04.05.2019

Аниқ билмаган нарсангга эргашма

«Ўзинг аниқ билмаган нарса ортига тушма, зеро эшитган, кўрган ва ўйлаганинг барчаси ундан масъул бўлинажак». (Исро:36)
«Бу Муборак Китобки, унинг оятлари устида тафаккур қилсинлар ва ақл эгалари эслатма-ибрат олсинлар дея сенга нозил қилганмиз». (Сод:29)

Қуръон бу Аллоҳнинг китоби эканини англай олувчилар фақат ақл эгаларидир. Аллоҳ таоло ақл юритишни, тўғри йўлга элтувчи энг муҳим амаллардан бири сифатида тақдим этади. Қуръон амрига кўра, бирор мавзуда аниқ маълумотга эга бўлмай туриб, асло унинг ортига тушилмайди.


Аждодлардан қолган бирор эътиқодни, фақатгина аждодлардан қолгани учун қабул ва мудофаа этмоқ, ушбу оятга хилоф ва зиддир. Қуръонга кўра, ҳар бир имон эгаси ақл юритиши шарт, фақат шундан сўнггина Аллоҳнинг китобини ўзига йўлбошчи қабул эта олади, бу ҳам фақат ақл юритиш фаолиятининг табиий бир натижаси бўлади.

Қуръоннинг биздан талаби, аждодларнинг йўлига кўр-кўрона эргашувчи подалар бўлишимиз эмас, аксинча, дунё ва охират мавзусида ҳар бир иддаони савол ва текширувдан ўтказиш, бунинг учун эса Аллоҳнинг юборгани Китобига, сўнгра эса ақлга таянишдир.

Шунга қарамасдан, ривоят ва мазҳабчи дин пешволари ўз йўлларига чақираркан, ақл ва имон ўзаро зид дея ўта заиф ва тутуруқсиз иддаога таянади. Бунинг сири аён, акс ҳолда ақлга зид минглаб уйдурма ривоят ва нақлларни дин дея сотиб бўлармиди? Албатта, ақлнинг иброҳимий саволларига бирорта сохта дин дош беролмайди (қаранг: «Иброҳимнинг саволлари» номли мақола). Бугун оммаларнинг келтирилган аҳволи шуки, ё ақлни рад этишни жаннатга йўл деб юраверади, ёхуд ақлини ишлатиб кўриб, мавжуд динлар борасида шубҳалар ботқоғига қолади.

Бизнинг ёзганларимиздан кўзланган асосий мақсад, оммаларга танлов юқоридаги икки боши берк кўча билан чекланмагани, дин дея пуллаб келинган мазҳаб ва тариқатлар ҳеч қачон Аллоҳнинг дини бўлмагани, ҳақиқий дин ёлғиз ва ёлғиз Қуръоннинг икки муқоваси орасида экани ва ундаги дин асло ақлга зид келмаслигини англатишдир.

Қуръон бизга, Аллоҳнинг борлигига ишора қилувчи далилларни фақат ақл ишлатиш орқали топиш мумкинлигини айтади. Фақат ақл ишлатишни биргина Аллоҳнинг борлигини англаш билан чекламайди Қуръон. Аллоҳнинг борлигини англаш, унинг яратган ва индирган оятларини тўғри қамраш ва ҳаётга тўғри татбиқ этиш ҳам фақат ақл соҳиблари учун мумкин эканини маълум қилади.

Комментариев нет: