24.06.2018

Қуръонда ақл ишлатиш ва танқидий фикрлашга чақирувчи оятлар

Қуръонда ақл ишлатишга ва ҳақиқат дея тақдим этилган ҳар қандай иддаони шубҳа ва саволлар остига олишга чақирувчи оятлар сон-саноқсиз. Қуйида ақл ишлатиш ва тафаккур тарғиб этилган оятларни қисқача санаб ўтган бўлдик:

● Қуръонда танқидий фикрлашдан ва идрок этишдан мосуво интеллектуал мўртлик аёвсиз танқид қилинади (7:179, 8:22, 10:100-101, 11:24);
● Қуръонда ҳар бир шахснинг зиммасига тафаккур этиш, шубҳа қилиш, савол бериш, изланиш, таҳлил этиш, текшириш ва мустақил қарор чиқариш масъулияти юклатилади (39:18,17:36, 5:105);
● Қуръонда ҳеч нарсани кўр-кўрона қабул этмасликка чақирилади; ва кўз билан кўрилган, қулоқ билан эшитилган ҳар бир нарса ва онгли равишда олинган ҳар бир қарор учун жавобгарлик борлиги уқтирилади (17:36);
● Қуръонда савол бермаган ақллар нопок саналади (10:100);
● Қуръонда ақл ишлатмаганларни тубан махлуқлар саналади (7:179, 8:22, 25:44);
● Қуръонда субъектив тажрибалар билан бирга объектив хулосалар чиқариш ҳам талаб қилинади (2:111, 21:24, 3:86, 12:26-27, 21:24, 37:156-157);
● Қуръонда анъанавий эътиқодни тасдиқлаш учун уларни қатъий далиллар билан асослаш талаб қилинади (2:111, 4:174, 5:104-105, 8:42, 10:100, 11:17, 17:36, 37:156-157);
● Қуръонда ҳар қандай хабар ва маълумотни қабул этишдан олдин, уни бевосита текшириш ва/ёки аниқ далиллар билан тадқиқ этиш буюрилади (49:6, 12:26-27);
● Қуръонда ҳиссий хулоса чиқариш ва шошилинч қарор олишдан қайтарилади (17:11, 37:69-71);
● Қуръонда тасдиқланмаган хабар ёки аниқ ҳақиқат бўлмаган гумонлар фақат хато хулосаларни келтириб чиқариши эслатилади (5:104, 2:170, 17:11, 37:70);
● Қуръонда айтилишича, бошқаларнинг хулосасини ёки кўпчиликнинг фикрини кўр-кўрона қабул қилиш, (жиддий текширувсиз ва теран мулоҳазасиз), ҳаққдан адашишга етаклайди (2:170, 5:104, 10:100-101, 31:21, 33:67, 37:69-71);
● Қуръонда ҳеч қандай илмга эга бўлмай туриб, бирор мавзуда тортишиш қораланади (3:66);
● Қуръонда айтилишича, гумон ҳеч қачон ҳақиқат ўрнига ўтмайди, шу боис гумонга эргашиш манъ қилинади (10:36, 49:6, 45:24, 6:116, 53:28, 2:111, 21:24);
● Қуръонда айтилишича, борлиқ ҳақидаги ҳар қандай маълумотни аввало текшириш, савол остига олиш, таҳлил этиш ва ундан кейин улардан умумий хулосалар чиқаришга чақирилади (39:18, 8:22, 7:179, 10:100-101, 17:36, 46:26);
● Қуръонда ота-боболар йўлига, урф-одат ва динларига кўр-кўрона эргашмасликка, доимо савол ва шубҳа остига олиб, текширишга чақирилади (2:170, 7:28, 5:104-105, 6:112, 7:70, 21:52-54, 26:74 , 37:69-71, 43:22-24);
● Қуръонда айтилишича, ота-боболар йўлига кўр-кўрона эргашиш ва уларга тақлид қилиш, оқибатда, ҳаққдан адашишга, динга ботил аралашишига олиб келади ва ижтимоий ҳаётни тирик жаҳаннамга айлантиради (37:62-71, 17:60, 31:21, 44:43, 56:52);
● Қуръонда «Осмонлар ва Ернинг яратилиши» қонуниятларини чуқур ўрганишга чақирилади (10:101);
● Қуръонда ҳаёт ва коинот ҳақиқатларини ҳиссий инъикос, кузатиш ва тафаккур орқали очишга чақирилади (7:185, 29:20, 30:50, 50:6-7, 88:17-20);
● Қуръонда илмий изланиш ва тадқиқотга улкан аҳамият берилади (2:259, 3:137, 6:11, 6:75-79, 6:99, 7:185, 10:101, 15:16, 16:36, 27:69, 29:20, 30:9, 30:42, 30:50, 35:44, 37:88, 40:21, 45:13, 47:10, 50:6, 80:24, 86:5, 88:17-20);
● Қуръонда илоҳий китоблар маъноларини яхлит ва бир бутун ҳолда ўқиб англашга чорлайди, бир қисмини узиб олиб, ундан умумий қоида ясаш каби шошқалоқликдан қайтарилади (21:37, 75:16-21, 20:114);
● Қуръонда Қуръонни ўрганиш учун тафаккур, тадаббур, таҳлил ва мулоҳаза талаб қилинади (2:17-18, 3:79, 4:82, 12:2, 23:68, 25:73, 43:3-4, 47:24);
● Қуръон илмий изланишларни, тажриба ва тадқиқот орқали аниқ илмий натижаларга эришишни тарғиб этади (2:260, 6:75-79, 10:100-101, 23:80, 37:88);
● Қуръонда орзу-истаклар ёки ҳис-туйғуларга асосланган имонни эмас, балки аниқ далил ва исботларга асосланган имон талаб қилинади (4:174, 8:42, 10:100, 11:17, 17:36, 74:30-31);
● Қуръонда теран тафаккурсиз ва илмий изланишларсиз (яъни «илмий фактлар»сиз) коинотдаги илоҳий қонунларни англаш имконсиз экани таъкидланади (12:105, 25:73, 40:13, 46:26);
● Қуръонда теран тафаккур ва илмий изланишдан узоқ бўлганлар жаҳолат зулматидан чиқолмаслиги билдирилади (6:39, 2:17-18, 39:62-63);
● Қуръон эркин ва ҳур шахсият бўлишга чорлайди, чорва суруви (раъия) зеҳниятидан, чўпонлар (роъий) бошқарувида манипуляция воситаси бўлиб қолишдан қайтаради (2:104);
● Қуръон кўпчиликнинг кўплиги, босими ё ҳайбатидан таъсирланиб, ҳаққдан силжиб кетмасликка чорлайди (19:73, 12:106, 54:43-44);
● Қуръон кўпчиликка эргашишдан, оломоннинг парчаси бўлишдан қайтаради, зеро кўпчилик доим ботилга, залолатга мойил бўлади ва осонликча йўлдан адаштирилади (6:116, 10:36, 12:106, 16:83, 19:73, 36:62);
● Қуръон бизни ҳукмдор ва пешволарнинг дабдабасига алданмасликка чорлайди, уларнинг қўлида мутеъ қуллар бўлиб қолишдан қайтаради (23:24, 33:67, 5:104-105);
● Қуръон инсонларни доим тафаккурга ва ақл ишлатишга, эркин фикрлашга ва ҳар масалани савол остига олишга, ва мудом фақат ҳақиқат тарафини олишга чақиради (2:170-171, 2:242, 2:269, 3:118, 3:190, 6:74-83, 6:110, 7:169, 8:22, 10:42, 10:100-101, 11:51, 12:2, 12:106, 12:111, 13:4, 13:19, 16:67, 16:83, 17:36, 21:10, 21:57-67, 23:68, 23:80, 24:61, 29:63, 30:21, 30:28, 38:29, 39:9, 39:18, 39:21, 40:54, 45:23, 46:26, 47:24, 54:44, 59:14).

Комментариев нет: