24.06.2018

Китоб юкланган эшаклар

Қуръонда баъзи инсон тоифалари танқид қилинаркан, турли исмлар берилади, масалан, молу-мулкка ҳирс қўйганларга “хақир маймунлар”, ейиш-ичиш ва истеъмол зеҳниятида чегара билмайдиганларга “чўчқа”, иқтидор/давлат хизматидаги дин пешволарига эса “тили осиғлиқ кўпак” каби ташбеҳлар ишлатилади.

Ушбу матнда “Китоб юкланган эшаклар” ибораси нима ҳақида эканини кўриб чиқамиз.
Баъзилар хайрон бўлиши мумкин, хатто “Бу қанақаси? Аллоҳ таоло ўз бандаларига «ҳақир маймун», «чўчқа», «тили осиғлиқ кўпак» ёки «китоб юкланган эшак» деб атаса, бу қанақа илоҳий калом?» дейишлари мумкин.

Ваҳоланки, бу ўхшатишлар Қуръондаги энг ғазаби қайнаган ўринлардир. Нега бунчалик ғазаблан? Сабаб нимада? Бу каби оятларни Қуръонда теранроқ ўрганиб кўрсак, Қуръондаги асосий масала нима эканини англаймиз, ва “Китоб юкланган эшаклар” ташбеҳининг сирини ҳам ўрганамиз.

***

Қуръонда “эшак” ташбеҳи икки ўринда келади. Муддассир ва Жумъа сураларида.

Маълумки, Қуръоннинг Макка даврида нозил бўлган илк суралардаги асосий мавзу — «Лаҳул Мулк» (Мулк Аллоҳники) шиоридир.

«Эшак» ташбеҳи илк Муддассир сурасида келади. Сура Расулуллоҳни ошкор даъватга буюриш билан бошланади. Тарих майдонига отилиб чиқиб, ўз элчилигини эълон қилиш ва инсониятни жаҳолатдан уйғотиш ва ширк зулматларидан тавҳид ва адолат нурига олиб чиқиш ҳаракатини бошлашни амр этади. «Қум фаанзир!» («Қиём эт ва огоҳлантир!»), «Роббака факаббир!» («Раббингни улуғла!») амрлари билан бирга Маккадаги бойларга қарши энг оғир тарзда қораловчи ва ерга урувчи оятлар келади.

Суранинг илк бўлимида (1-10) Расулга “Бойлик кўпайтириш ортига тушма” дейилади. (Энг «мўътабар» таржималарда ҳам «берганингни миннат қилма» деган маънода ўгирилган)

Иккинчи бўлимда (11-15) Мустағний тоифанинг типик характери очиб берилади “Бир ўзим яратган ўшани менга қўйиб бер. Кўпайиб борувчи мол бердим, хизматида қатор тизилган ўғиллар бердим… Ҳалиям кўзи тўймайди, яна кўпроқ истайди…”

Учинчи бўлимда (16-30) ҳамма нарсани фойда-зарар ҳисоби билан ўлчайдиган бу тужжор характерини “таниб олинг буларни” дегандек, унинг моҳиятини, астар-авратини ўгириб очиб беради: “Ўйлади, ўлчаб кўрди, қуриб кетгур қандаям ўлчаб кўрди. Атрофига аланглади, қошларини чимарди, юзини буриштирди. Сўнг юз ўгирди ва кибрланди…”

Тўртинчи бўлимда (32-48) ҳаром йўллар билан тўплаган бойликларидан воз кечишни истамаган бу характер «Мулк Аллоҳники», яъни мулк бир кишининг қўлида монополия бўлмаслиги керак, барча инсоният учун тенг ва одилона тақсимланиши лозим, деган чақириқнинг ҳаққ даъват экани, ва бу даъват бойликка ружуъ қўйган бу мустағний тоифа учун битмас дард ва доимий фитна (сақар) бўлишини эълон қилади.

Сўнгра жаҳаннам таҳдиди келади. Уларни бу фитнага (сақарга) йўллаган сабаб нима? деган саволга «Биз салот қилмасдик, мискинни таомлантирмасдик» деган эътирофлари келтирилади. Ортидан «Шафоатнинг фойдаси йўқ», яъни тўплаган мол ва бойликларингиз сизларни қутқариб қололмаслиги фош этилади.

Худди Анъом:70 да зикр этилгани каби: «Динларини ўйин-ҳазил қилиб олган, ҳаёти дунёга алданиб қолган кимсаларни тарк қилинг ва уни (яъни Қуръонни) одамларга эслатиб қўйинг. Токи бирон жон ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир шафоатчи бўлмаган, агар бор нарсасини берса ҳам, қабул қилинмайдиган ҳолда, касб қилиб топганлари сабабли ҳалокатга ташланмасин. Ана ўша кимсалар қилган амаллари сабабли (Аллоҳнинг азобига) ташланурлар. Улар учун кофир бўлганлари сабабли қайноқ сувдан иборат ичимлик ва аламли азоб бордир».

Бутун буларнинг ортидан бешинчи бўлим (49-56) келади. Мавзуимиз бўлмиш ташбеҳ айнан мана шу бўлимда.

«Нега улар бу Эслатмадан — Қуръондан юз ўгирадилар-а?
Худди шердан қочган ёввойи эшакларга ўхшаб!»

Аллоҳга ва охиратга ишонган, намоз ўқиган, Каабани тавоф қилган, ҳожиларга сув тарқатган, аммо мол-мулки кўпайганидан, хизматига шай ўғиллардан, кўзи тўймасдан, яна ва яна истайдиган нусха қайси Эслатмадан қочади, худди шердан қочган ёввойи эшакларга ўхшаб?

Ўзингиз ўйланг…

***

Қуръонда “Эшак” ташбеҳи иккинчи бор Жумъа сурасида келади.

Мадинага ҳижрат этилган, ижтимоий муҳит ўзгарган. Бироқ ваҳй аввалидаги “нафрат” нишони ҳалиям ўша мол-мулк эгалари…

Жумъа сураси икки бўлимдан иборат. Яҳудийлардан сўз юритувчи биринчи бўлим (1-8-оятлар) ва мусулмонлардан сўз юритувчи иккинчи бўлим (9-11).

Биринчи бўлим Мулк эгаси (ал-Малик) таъкиди ила бошланади. Мулк эгаси, халқ орасидан (уммийлардан) бирини элчи қилиб танлагани, элчининг вазифаси инсонлари покликка (тазкийяга) чорлаш, уларга Китоб ва Ҳикматни таълим бериш экани зикр қилинади. Бундан олдинги даврда улар очиқ залолатда эдилар.

Бундан ташқари, олдинги даврда Тавротни ўз зиммасига олганлар, олган юкини эплаб таший олмагандилар, улар инсонлар орасини айириб, жамиятда табақа ва синфларни пайдо қилгандилар, ўзларини эса оддий халқдан (мин дуни-н-Нос) алоҳида устун тоифа қилиб олгандилар, ва “биз Аллоҳнинг валийларимиз” дея иддао этардилар (Жумъа:1-8).

«Диний илм фақат биздадир», деган иддао ортидан Китоб устида ўз монополиясини ўрнатган бу тоифа, ўзидан бошқа ҳаммани «уммий» дерди. Шу боис ҳам сура бошида “халқ орасидан чиққан бири” (уммий расул) дея таъкидланади.

Каъба хизматини бажара олмаганлар, ўзларини ҳалқдан алоҳида ва устун тутиб, имтиёзли синф яратган, ҳалқ билан тенг бўлишни истамас, ва буни эслатиб огоҳлантирган ҳар кимдан “худди шердан қочган ёввойи эшак каби” қочган бўлса, Таврот масъулиятини таший олмаганлар ҳам худди ўша кибрни такрорлайди ва “Китоб юкланган эшаклар”га айланади.

Ҳар икки “Эшак” ташбеҳида ҳам бир хил маъно: “Имтиёз кибри…”

Маккадагилар ҳожиларга сув тарқатарди, аммо ҳажнинг маъно ва моҳиятини англамасди. Дунёнинг энг буюк “тенглик намойиши” уларнинг диёрида қилинарди, аммо ўзлари Каъбага келганларни талон-тарож қилиб, бойлик орттирарди. Боз устига, бундан қайтарган пайғамбарга жавобан “бизга махсус саҳифа келтир” дейдиган даражада мустағний ва мутакаббир эдилар. Ўз-ўзларига имтиёз яратиб олган ва ҳалқни паст кўрардилар. Барча инсониятга, яъни оддий ҳалққа, хитоб қилувчи Қуръонга рози бўлмасдан, ҳар бири ўзига шахсан мурожаат этадиган саҳифалар келишини истарди. Шунчалик ҳалқ душмани ва корчалон эдилар.

Мадинадагилар эса қўлларида тенгликка чақирувчи Китоблари бўла туриб, ҳалққа тенглашмайдиган, ундан айрилиб ўзини Аллоҳнинг «танланган қуллари» (валийлари) дея иддао қилади. Китоб устида ўз яккаҳокимлигини қуриб, ўзидан бошқа ҳаммани “уммий” (авом ҳалқ, оддий халқ) дея паст санарди. Ҳолбуки, Китоб бу каби табақа ва синфларга бўлинишни, халқдан устунлик иддаоларини бартараф этиб, ўрнига адолат ва тенгликни (барчани бирдай тенг кўришни) барпо этиш учун келганди.

Улар учун дин фақат даромад ва куч орттириш воситасига айланганди. Илоҳий илмларга воқиф бўлиш улар учун фақат иқтидор, мол-мулк ва мавқе қозониш манбаидан бошқа нарса эмасди.

Маккадагилар “шердан қочган ёввойи эшаклар” каби эса, Мадинадагилар “устига Китоб юкланган эшаклар” каби бўлиб қолгандилар.

Маккадагилар “ёввойи эшаклар” каби қочарди, чунки мулклари қўлдан кетишини ўйлаб даҳшатга тушарди. Мадинадагилар эса Китобни зиммасига олганди, аммо ундан фойдаланиб тўғри йўлдан юриш йўқ эди уларда, худди “хачир” каби ўз билган йўлидан давом этарди.

На Каъба ва Ҳаж уларга адолат ва тенгликни ўргатмасди, ва на Китоб илми уларга инфоқ ва бўлишишни…

***

Али Шариатий таъбири билан айтганда, “эшаклашув” (истиҳмор) сабаби биргина “имтиёз кибри” эмас, ундан бошқа нарса ҳам бор.

Ҳар икки сурада (Муддассир ва Жумъа) урғу берилган бу бошқа сабаб, бу имтиёз кибри негизида ётган мулкият ҳирси ва бойликк ружуъдир. Буни суранинг (Жумъа) бошида “Мулк эгаси” (ал-Малик) зикр этилишидан англаш ҳам мумкин.

Бу оятлар, “Китоб бизда, қутулиб кетармиз-да” дея ўзларини халқдан айри, “Аллоҳнинг валийлари” дея имтиёзли бир синф ҳақидаги бўлим ортидан келиши, сизнингча, нимага ишора қилади?

Албатта, Китоб ёнларида (ҳатто Пайғамбар ораларида) бўла туриб, “Китоб бизда, Пайғамбар орамизда, қутулиб кетармиз-да” дея мол ва бойлик орттириш пойгасига берилиб кетганлар ҳам “Китоб юкланган эшаклар” каби эканига ишора қилади…

Демак, “Қуръонни ташиёлмаганлар”…

Кўриб турганимиздек, Маккада қораланган мустағний тоифанинг аҳволи, ҳижратдан сўнг Мадиналиклар бошига келганди. Китоб ёнларида, Пайғамбар ораларида бўла туриб, уни ташиёлмаган эдилар, мол-мулк ҳирси буткул ҳоким бўлганди қалбларга…

Бошқа тарафдан, “Имтиёз кибри” ва “Бойлик ҳирси”га қарши ҳар икки сурада ҳам урғу берилган яна бир жиҳат бу “ўлим”ни эслатиш. Сабаби, “Ўлим келгунига кадар доим шундай эдик” (Муддассир:47) ёки “Аллоҳнинг имтиёзли/валий қуллари эсангиз, қани, ўлимни истангиз-чи!” (Жумъа:6) каби оятлар, имтиёз кибри ва мол-мулк ҳирсига таслим бўлган зеҳният учун ягона малҳамлардир.

Ўлим келганида, қўлга киритилган барча мол-мулк қўлдан кетажак ва барча имтиёзлар йўқ бўлажак. Барчангиз ер остида тенг ва бир хил даражага келасиз. Бир дастурхон атрофида ўтиришдан жирканиб, юз ўгирганингиз фақир ва мискинлар билан ёнма-ён ётасиз. Ўлим — бой-камбағал орасидаги тенгликни ўрнатувчи энг буюк ўлчовдир.

Демак, “Китоб юкланган эшаклар” бу — Китоб қўлида бўла туриб, уни англамаган, унинг ишорат этгани тарафга ақл юритмаган, динни фақат ритуал ва бадан ҳаракатлари санаб, инсонларнинг реал ҳаётидан ётлаштирган, диндаги асл мақсаддан ғофил қолганлар бўлиб чиқади. Халқни, кўчадаги етимни боқишга, мазлум ва бечоранинг ёнида бўлишга, очни тўйдиришга, бой-камбағал орасидаги қўрқинчли тафовутни йўқотишга ярамаганлар экани келиб чиқади.

Муддассир ва Жумъа сураларидан «уммий» қироат, яъни оддий халқ кўзи билан ўқиб англаш натижасида чиққан хулоса шу.

Қуръонда кимларга “Китоб юкланган эшаклар” дейилганини англадингизми? Англамаган бўлсангиз, бу ташбеҳлар келтирилган Муддассир ва Жумъа сураларини ўзингиз бир ўқиб чиқинг.

Ўқиб чиқиш ҳам кам, сураларни бир-бири билан қиёсланг, бугунга келтиринг, ва ҳар сура устида лоақал ярим соат тафаккур қилинг…

***

Эй Маккада “мол ва ўғиллар” кўпайтирган, эй Мадинада “Аллоҳнинг валийлари” иддаосидаги мустағний тоифанинг бугунги авлодлари…

Эй “Бу оятлар биз ҳақимиздамас” дея кўзини олиб қочувчилар…

Эй камбағалга қўшни бўлишдан ор қилувчилар…

Эй “VIP умра ва ҳаж…” ортидан бойлик ортирувчи ҳаж тужжорлари…

Эй Каъбага 120 кило олтин илувчилар…

Эй глобал тенглик тимсолидан (тавофдан) чиқар-чиқмас қирол отелларига чопувчилар…

Эй кошона, вилла ва буржларга кўчиб, халқдан айри муомала (алоҳида саҳифа) истовчилар…

Эй қўл остидаги ишчисидан кўра, уйидаги зотдор итига кўпроқ сарфлагувчилар…

Эй умрида бирон ҳафта бели оғриб меҳнат қилмаган, бошқаларнинг эса меҳнатини ҳақир кўрадиган, «кофир кўчасини супириб топган дангасалар» ҳақида ваъзлар ўқийдиган, аммо ўша мардикорнинг қайси золим дастидан ўзга юртларда қийналиб юрганидан лом-мим демайдиганлар…

Эй ёш авлодни, айниқса ёш қизларни илмгоҳларда билим олишидан тўсувчи, савобсиз ва билимсиз мардикорнинг юборгани пулларга маърака тўрлартда Қуръон ўқиб тугун олувчилар…

Эй мусулмон диндошларини турли адашган оқим тамғалари илиб, зиндонларга оттирган, аммо ўзлари золим ҳукмдорларга югурдак бўлган, бойлар хизматида тўн кийдирувчилар…

Эй золимдан маош олиш учун ўз аёлини зинокор дея гап тарқатувчи “Аллоҳнинг валийлари!”

Эй Китоб илмидан насиба олишни дунё бойлигидан насиба санагувчилар, дин ҳақида сўз айтувчи бошқа барчани тижорий рақиб кўрувчи дин тужжорлари…

Эй ҳожилара сув тарқатувчилар… Каъбанинг кисвасини янгилашни ибодат санагувчилар… Эй Муовиянинг уйдирилган дини пешволари… Эй эҳтиёждан ортганини инфоқ этиш амрини озайтир-озайтира охири 40/1 етарли дегувчилар…

Эй диндан ваъз ўқиб, биринчи хотинга билдирмай иккинчига уйланиш илмида қилни қирқ ёрувчи, аммо бирор марта очни тўйдириш, мазлумнинг ҳаққини олиб бериш, золимга «тўхта!» дейишга тили тутилган қорилар…

Эй “Осмондан ёғдириб, ердан ундирилган ризқлар барчага тенг тақсимланиши Аллоҳнинг амридир” сўзини эшитганда, “шердан қочган эшаклар”га айланувчи бой оталар…

Эй кечаю-кундуз мол-мулк ва мақому-мавқе йўлида қулдай ишлайдиган, Аллоҳ йўлидаги қулликни ритуалга айлантириб, Аллоҳ ва имон келтирганларни алдамоқчи бўлаётган динбузарлар…

Эй Аллоҳнинг оятларини арзон баҳога сотувчилар, эй ҳақ ва адолат динини пулдор ва ҳукмдорлар хизматига сотувчи хоинлар…

Ва эй Аллоҳнинг покиза дини ўрнига “лаҳв-ал-ҳадис” сотиб олган уйдирилган дин мансублари…

Сизнинг ал-Китобдаги исмингиз мана шу: “Китоб юкланган эшаклар!”

Комментариев нет: