«Эй имон келтирганлар! Яҳудий ва насоро дин пешволарининг кўпчилиги халқ молини ботил йўллар билан ейди, ва Аллоҳнинг йўлидан тўсади». (Тавба:34)
Оят бизга дин пешволигининг энг улкан сирини фош этмоқда, дин пешволари дин тужжорларига айланади, диндан мақсадлари фақат даромад орттириш бўлиб қолади; ва халқни тўғри йўлдан оздирувчиларнинг бошида, мана шу “дин пешволари” келади. Пайғамбаримиз ҳам бунақа соҳтакор дин пешволаридан кўп озор ва азият чекканлар. Бироқ сохтакор дин пешволари билан бирга уларга эргашган тобеълар ҳам бирдек айбдор. Зеро, агар Қуръонни ўқиб кўришганида оддий бир ҳақиқатни кўрган бўлишарди: Қуръонда ишонишга ва эргашишга буюрилган, диний масалаларда унга мурожаат этиш мумкин бўлган ягона «расулун амин» шахс бу — Муҳаммад Расулуллоҳдир. У кишидан бошқа ҳар ким, хоҳ унинг замонида, хоҳ кейинги асрларда яшаган бўлсин, ҳеч кимга бундай ишониш ё эргашиш буюрилмаган.