Одам исми Қуръонда илк бор Малакларнинг эътирозига (Ер юзида фасод қилувчи ва қонлар тўкувчиними?) жавобан келади (Бақара:31).
Морфологик жиҳатдан Одам калимаси, қон тўкувчининг зидди маъносини беради (қон, арабчада дам, А-дам қон тўкмас, қонсиз).
Бу маъно Аллоҳнинг барча пайғамбарга, ва улар орқали барча муминларга юклаган миссиянинг моҳиятини билдиради: Аллоҳнинг ўргатган қонунларини (адолат, тенглик ва барча исмлар) ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш.
Қон тўкмасдан.
Қуръондаги Одам илк инсон (илк Homo Sapiens) эмаслиги ушбу оятдан ҳам очиқ кўриниб турибди:
وَلَقَدْ خَلَقْنَٰكُمْ ثُمَّ صَوَّرْنَٰكُمْ ثُمَّ قُلْنَا لِلْمَلَٰٓئِكَةِ ٱسْجُدُوا۟ لِءَادَمَ فَسَجَدُوٓا۟ إِلَّآ إِبْلِيسَ لَمْ يَكُن مِّنَ ٱلسَّٰجِدِينَ
Аъроф:11
Биз сизларни яратдик, сўнгра сизларга суврат бердик.
Сўнгра Малакларга дедик: «Одамга сажда этинг!»
Улар сажда этдилар, биргина Иблис сажда этувчилардан бўлмади.
Демак, Одамнинг яратилиши, «илк инсон» дейилган ҳодиса билан чекланмайди, балки давомли тарзда (ҳатто Қуръон нузули даврида ҳам) такрорланиб туради.
Бу оятдаги мухотаблар эса, айнан биз таъкидлаётган концептга мувофиқ келади, улар — Аллоҳнинг юборган таълимотини қабул қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш миссияси юклатилган муминлардир.
***
Модомики, Одам илк homo sapiens эмас, балки тамоман социал фаолият юритувчи фоиллар экан, у ҳолда оятда келган малаклар ким?
Малоика, малак калимасининг кўплик шакли бўлиб, м-л-к ўзагининг маъноси эгалик қилиш дея билинади.
Энди, Одам қиссасидаги Малаклар ким эканини англаш учун, Қуръондан ташқаридаги талқинларга эмас, аксинча, Қуръоннинг ўзига, аниқроғи, ушбу қиссага қадар ўтган оятларга мурожаат этиш лозим.
Натижада, қиссада зикри келган Малаика, сура аввалида санаб ўтилган уч тоифа инсонлар эканини англаймиз:
1. муттақийлар,
2. кофирлар,
3. мунофиқлар.
Бу уч тоифа, ирқи, миллати ёки бошқа хусусиятига кўра эмас, балки Аллоҳдан келган ваҳй, китоб ва даъватга нисбатан реакциясига кўра тасниф этилган.
Бу уч тоифанинг реакцияси қуйидагича:
Муттақийлар қабул қилиб таслим бўлишган, Кофирлар бутунлай рад этишган, Мунофиқлар эса ярим қабул ярим рад этишган.
Мана шу уч тоифанинг ҳар бирида даъватни қабул қилиш қилмаслик, ундаги моддий ва шахсий ва ижтимоий, моддий ва маънавий ҳаётга доир буйруқ-қайтариқларга бўйсуниш бўйсунмаслик танлови қаршисида тўлиқ ихтиёр ўзларида бўлгани боис, ҳамда бу буйруқларни амалга ошириш учун барча моддий ва маънавий имконлари мавжуд бўлгани боис, уларга Малаклар (буйруқ эгалари) дейилади.
Яъни, малаклар бу жамиятда имкон эгалари бўлиб, Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниш буюрилган кишилардир.
Дарвоқе, буни билгач, Муддассир сурасида олов аҳлини (Асҳобун Нор ) фақат малаклар қилдик, маъносидаги оят ҳам энди тушунарли бўлади. Яъни азобга мустаҳиқ тоифалар фақат малаклар/маликлар, яъни буйруққа мухотаб бўлган, аммо бўйсунмаганлар бўлади.
Зеро, имкони бўлмаган нарсага буюриш Қуръонда йўқ экани маълум. Инсон тоқатидан ташқари нарсага маъмур эмас.
***
Жинн — мистик борлиқ эмас, балки тирик инсонлар
Қуръондаги жинн атамаси — араблар учун ажнабий бўлган, яъни арабча гапирмайдиган, шунинг учун тили тушунарсиз, нотаниш қавмлардир, Форс, Рум ва ш.к.
Инс ва жинн ибораси билинган ва танилмаган, араб ва ажам, яъни барча инсонлар маъносида қўлланилади.
.
Жинн калимаси Ж-Н-Н ўзакли калима. Усти ёпиқ, беркитилган, билинмаган, кўринмас, нотаниш ва ш.к. маъноларда ишлатилади.
Мисолларни кўриб чиқайлик:
Жанна(т) қуёш жазирамасидан тўсилган боғ
Жунна душман ҳамласидан тўсувчи қалқон
Жанин (кўплиги Ажинна) жинси ҳали номаълум бўлган ҳомила.
Жинн нотаниш қавмлар, яширин кучлар ёки ташқи кучлар, махфий хизматлар (!)
Мажнун ташқи махфий кучлар тарафидан ишлатилаётган агент.
.
Жинн сураси Араб бўлмаган, ажнабий қавмдан келган бир гуруҳ (балки ҳаж, балки умра учун) Расулуллоҳ билан учрашиб, Қуръон тинглагани ва имон келтиргани ҳақида.
Қавмига қайтишади, ўз қавмдошларини даъват қилишади. Қавмнинг катталари (оятда Само, яъни тепадагилар) буни эшитиб дарғазаб бўлади (оятда ўт олов ичида кўрдик дейилади).
.
Ёки «Минал жиннати ван Нас» оятида
Одамлар орасида турли васваса, фисқу фасод чиқариб юрувчилар араб ва ғайри араблардан ҳар икки жамоада мавжуд бўлган.
Жиннат бу ерда яҳуд ва насоролардан иборат аҳли китоб кофирлари бўлса, ван-Нас дейилган одамлар — араблар орасидаги мунофиқлар тўдаси.
Бошқа сураларда бу икки тоифа ўз номи билан, очиқ тарзда Кофирлар ва Мунофиқлар дейилади (мас. Аҳзоб:1)
.
Сулаймон а.с. қиссасида ҳам (Намл сурасида) инс вал жинн ваттойр дейилади.
Маҳаллий халқни, ҳамда келгинди ажнабий қавм вакилларини жамлагани ҳақидаги қисса бу.
Чунки Сулаймон а.с. қурган мамлакатда (Доруссалом, тинчлик юрти) ҳар қавмдан келиб, эмин эркин истиқомат қилиш мумкин бўлган.
.
Жинн зикр этилган оятларни мана шу усулда ўқиладиган бўлса, талайгина мистик ва мифологик янглиш тасаввурлар тузалиши мумкин иншоаллоҳ.
Комментариев нет:
Отправить комментарий