Камбағалдан олиб, бойга бериш
Қуръонда Худо эҳсон ва садақа кимга берилишини жуда очиқ айтиб қўйган Етимга, мискинга (камбағалга), йўлда қолганга ва қийналган қарздорга (Тавба: 60). Яъни, ёрдам сувга ўхшайди — у юқоридан пастга, бойдан камбағалга қараб оқиши керак. Худди дарахтнинг қуриган томирига сув қуйилганидек.
Лекин муллакратия нима қилади? Улар сувни тескарисига — пастдан тепага оқизишади!
Эътибор беринг, бугун одамлар пешона тери билан топган охирги чақасини кимга обориб беради? Ўзидан кўра анча бойроқ бўлган, тагида зўр машинаси бор, уйи қасрдек баъзи "имом"ларнинг олдига! Бечора камбағал одам "худойи қиляпман" деб, қарзга ботиб бўлса ҳам, гўшт олиб, ўзидан ҳам яхшироқ яшайдиганларни чақириб, зиёфат беради. Бу Қуръондаги эҳсон эмас — бу аввалги замонлардаги хонларнинг "Мажбурий Ўлпони" (солиғи)нинг айни ўзидир! Муллакратия эҳсонни камбағални қутқарадиган нарсадан, бойларни янада бойитадиган тегирмонга айлантириб олди.
Оч қолган қоринлар ва "Муллалаштирилган" ғиштлар
Аллоҳ Қуръонда шундай дейди: "Сен динни ёлғонга чиқарганни кўрдингми? У етимни ҳайдайдиган ва мискинларни таомлантиришга тарғиб қилмайдиган кимсадир" (Моъун сураси).
Лекин бугунги манзарага қаранг Маҳаллада етимнинг томи чакка ўтяпти, бева аёлнинг ўтин-кўмири йўқ, касал қўшнининг дорига пули йўқ. Лекин одамлар уларни кўрмайди. Нимани кўради? Масжиднинг минорасини янада узунроқ қилиш учун, деворига ялтироқ мармар ёпиштириш учун миллионлаб пул йиғишади! Муллакратия халқни шундай алдадики, одамлар тирик инсонни қутқариб қолишдан кўра, совуқ тошга ва ғиштга пул сарфлашни каттароқ савоб деб ўйлайдиган бўлиб қолди. Худо одамларнинг ялтироқ биноларига эмас, бир-бирига қилган меҳрига қарайди! Лекин муллакратияга меҳр эмас, башанг "иш жойи" керак эди.
Худо билан Банда ўртасидаги "Тегирмончилар"
Бурунги замонларда деҳқон буғдойини тегирмонга олиб борса, тегирмончи "хизмат ҳаққи" деб бир ҳовуч унни ўз халтасига олиб қолар экан.
Муллакратия ўзини худди мана шу Тегирмончидек тутади. Уларнинг мантиғи бўйича агар сиз етимга ёки қўшнингизга тўғридан-тўғри бир қоп ун ёки пул берсангиз, савоби "чала" бўлиб қоларкан. Уни Худо қабул қилиши учун, албатта дастурхон ёзиб, ўша тегирмончиларни тўрга ўтқазиб, улар узундан-узоқ дуо қилиб, кейин қўлига тугунча ёки пул тутқазсангизгина... кейин Худо қабул қилармиш!
Бу ғирт ёлғон! Аллоҳ бандасининг яширинча қилган эҳсонини Ўзи кўриб туради, қабул қилиши учун ўртада ҳеч қандай "тегирмончи"нинг муҳри шарт эмас! Улар бу ҳақиқатни яширишади, чунки одамлар буни билиб қолса, уларнинг тегирмони тўхтаб, халтаси бўш қолади.
***
Агар қайсидир маъракада бирортаси чиқиб олиб, "фалончи қорига пул қистирсанг ёки масжидга фалон сўм берсанг ишинг юришади, савоб бўлади" деб, атрофдаги оч-наҳор қўшниларни эсдан чиқариб қўяётган бўлса, шундай денг..
Худо эҳсонни бойнинг қорнини қаппайтириш учун эмас, бева-бечоранинг кўз ёшини артиш учун буюрган эди! Сизлар эса эҳсонни пастдаги камбағалга эмас, тепадаги бойларга қараб оқадиган тескари дарёга айлантириб олдингиз. Маҳаллада етимнинг боласи совуқдан дийдираб ётганда, девори мармардан бўлган жойга миллионлаб пул йиғишдан Худо рози бўлмайди! Аллоҳ биздан совуқ тошларни ялтиратишни эмас, тирик одамнинг юрагини иситишни сўраган. Мен пешона терим билан топган пулимни Худога етказиш учун ўртадаги 'Тегирмончи'ларга бермайман. Ўз қўлим билан қўшнимнинг қора қозонини қайнатиб қўяман, Худо менинг ниятимни сизнинг дуоингизсиз ҳам жуда яхши эшитади. Динни ўзингизнинг бозорингизга айлантиришни бас қилинг!"
06.07.2026
Sho.95
Комментариев нет:
Отправить комментарий