушлаб дўппослайдиган бўлади.

Энди энг қизиқ жойи... Олимлар муздек сув қуйишни тўхтатади ва битта эски маймунни олиб, ўрнига ЯНГИ маймун киритади. Янги маймун бананни кўриб нарвонга тирмашади, қолган 4 таси эса уни ушлаб савалайди. Янги маймун нега калтак еганини тушунмайди. Шу тариқа, эски маймунлар бирин-кетин янгиларига алмаштирилади.

Охирида қафасда бирор марта муздек сувда чўмилмаган 5 та ЯНГИ маймун қолади. Аммо бирортаси нарвонга чиқмоқчи бўлса, қолганлари уни дўппослашда давом этаверади. Агар улардан "Нега бундай қиляпсизлар?" деб сўраш имкони бўлганда, улар "Билмаймиз, бу ерда ота-боболаримиздан шундай қоида қолган", деб жавоб берган бўларди!

Синдикат(муллакратия) жинояти..

Бугунги Умматнинг ҳолати — айнан мана шу қафас! Қуръон (банан) тепада турибди. Кимдир Қуръонни ўзи ўқиб, тафаккур қилиб (нарвонга чиқиб), Ҳақни англамоқчи бўлса, бутун оломон уни талаб ташлайди "Сен ким бўлибсан Қуръондан ҳукм оладиган?! Олимларимиз, мазҳаббошиларимиз ёзиб кетган-ку!"

Бу оломон нега бундай қилаётганини, ҳадислар қаердан келганини, мазҳаблар қандай яратилганини ўзи ҳам билмайди. Улар шунчаки Синдикат томонидан яратилган "Ота-боболаримиздан шуни кўрдик" (Бақара:170) деган кўр-кўрона дўппослаш аппаратига айланиб қолган.

"Прокруст Ётоғи" Феномени (Қуръонни мазҳабга сиғдириш қийноғи)

Қадимги Юнон мифологиясида Прокруст деган қароқчи бўлган. У йўловчиларни тутиб олиб, ўзининг махсус темир каравотига ётқизарди. Агар одамнинг бўйи каравотдан узун бўлса, Прокруст унинг оёқларини болта билан чопиб ташларди. Агар одамнинг бўйи каравотдан қисқа бўлса, унинг суякларини то каравотга мос келгунича тортиб, узиб чўзарди. Унинг мақсади — ҳаммани ўзининг чекланган каравотига (қолипига) мослаш эди.

Синдикат жинояти..

Ислом тарихидаги Синдикат (уламолар ва мазҳаблар) айнан шу Прокрустнинг ишини қилди!

Қуръон — бу чексиз, универсал, бутун инсоният ва коинот учун туширилган илоҳий Уммон. Аммо Синдикат ўзининг кичкина, тор ва маҳаллий қоидаларидан иборат "Мазҳаб ва Ҳадис каравоти"ни яратди.

Ва улар Қуръонни шу каравотга ётқизишди:

Агар Қуръоннинг бирор ояти уларнинг каравотига сиғмаса (яъни мазҳаб қоидаларидан кенгроқ бўлса), улар "Насх-мансух" (оят бекор қилинган) деб, Қуръоннинг оёғини чопиб ташлашди!

Агар уларнинг мазҳабида бирор ҳукм бўлса-ю, Қуръонда бу нарса умуман бўлмаса (масалан, тошбўрон қилиш, муртадни ўлдириш), улар ёлғон ҳадислар билан динни сунъий равишда чўзиб, ўз каравотларига мослаштиришди.

Синдикат Илоҳий Китобни ўзларининг лойдан ясалган каравотига мослаш учун уни кесди, тўғради ва парчалади (Рум:32)!

"Интеллектуал Инбридинг" (Генетик мутация ва ақлий деградация)

Биологияда "Инбридинг" (Қондош чатишиш) деган тушунча бор. Масалан, Европанинг қироллик оилалари (Габсбурглар сулоласи) "қонимиз тоза сақлансин" деб, асрлар давомида фақат ўз қариндошларига (ака-сингил, амакиваччаларга) уйланишган. Натижа нима бўлди? Генетик хилма-хиллик йўқолгани учун, уларнинг авлодларида даҳшатли мутациялар, хунуклик, ақлий заифлик ва қон касалликлари (гемофилия) кўпайиб кетди. Соғлом авлод учун ташқаридан янги қон, янги ДНК керак эди.

Синдикат жинояти...

Синдикат X асрда "Ижтиҳод эшикларини ёпиб", фалсафа, мантиқ ва табиий фанларни "ҳаром" деб эълон қилди. Улар мусулмонларнинг миясини ташқи дунёдан, янги илмлардан узиб қўйишди.

Минг йил давомида мусулмон олимлари фақатгина бир-бирининг китобига шарҳ ёзди, шарҳнинг шарҳига ҳошия ёзди. Улар фақат ўзларининг эски "қариндош" матнлари билан "чатишди".

Бу даҳшатли Интеллектуал Инбридинг (ақлий мутация) эди! Ва бу мутациянинг оқибатида бугунги кундаги абсурд, хунук ва ақл бовар қилмас фатволар туғилди. Туянинг сийдигини ичишга чақириш, "Ер айланмайди" дейиш, Қуръонни қўйиб соқолу-иштоннинг узунлиги устида қон тўкиш — буларнинг барчаси соғлом тафаккурнинг эмас, балки минг йил давомида битта ёпиқ қозонда қайнайверган "Интеллектуал мутантлар"нинг маҳсулидир! Ташқи илм-фандан, объектив ҳақиқатлардан узилган мия албатта касал бўлади ва касал дин яратади.

***

Кимдир сизни ўзининг "мазҳабига" ёки "анъанавий домлаларига" тортмоқчи бўлса, унга шундай жавоб беринг..

"Дўстим, мени ўзингизнинг 'Беш маймунингиз' яшайдиган қафасга тортманг. Қуръонга, яъни Ҳаққа талпинган одамни 'ота-боболаримиз бундай қилмаган' деб дўппослаш — бу дин эмас, бу кўр-кўрона инстинктдир.

Сизнинг Синдикатингиз минг йил олдин 'Прокруст ётоғи'ни ясаб олган. Сизлар Аллоҳнинг чексиз ҳикматли Қуръонини ўша ўзингиз яратган тор мазҳаб каравотига ётқизиб, сиғмаган оятларини 'бу насх бўлган (ўчирилган)' деб кесиб ташладингиз, етмаган жойини эса минглаб уйдирма ҳадислар билан чўзиб, Илоҳий динни мажруҳ қилдингиз.

Сиз даъват қилаётган диний тафаккур — бу 'Интеллектуал Инбридинг' (Ақлий мутация) маҳсулидир. Ижтиҳод ва ақлни буғиб, минг йил давомида фақат ўтмишдаги 3-4 та олимнинг китобини қайта-қайта кавш қайтаравериб, бугунги кундаги туя сийдиги билан даволанадиган, Ернинг айланишини инкор қиладиган абсурд динни яратиб олдингиз.

Менинг Раббим — коинотларни яратган, тинмай изланишга, осмонлар ва ернинг яратилиши устида тафаккур қилишга чақирган Аллоҳдир. Сизнинг эски, занглаган темир каравотингизда менга жой йўқ. Мен динни мутантлашган ривоятлардан эмас, тоза ва тиниқ Ҳақиқат манбаи — Қуръон ва соғлом Ақлдан оламан!"

30.07.2026
Sho.95

Комментариев нет: