04.05.2019

Дин пешвосими, дин тужжорими?

«Эй имон келтирганлар! Яҳудий ва насоро дин пешволарининг кўпчилиги халқ молини ботил йўллар билан ейди, ва Аллоҳнинг йўлидан тўсади». (Тавба:34)

Оят бизга дин пешволигининг энг улкан сирини фош этмоқда, дин пешволари дин тужжорларига айланади, диндан мақсадлари фақат даромад орттириш бўлиб қолади; ва халқни тўғри йўлдан оздирувчиларнинг бошида, мана шу “дин пешволари” келади. Пайғамбаримиз ҳам бунақа соҳтакор дин пешволаридан кўп озор ва азият чекканлар. Бироқ сохтакор дин пешволари билан бирга уларга эргашган тобеълар ҳам бирдек айбдор. Зеро, агар Қуръонни ўқиб кўришганида оддий бир ҳақиқатни кўрган бўлишарди: Қуръонда ишонишга ва эргашишга буюрилган, диний масалаларда унга мурожаат этиш мумкин бўлган ягона «расулун амин» шахс бу — Муҳаммад Расулуллоҳдир. У кишидан бошқа ҳар ким, хоҳ унинг замонида, хоҳ кейинги асрларда яшаган бўлсин, ҳеч кимга бундай ишониш ё эргашиш буюрилмаган.


Аммо бугунгача бу уммат орасида Муҳаммад а.с. дан бошқа қанча-қанча азиз, авлиё, пиру-шайх ва б. муқаддас зотлар пайдо қилинди, “жаннатий” эълон қилинди! Бу зотлар Аллоҳнинг суйган қуллари, энг етук авлиё ва энг тақводор зотлар дейилди, уларнинг оғзидан чиққан (ёки чиқарилган) ҳар калима худди ваҳй каби қабул кўрилди. Ваҳоланки, асл тақводор киму, ҳақиқий диндор ким, ёлғиз Аллоҳга аён экани, одамларнинг гап-сўзлари эса шунчаки гумон экани ҳам Қуръонда очиқ айтиб қўйилган эди! Агар Қуръонни ўқиб кўрганларида, шу оддий ва одил ҳақиқатни кўрган бўлишардики, Аллоҳга имони ва ихлоси бўлиб, солиҳ амал қилган ҳар эркак ё аёл, Аллоҳга яқин банда, Унинг суйган қули бўлиши мумкин.

Фалон имомни, фалон пирни ё шайхни маънавий устун деган исботсиз ва асоссиз иддаоларга ишонманг. Маънавият оламида ким кимдан устун эканини Аллоҳдан бошқа ким ҳам биларди? Ёки Аллоҳдан ваҳй келиб, авлиёлар рўйхатини қўлга киритган кимдир борми?

Қуръонда келган динга ризо ва қаноат қилмагач, ҳар мурид ўз шайхини учиришни бошлайди, “энг диндор ва энг тақводор” санашга ўтади. Тарих бўйича айнан шундай бўлиб келган. Ҳар ким ўз мазҳабини мутлақ ҳақиқат қилишга уриниб келган, масалан, Ҳанафий мазҳаб фанатиклари тап тортмай «Абу Ҳанифа тушида Аллоҳни юз марта кўрган», каби ёлғонлар урчиган.

Пайғамбар мўъжизалари дейилган фантастик ривоятниям ярим йўлда қолдириб кетувчи мўъжизалар уйдирилди мазҳаб пешволари ҳақда, гўёки бу мўъжизалар уларнинг “ҳақиқий диндор” ва “ортидан эргашиш шарт одам” эканини исботлагудек. Авом халқ ҳам шу билан “Буни қара-я, не буюк зот: тушида Аллоҳни кўрганмиш… Фалончи эса ўлган товуқни тирилтирганмиш… Сен эса ожизу-нотавон бир махлуқ, сен фақат шу улуғ зотларга эргаш. Нафсоний бўлма. Аллоҳнинг суйган қуллари булар, етишган муршидлар булар, уларга эргашмасанг, дунёю-охиратда қутулиш йўқ…” дея ухлатиб келинди. Ҳолбуки, бу қулларнинг ўзлари «менга эргашмасанг, охиратда қутулолмайсан» деганми-йўқми номаълум. Мабодо бундай иддаони қилган бўлса, бу уларнинг ҳеч қандай етишган муршид эмас, балки ғирт адашган мушрик эканини кўрсатади. Динни, энг аввало, мана шунақа дин тужжорларидан, Аллоҳ номини ишлатиб халқни алдагувчи каззоблардан қутқариш лозим бўлмоқда.

Булар динга, динсизлардан-да каттароқ зарар бериб келмоқда. Динсизларнинг зарари кўпроқ ўз-ўзларига бўлади, булар эса диний билимлари чекланган, фақат урф-одатларнинг асири бўлиб қолган авом халқни чўпчаклар билан баттар авраб-алдаб, дин дея қоронғу зимистонларнинг, ичидан чиқиб бўлмас чалкашлар билан тўла ҳаёт моделининг ичига отмоқда.

Бундан ташқари, дин устидаги монополия ўз қўлимда деб санагани учунми, ўзидан бошқани “Сен ким бўпсан, дин ҳақида гапирадиган?!” дея овозини ўчиришга ва бир ўзимни тингланглар деб чиранади. Бу дин тужжорларининг кўпчилиги, ўзларини танқид қилган мусулмонларга ашаддий душман бўлишади. Чунку бу танқидлар, уларнинг бу динни ўйинчоққа, тижорий матоҳга айлантириб олганини фош қилади. Шунинг учун, бу кетишда дин устидаги монополия қўлдан кетишини билишади, шунинг учун бу танқидчиларга қарши душманлик энг ашаддий тус олади, ҳатто унинг ёнида динсизларга бўлган адоват ва хусумат беозор аразга айланади.

Қуръоннинг кўплаб оятида динни тамсил этувчи дин пешволари энг оғир танқид остига олинади. Динга ва итоатга энг кўп буюрган Қуръон, дин пешволарини энг кўп қоралаган ва уларга итоат қилмасликка буюрган илоҳий китобдир. Буни тадаббур этувчи, бундан ибрат олувчи борми?

Комментариев нет: