08.05.2016

Исломни қулатган 3М (МУЛК)

Ер юзида 1,5 миллиард мусулмон…
Мағрибдан машриққача саройлар, ҳонлар, ҳаммомлар…
Кўкка юксалган миноралар…
Саси ўчмас азонлар, инмас байроқлар…
Намозлар, жумалар, ҳайитлар, қурбонлар…
Қабрлар, мақбаралар, фотиҳалар, ёсинлар…
Бутун булардан нима маъно? Исломнинг ер юзида гуллаб-яшнагани, қоим турганими?У ҳолда, умматнинг бундан 100 йил аввал ёзилган тасвирини – шоир Меҳмед Окифнинг ушбу сатрларини келтирайлик, бугунги ҳолат билан қиёслаш сизга ҳавола:

“Адолат ер бирла яксон, ҳаққа бўйин эгилмас,
Ўзи тинч бўлса, бас, дунё ёнса, парвога илмас…
Қасам ичар, сўзда турмас, хиёнатдан тийилмас,
Кучлига маддоҳи-ялтоқ, ожизни ҳеч сўйлатмас…
Кундалик уч-тўрт маросим, қуруқ ётиб-туришлар
Шаклбозлик, хўжакўрсин, охири йўқ алдашлар…
Фирқа, миллат, ирқ баҳона мусулмон ҳеч бирлашмас,
Энг яқин қардош-қондош ҳам муаббад юзкўришмас…
Ортдан ўзни арслон тутар, жабҳада – ялтоқ кади,
Мусулмонлик биздан аввал бунча зиллат кўрмади…”



Хўш, бу уммат нечун бу зиллатга тушди?

Мусулмон дунё нечун “Аҳл-и китоблашув” босқичини бошдан кечирди, кечирмоқда?

Ўтмишдаги аҳл-и китоблашувларга бир қаранг, ҳеч дарс олмасдан айнисини нега биз бошдан такрорлаяпмиз?


***

Килисалар, ҳавролар, синагоглар, жомеълар, азонлар саслари. Гўё ибодатга, гўё нажотга чорлар сизни… Аслида ҳаммаси ҳаётдан тамоман узоқдир…

Шаҳарларнинг қоқ марказига қурилгандир улар, бироқ шунга қарамай, ҳаётнинг марказида йўқ улар.

Улар эски дунёнинг қолдиқлари, осору-музейларига айлангандир, уларнинг шундоққина ёнида янги бир дунё барпо бўлгандир…

Ибн Халдун таъбири билан айтганда, “Умрон шамоли” йўналишини ўзгартиргандир.

Инсоният сўнг асрларда “дин бўлмаса ҳам” юксала олиш йўлларини изламоқда.

Бундай бир изланиш учун уни дарров айбламоқ қанчалик тўғри? Дин, ҳар қандай дин инсоният учун яхшилик, фойда ва манфаатдир дея ким айта олади? Динлар, Одамўғлининг бевосита инсондан, тарихдан, ҳаётдан ва табиатдан ётлашувига сабаб бўлолмайдими?

Шу сабабдан “Диннинг афъюн юзи” инсониятнинг ростдан ҳам қоронғулик тарафидир балки…

“Балки” деяпман, “Диннинг афъюн юзи” депман. Чунки айнан мана шу ўринда Ислом ҳақида айтмоқчи бўлганим баъзи гаплар бор…

***

Муҳаммад Иқбол ифодаси билан айтганда, Ислом, аслида, эски дунё билан янги дунё орасида турмоқдир.

Яъни инсоният тарихида янги (модерн) дунёни “дин бўлмаса ҳам” юксала олиш йўлларини излаш десак, Исломни айни юксалишни “диний дунё ичидан” излаш номи дея оламиз. Агар Исломга “инсонни иншо этиш лойиҳаси” дея қаралса, бу яна-да ойдинлашади.

Ҳақиқатан ҳам Ислом эски дунёдан янги дунё сари бир ўтишдир.

Ўзини дин форматида ифода этган янги дунёнинг номидир.

“Бутунлай диний бир дунё” билан “тамоман диндан холи бир дунё” орасида турмоқдадир.

Шунинг учун Ислом “динлар орасида бир дин” эмасдир.

Тўғрироғи – “эмасди”.

***

Қуйидаги уч нарса Исломни такрор ўша эски “бутунлай диний дунё” тарафга бурди ва динлар орасида бир дин ҳолига келтирди.

Бу, айни пайтда Исломдан асл (аутентик) мазмун ва моҳиятининг чиқарилиши, динлар тарихида рўёбга чиқаргани РЕ-ФОРМнинг такрор ДЕ-ФОРМга дучор бўлиши – маъбудларда, минораларда, азонларда, мозорларда, ритуалларда ҳануз яшаётган бўлса-да – аслида емирилиши ва йўқотилиши эди.

Динлар орасида бир дин ҳолида яшаётгани, унинг ҳақиқатан ўз ҳаётини давом эттирганини англатмайди. Аксинча, “Аҳл-и китоблашув босқичига кириб” ва ўзига “Буюк ҳурмат-эҳтиром кўрганча” ҳаётдан чекинганини билдиради.

Исломни йиқитган бу уч нарсани эсда қолиши учун “3М” дедим.

Яни М ҳарфи билан бошланувчи уч калима: МУЛК, МЎЪЖИЗА ва МАВЗУ.

Бу уч калиманинг Исломга таъсири тахмин этилганидан ҳам кўпроқдир. Булар Исломнинг асл маъно ва мазмунини бўшатиб, дин ва инсоният тарихида рўёбга чиқаргани инқилоб ва бурилишларни тамоман маҳв этгандир.

Ва бу – ўз қўлларимиз билан қилганларимиз дастидандир.

Яна Окифнинг сатрларини келтираман:

“Кўкдан инмас ҳеч бир нарса… Барчаси ердан тошар –

Ўз ахлоқи ила бир миллат ўлур, ёҳуд яшар…”

Демак, МУЛК…


1. МУЛК

Исломнинг илк ва асосий мессажи Мулк масаласи билан боғлиқ эди. “Лаҳу-л-Мулк” (Мулк Уники – Аллоҳники, яъни Халқникидир) дея бошлангандир. Энг аввало мусулмоннинг мулк борасидаги қараши, тасаввури ва мулкка бўлган муносабати ислоҳ этилиши лозим эди. Мулкдорлик ва мулксизлик – инсон жамиятнинг азалий ва абадий муаммосидир. Ўтказилган тадқиқотларда, мулкдорлик сабабли ҳашамат ва исроф ичида ҳаёт кечирувчилар билан қашшоқликдан ертўла ёки кўчаларда сафолат ичра кун кечирувчилар орасида ўхшаш ахлоқий моделларнинг аниқланиши бежиз эмасдир. Ҳар иккисида ҳам ахлоқий ифсод кузатилади.

Жамиятларнинг тамал ахлоқий қадриятларини муҳофаза этувчи ва давом эттирувчилар одатда ўрта синфлардир. Шу сабабдан ахлоқан энг соғлом жамиятлар – ўрта синфи шаклланган жамиятлардир. Ҳаддан зиёд мулкдорлик ва ҳаддан зиёд мулксизлик бамисоли хасталик тарқатувчи ботқоқликдир.

Куръоннинг илк нозил бўлган 23 сурасини такрор ва такрор ўқиб, тадаббур этмоғимиз лозим. Бу бизга нимани бирламчи ва энг аҳамиятли масала эканини, ишни қаердан бошламоқ лозим эканини кўрсатади. Бу сураларга эътибор берилса, то 23-сурага кадар Маккадаги бутларнинг исми ҳеч зикр этилмайди, аммо ҳали энг илк сурадаёқ (Алақ сурасида) бойликни ўз-ўзига етарли кўриш (истиғно) билан ҳаддан ошиш/фитратига ётлашиш (туғён) га қарши чиқиш билан бошланади… Илк сураларданоқ қоралаш ва ҳадаф олиш – Маккадаги бойларга, судхўрларга, мол-мулк эгаларига йўналгандир. Илк нозил бўлган қисса – мулк (бойлик-қашшоқлик) масаласидан баҳс этувчи “Боғ эгалари” қиссасидир (Қалам сураси)… Аллоҳнинг исм ва сифатларидан илк зикр этилган исм – кўпроқ иқтисодий тарафларни ифода этувчи “Рабб” калимаси (Алақ сураси:1)…

Хўш нега? Нега Қуръон бу ердан бошлайди?

Чунки агар бир тарафда мол-мулк ва иқтидор эгалари, бошқа тарафда эса бу эгалар эшигида қорин тўйдириш учун бир умр ишловчи йўқсиллар… Ва бой-камбағал орасида тобора катталашган тафовут…

Бундан нима чиқади? Бундай бир мулкият тизимида Аллоҳнинг “дини” ишлаши мумкинми? “Тавҳид” ўрнатилиши мумкинми? Бу жамиятнинг азон айтиб, намоз ўқиб, рўза тутиши инсонларнинг мингйиллик муаммосини – мулкдорлик ва мулксизлик муаммосини ечолмаса, у ҳолда натижа нима бўлади бу пайғамбарликдан? Ҳеч нима, яна ўша бой-камбағал муносабатлари ва хўжайин-қул тизими сақланиб қолаверади, ягона фарқи – таҳорат оладиган, намоз ўқийдиган ва рўза тутадиган хўжайин-қул бўлади, холос. Инсон жамиятидаги муаммоларнинг энг тамал сабаби ҳал этилмас экан, натижанинг бирор маъноси ва аҳамияти қолмайди.

Бундай мулк тузумида “инсоний” бирор муносабат чиқмайди, чиқолмайди ҳам.

Шу сабабдан, мулкнинг тақсимланиши тизимига тегмаган, энг аввало мана шундан бошламаган, худди Қуръоннинг бошлагани каби, ишга илк мана шу ердан киришмаган дин сўйламлари – афъюндир.

Энг аввало истиғно-туғён муносабатларини англатмаган дин дарслари – афъюндир.

Энг аввало мулкдор доираларни ҳадаф олмаган диний фаоллар – афъюндир.

Энг аввало “боғ эгаларини” англатмаган диний ваъзлар – афъюндир.

Энг аввало ош-нон берган, едириб-ичирган ва тўйдирган “Рабб” эканини сўйламайдиган дин теологиялари – афъюндир.

Агар Қуръон эса қўлингиздаги китоб, бу – мана шундайдир…

“Тарихни қўйиб туринг, бугунги кундан олинг” десангиз агар, кейингилар ҳам айни…

***

Исломни ичидан қулатган биринчи нарса – эски жоҳилият давридаги МУЛК тизимига қайтиш эди (Ридда воқеасини эсланг). Исломга биринчи бўлиб мана шу ердан зарба берилди. Ва инсониятга Инфоқ тизимини бахш этган бу оламшумул лойиҳа, туғилишидан ўттиз йил ўтар-ўтмас, қонли равишда тўхтатилди…

Диндан қайтувчилар (муртадлар) биринчи бўлиб Қуръоннинг келтиргани мулк тизимидан қайтди. “Нимани инфоқ этайлик? дея сўрайдилар. Айт: “Эҳтиёждан ортганини!” (Бақара:219) ояти уларга тинчлик бермасди. “Майли, намоз ўқиймиз, рўза тутамиз, ҳажга борамиз, аммо Закот бермаймиз, бунақа мулк низомини қабул қилмаймиз” дедилар. Шунинг учун муртад – янги мулк тузумидан қайтган – номи билан қолдилар тарихда.

Жоҳилият даврининг ваҳший капитализми, Исломнинг инфоқ асосига қурилган мулк тизимини, янги қардошлик иқтисодини қабул қилолмади. Инсоният тарихида бу фундаментал ўзгариш сари ҳамла бўлганиданми, у даврдаги кишиларнинг ҳаммаси ҳам бу юкни ололмади зиммасига.

Муродни хосил бўлмай чекиндилар. Ҳолбуки пайғамбарнинг ишонгани идеалларнинг тўлиқ рўёбга чиқиши ва инсониятга тарихий бурилиш бахш эта олиши учун камида юз йилга эҳтиёж бор эди. Аммо атиги 30 йил давом этолди холос.

“Мендан сўнг бир-бирингизни бўйнига урманг, мусулмонга биродарининг жони, моли, номуси ҳаромдир” дейилишига қарамай, минглаб мусулмон қиличдан ўтказилди, моллар талон, номуслар оёқ ости қилинди.

“Мулк” сабабли (яъни мол ва иқтидор учун) ички урушлар бошланиб кетди, дунёнинг кўз ўнгида 90 минг мусулмон бир-бирига қилич кўтариб чиқди. “Муҳаммаднинг одамлари бир-бирини ейишга тушди” дейишди замондошлар…

Ислом ўз замонаси дунё ижтимоий фикрида “Чўлда янги бир дин (пайғамбар) чиқибди, “Қулларга озодлик!” (факку рақоба) деётган эмиш” дея эшитганди… Бу сасга жон қулоғи билан диққат қилган Сосоний ва Византиядаги қуллар, эзилганлар, кимсасиз, маҳрум ва чорасизлар, Исломнинг ичидаги мулк ғавғосини кўриши билан “Буям бошқасининг айни” дедилар ва умидини уздилар.

Шундай қилиб, “чўлда ҳайқирганнинг саси” мана шу ондан эътиборан эшитилмас бўлди. Дунё ижтимоий онгида кўзғалган ўша муаззам қуюн тинди.

Абу Заррнинг чўлга кўмилиши билан юлдузи сўнди.

Алининг енгилиши билан шамоллар тўхтади…

Бундан кейинги воқеалар – бор-йўғи Сосоний ва Византиядаги мулк (давлат/империя) тизимининг ниқоб ўзгартиришидир холос. Яна ўша бой-камбағал муносабатлари ва хўжайин-қул тизими сақланиб қолди, ягона фарқи – таҳорат оладиган, намоз ўқийдиган ва рўза тутадиган хўжайин-қул бўлди… Такрор қул ва чўри кўпайтириш пойгаси бошланди. Беҳисоб мол-давлат (молан мамдудан) эгаси бўлиш – устунлик ўлчови ва футуҳот ҳирсига айланди. Бой ва камбағал орасидаги тафовут кучайгандан кучайди. “Сўнгги ҳақ дин” ҳам бунга тўсиқ бўлолмади…

Хўш, Муаммо қаерда? Диннинг назарий қисмдами ёки уни янглиш англаган зеҳнлардами?

Албатта, иккинчисида…

Бугун БМТ маълумотларига кўра, ер юзида 1 миллиарддан зиёд инсон кўчаларда оч тунайди. Агар Аллоҳ бугун пайғамбар юборса, биринчи ва асосий масала сифатида яна айни жойдан бошлайди – “1 миллиард инсон қайси гуноҳи сабабли оч?” дея сўрайди. “Тавҳид ва ширкнинг бунга алоқаси бўлмасдан бошқа нимага алоқаси бўлсин?”

Қуръоннинг илк 23 сурасидан бошлаб, мулк масаласидаги қараши бунинг ёрқин далилидир – бу сураларда доим ўртоқлашиш (инфоқ) амр этилади, мол-мулк жамлаш, канз – хазина йиғиш (Тавба:34-35) эса қораланади. Қуръоннинг бирор жойида бўлсин мол-мулк жамлашнинг мақталганини кўрмайсиз. Яъни, диннинг назарий мазмунида ҳеч бир муаммо йўқ.

Ундай бўлса, аҳволимиз шу: Бу Китоб ёд олиниб, ъайнлар билан томоқ қириш билан маҳжур тарк этилди! Деворнинг энг тепасига осиб, маъбадларда жаранглатиб, устунларга, мозор тошларига ўқитиб тарк этилди. Китобнинг илк ва тамал мавзуси бўлмиш Мулк масаласи деярли барча диний гуруҳлар, жамоатлар, мазҳаблар, тариқатлар тарафидан унутилди, йўқ ҳукмида саналди. Ҳалигача шундай…

Шунинг учун то Абу Заррдан бери бузилмоқда бу гуруҳлар…

Ғоятда ноқулай, оғриқли, ва айни пайтда инсониятнинг энг тамал дардидан узоқдалар бу мазҳаблар…

Шундай, сиз Китобни тарк этсангиз Китоб ҳам сизни тарк этади (Фурқон:30)!

Эътибор берган бўлсангиз, жаннат хушхабари берилган ўн саҳоба орасида илк уч саҳоба (Абубакр, Умар ва Али) мустасно, ҳаммаси катта миқдорда мол-мулк ва ер эгаси бўлди. Ўлганида энг кичигининг қолдиргани мингларча динор бойлик эди. Биттасига 700 қишлоқдан ҳарж келарди.

Дин ва давлат ходимининг ўрнаги шуми бизга?

Қандай қилиб, келганда Ҳорун – кетганда Қорун бўлдилар? Нега Муҳаммад бўлиб кетишмади, Абубакр, Умар, Али бўлмади-да, Қорунга айланишди?

Кўпдан бери нуқул мана шу савол ўйлантиради мени: нега жаннат-ла муждаланган ўн саҳоба орасида бирорта камбағал саҳоба йўқ?

Абу Зарр қаерда қолди? Аммор-чи? Билол-чи? (Демакки, бу рўйхатни яқиндан ўрганиш лозим)

Демакки энг аввал дин-у давлат фасх, мулк-и миллат бузилди!

МУЛК!

Исломга биринчи бўлиб мана шу ердан зарба берилди ва қулатилди!

Комментариев нет: