04.05.2019

Қуръон билан орамизга тикилган деворлар

Қуръон оятлари, диндан бехабар бадавий арабга ҳам, диний илмларда энг пешқадам бўлган яҳудий ва насоро олимларига ҳам хитоб қилади, яъни Қуръон барча инсоният учун йўл кўрсатувчи дастурдир. «Биз Қуръонни эслатма олиш учун қулай қилиб қўйдик. Борми эслатма олувчи?» (Қамар:17,22,32,40) оятидан ҳам кўриб турибмизки, Қуръон эслатма олишни истаган ҳар ким учун қулайдир.



Тушунарсиз китобдан бир одам эслатма олиши мумкинми? Тушунарсиз китоб йўл кўрсатувчи дастур бўлиши мумкинми? Қуръон тушунарсиз дейиш, Қуръонга қарши бўҳтондир. Қуръон тушунарсиз, дегувчилар, одамларни Қуръондан тўсувчи деворлар тикади, ва Аллоҳнинг дини дея, ўз уйдирмаларини пуллайди. Бу ҳийлага ишонтириш учун эса Қуръонни гўё улуғлайди!

Бу мазҳабчи зеҳниятга мисол тариқасида, Туркияда кўплаб сотилган “Tam İlmihal Saadeti Ebediye” китобидан бир иқтибос келтирмоқчимиз. (Китоб муаллифи Hüseyin Hilmi Işık, Туркияда кенг ёйилган «Ишиқчилар» жамоатининг каттаси). Бу китобда муаллиф, Қуръонни англамоқчи бўлган талабаларни шундай огоҳлантиради:

“Саййид Абдулҳаким Афанди (қуддисаллоҳу сирраҳу) марҳамат қиладики: «Ибодат бу — буйруқни адо этмоқ демакдир. Қуръони Kаримни ўқимоқ ибодатдир, маъносини англамоқ буюрилмади, маъносини англамоқ ибодат эмас. Қуръони Каримни англамоқ учун саккиз тамал илмни ва етмиш икки ёрдамчи илмни ўрганмоқ лозим. Ана шундагина, Қуръони Kаримни англамоққа истеъдод ҳосил бўлажак, ана шундагина Жаноби Ҳақ насиб айласа, англамоқ мумкин бўлади. Қуръонни ҳар ким англасин демоқлик, динга аралашмоқликдир. Қуръони Kаримни англамоқ учун истеъдоди кўп бўлганлар ўн йил, истеъдоди ўртача бўлганлар эллик йил изланмоғи лозим. Биз каби, истеъдоди оз бўлганлар эса, камида юз йил изланса-да, англаёлмайди. Шариатда илм деб, фойдали билимларга айтилади. Фойдали билимлар эса абадий саодатни (Саодати Абадийя’ни) қўлга киритишга, яъни Аллоҳнинг розилигига элтувчи илмлардир, ана шуларга Ислом илмлари дейилади”.

Юқорида иқтибос келтирганимиз “Saadeti Ebediye” китобини ўқиб кўрганлар, биз танқид қилган зеҳниятнинг бир намунасини кўрадилар. Шу ўринда, Абдулҳаким Афанди кўп сонли тобеъларга эга бўлмиш бир тариқат пири эканини эслайлик. Иқтибосимизни диққат билан ўқинг, муаллиф Қуръонни тушунарсиз эканига ишонтиришга уриниши, “Менинг шайхим Қуръонни тушунмас экан, сизнинг қандай ҳаддингиз бор?” демакди.

Aммо Қуръон тушунарсиз дея уқтириш билан бирга, нажотга элтувчи фойдали илмлар сифатида қайси манбага мурожаат этишга ишорат қилади. “Фойдали илмлар” иборасини келтираркан, муаллиф айнан ўз китобини, яъни очиқ тарзда «Саодати Абадийя» номини келтириши, Қуръонни англаёлмасак, ўрнига нима ўқийлик? дея сўровчи тариқатдошларига етарлича жавоб бўла олади!

Ўз ижодларини дин манбаига айлантириб, Қуръонни тушунарсиз деб, уни ўқишдан маъносиз оҳанг-нағма пойгасига айлантирганлар, умматнинг бугунги тушган аянчли вазиятига асосий айбдорлардир. Жаҳолат, ибтидоийлик, тақлидчилик, ақлдан йироқ ушбу зеҳниятнинг аломатларидир. Булар “Юз йил уринсак ҳам, Қуръонни англаёлмаймиз” дея «тевозеъ» кўрсатмоқчи бўлишади, аммо бу хийла ортидан Қуръон ўрнига ўтувчи, гўёки «тушунарли» китоблар ёзишади! Ўзлари Қуръонни тушунолмаган бўла туриб, бошқаларга тушунтириш учун ёзиб пуллаётганлари, фақат биз билан Қуръон орасида тикилган деворлардир.

Комментариев нет: