25.06.2017

Қуръонда «Дин пешволари» танқиди

Қуръонда «Руҳбон», «Аҳбор», «Ҳомон» ва «Раббониюн» дея зикр этилган ҳамда оғир танқидлар остига олинган «дин пешвоси» мисоллари бор.
Ажабо, булар нега танқид қилинади, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Наҳотки бир «дин китоби» келиб-келиб «дин пешволари»ни танқид қилади?

Ахир бу – ўз оёғига ўқ отиш эмасми?
Қуйида Қуръондан «Руҳбон, Аҳбор, Ҳомон ва Раббониюн» исмлари кечган оятларни бирма-бир келтирдим. Исми (унвони) берилмасдан ишора этилган оятлар ҳам бор, аммо уларни бу ерда келтирмадик.
Кўрайлик-чи, нима сабабдан бундай кишилар Қиёматгача Аллоҳнинг китобида қораланади…
Аммо оятларни келтиришдан олдин, бу 4 исмнинг маъноси ва бугун кимларга тааллуқли экани билан танишиб чиқайлик.

***

РУҲБОН: Луғатда «қўрқмоқ, титрамоқ» маъносини билдиради. Қўрқитмоқ, даҳшат сочмоқ (ирҳоб), қўрқитмоқ, қўрқув солмоқ (тарҳиб), террорчи (ирҳобий), терроризм (ирҳобийя), Аллоҳдан қўрққан, титраган, роҳиб, ҳайбат (раҳбат), фобия (руҳоб) калималари бу ўзакдан ясалган.
Раҳбонийя – руҳбоннинг иши маъносида, Руҳбон эса бунинг кўплик шакли бўлиб, роҳиблар демакдир. Руҳбонликдан мурод – бундай кишиларнинг «Тангри қўрқувидан» тоғу-тошларга чекилиб, ўзларини тамоман ибодатга (нусукларга) бериши, зиммасидаги вожиб бўлган нусукларга қўшимча нусуклар олиб, ёлғиз яшаш, дағал кийимлар кийиш, аёллардан узоқ туриш, ғорларда ўзларини ибодатга бағишлаш каби ниҳоят даражада оғир ва машаққатли бир ҳаёт тарзини танлашлари эди…
Мана шундан келиб чиқиб Руҳбон, илоҳ билан бир навъи қурбат хосил этганига ишонади. Тангрининг ерюзидаги дўсти, авлиёси, ўғли, сояси, вакили – руҳбоннинг ўзидир бундан кейин. Шу боис Тангри ҳақида гапириш ҳақи – фақат унда. Демакки, Руҳбон бу билан, кўринмаган, ғайбий куч ва қудрат номидан ички дунёингизга ҳукмронлик этувчи бир «руҳ ишғолчиси»га айланади. Сизнинг маъно ва руҳ дунёингизни ишғол этади ва сизни сиздан маҳрум этиб, Тангри номидан бошқаради…

АҲБОР: Луғатдаги ўзагининг маъноси «ҳибр, яъни сиёҳ». Сиёҳ (ҳибр), сиёҳдон (миҳбара), яҳудий раввини (аҳбор) калималари бу ўзакдан ясалган… Яъни, Аҳбор – Аллоҳ, китоб, дин мавзуларида сиёҳ, қалам ва пат қўлланиб, ёзувлар ёзган киши демакдир. Замон ўтиши билан буларга дин олими ёки Аҳбор дейилган.
Демак, Руҳбон ва Аҳбор – «дин пешвоси» дейилган киши ёки кишилар демакдир. Булар жамият ичида бошқача либослари, кўпинча алоҳида ижтимоий мақомлари билан ажралиб туради. Дин – улар учун бир даромад манбаи, бошқа бир иш қилишмайди. Бугун эса улар папа, патриарх, раввин, муфтий, шайх, пир, мулла, қори, саййид ва хўжа ва б. тарзда турли миллат ва маданиятларда турлича номланадиган синфни билдиради…
Аҳборнинг фарқи, кўпроқ ёзув ва китоблар билан машғул бўлгани билан танилади. Бугун бу – Аллоҳ, китоб, пайғамбар, дин ҳақида қалам тебратувчи, яъни «ёзувчилар» гуруҳидир. Руҳбон эса, кўпроқ инсонларнинг руҳ оламига нуфуз этиб, зеҳн дунёларига ҳукм этади. Қилаётган ишимиз бизни халқ кўзида юксак илоҳий қадр-қиймат ва даража эгаси қилиб кўрсатади, деган хаёлпарастликка чалинган. Бу даражанинг сабаби эса – эгаллагани ижтимоий мақом ва мавқеъ, деб ўйлашади. Шундай қилиб, ўзларини оддий инсонлар билан тенг кўришмайди. Дин пешвоси зеҳниятининг илдизи мана шунга бориб тақалади…

ҲОМОН: Қадимги Мисрда дин пешволари синфининг номи, унвони ўлароқ ишлатиларди. Амон-Ра’нинг ҳизматкори маъносидаги «Ҳо-Амон» арабчалашиб, бу шаклни олган. Фи-Ра-Ъун эса «Ра’нинг ўғли» ёки «Ра’нинг баданий ҳоли» (Юраётган Ра!) маъносида Қадим Миср қиролларининг унвони эди. Қуръонда кўп ўринда Фиръавн-Ҳомон исмлари бирга зикр этилади. Миср манбаларида «Амон маъбадининг роҳиблари» дея ёд этилади. Миср тарихида, (бунга Юсуф ва Мусо а.с. ҳам дохил), исми Қуръонда зикр этилган ва этилмаган барча пайғамбарлар, Амон маъбадининг роҳиблари (Ҳо-Амон) билан муросасиз ва ҳаёт-мамот мужодаласи олиб борганлар, ва ҳар гал Ҳомонлар уларни йўқ қилмоқчи бўлганлар.

РАББОНИЙУН: Ўзларини Рабб’га атаган, бағишлаганлар, «Рабб’чилар» маъносидадир. Рабб’нинг китобини сақламоқ, қўримоқ, Китобнинг шоҳидлигини қилмоқ ва унинг-ла ҳукм бермоқ каби миссиялари бўлгани маълумдир. (Моида:44). Бугун эса шакл ва мақом-мавқе ўлароқ «дин пешвоси» кўриниши бўлмаса-да, «Ислом даъвоси», «Қуръонга ҳизмат», «Қуръон талабаси», «Қуръонга даъват», «Ҳиммат, ҳизмат, шоҳидлик, даъват, исломий мужодала» ва ҳ.к. номлар остида Аллоҳ, Китоб, Дин даъвосини иддао этувчи барча шахс, гуруҳ ва жамоаларни ифода этади…
Энди эса, келинг, булар Қуръонда нега танқид қилинишини кўриб чиқайлик.

***

Илк оят дин пешвосининг жамиятдаги ролини очиб беради бизга:
1. Фиръавн деди: «…Сен эй Ҳомон, пишган лойдан менга бир қаср бино этки, Мусонинг Тангрисига етишай»(Қасас:38)
Кўриб турганимиздек, Ҳомоннинг вазифаси «Пишган лойдан Фиръавнга қаср бино этиш». Гўё Мусонинг Тангрисига етиша оладигандек. Бу ерда Ҳомон (Фиръавн хизматидаги дин пешвоси) типологиясининг бир Тоғут тизимидаги ролини кўрамиз. Фиръавн, албатта, баланд қаср қуриб, осмонга чиқиб кетаман, дейдиган нодон эмасди, унинг бу ердаги ифодаси рамзий бир истеҳзо эди. Мусони ағдаришга ярайдиган бирор йўл, восита ва сабаблар (асбоб) тузиб беришни истайди Ҳомондан. «Мусонинг Тангрисидаги куч-қудратни менга бер» демоқчи бўлади. Бу қандай қилинади? Диннинг афъюн юзи орқали! (қаранг: «Диннинг афъюн юзи» номли мақола)…

***

Иккинчи оят роҳибликнинг юзага чикиши ва илдизини фош қилади:
2. «Роҳибликни эса улар ўзлари уйдирдилар. Биз уларга буюрганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолиги учун бошлаб, сўнг унга тўғри-тўла риоя қилмадилар. Биз улардан иймон келтирган кишиларга ажр-мукофотларини бердик, уларнинг орасида кўплари фосиқ-итоатсиздир».(Ҳадид:27)
Пайғамбар ҳақида келган баъзи ривоятлар бу борада ғоят очилагувчидир.
Ибн Аббосдан келган бир ривоятда шундай дейилади: «Фатрат даврида қироллар Таврот ва Инжилни ўзгартирдилар. Бир гуруҳ инсон ноқулай ва дағал либослар кийиб, дарвешона ҳаёт бошлади»…
Яна Ибн Масъуддан бошқа бир ривоятда пайғамбар унга шундай дегани ривоят қилинади: «Эй Ибн Масъуд, сен Бани Исроил етмиш фирқага бўлинганини, уч фирқаси мустасно барчаси дўзахда эканини, бу уч фирқа эса 1) Исога имон келтирган, унинг даъватига ёрдам бериш учун Аллоҳнинг душманларига қарши урушган фирқа, 2) Урушишга тоқатлари етмагач, амри-маъруф ва наҳйи-мункар қилган фирқа, 3) Бу икки ишга ҳам кучи етмагани учун қалин юнгли тўнлар кийган, хилватга ва чўлларга чекилган фирқа ва бу «Унга тобеъ бўлганларнинг юракларига шафқат ва марҳамат қўйдик», оятида ифода этилганини биласанми?» (Розий)
Ушбу оятда Руҳбонлик, аслида, уйдирма экани, Аллоҳнинг ризоси учун бундай иш бошлаб, сўнгра унга амал қилмай, йўлдан чиққани айтилмоқда. Ҳамда Тавротни ва Инжилни «қироллар» таҳриф этгани билдирилади.
Бу нима дегани?
«Дин душманлари билан урушган/амри-маъруф ва наҳйи-мункар қилган/хилват ва чўлларга чекилганлар» мустасно, қироллар ўз хизматига кирган Руҳбонларга «худоликка етказувчи баланд бино» барпо этишларини талаб қилади. Ва шу билан, қиролларнинг буйруғи билан Аллоҳнинг Китоби, дин пешволари – руҳбонлар – қўли билан таҳриф этилди. Таҳриф, албатта, лафзий бўлиши шарт эмас, «Қиролга итоат – Тангрининг амри, Подшонинг амри – вожиб», дея дин уйдирувчи Руҳбон синфи таҳрифотнинг уруғини экиб берган, энг «баланд бино»ни қуриб берган демакдир.
Византияда қироллар халқни бошқариш учун дин пешволари синфини ижод этиб, уларнинг гапини империянинг расмий дини ва барча учун фарз ҳолга келтирган. Ундан олдин эса Форс «қироллари» Мусонинг мероси ичидан «раввинлар» яратиб, улар билан тил бириктирган, ва улар орқали минтақани ўз назорати ва ҳукмронлиги остида тутмоқчи бўлганлар. Ундан олдин эса Миср қироллари… Ундан олдин эса Асур қироллари… Ундан олдин эса Сумар қироллари…
Кўриб турганимиздек, роҳиблик замонлар ўтиши билан, профессионал дин пешволарига айланиб, «дин суистеъмоли» номини олган. Чунки улар кучини фақат дин пешвоси бўлиш ва инсонларнинг диний умидларини суистеъмол қилишдан олишган. Ерюзида ҳақ ва адолатни ҳоким қилиш, ноҳақликларга қарши кураш, ўзаро модддий-маънавий ёрдамлашиш, инсонларни қашшоқликдан, маҳрумликдан ва зулмдан қутқариш каби асил ишларни ташлаб, «руҳларни қутқариш» миссиясини олганлар ўз зиммасига. Шу билан инсонларнинг руҳларига нуфуз этганлар ва бу нуфузни қиролларга қуллик йўлига сарфлаганлар. Шу билан дин, оммаларнинг афъюни ҳолига келган…
Ҳалкнинг бағридан чиққан (уммий) набий эса «Бизда руҳбонлик йўқдир, жиҳод бордир» дейди…

***

Учинчи оятдан, дин пешволари (Аҳбор ва Руҳбон) қироллар хизматидан нималарни умид қилиши, қироллар учун халқ зеҳнида қуриб берган «худога етказувчи баланд бино» эвазига нима олиши, ва қайси гуноҳи сабабли йўлдан озишини кўрамиз:
3. «Уларнинг кўпларини гуноҳ, зулмга ва ҳаром ейишга чопаётганларини кўрасан. Қилаётган ишлари нақадар қабиҳ иш! Аҳбор ва руҳбонлари уларни гуноҳ сўзлардан, ҳаром ейишдан тийса бўлмайдими?! Қилаётган ҳунарлари нақадар ёмон ҳунар!» (Моида:62-63)
Оятда келган «Ҳаром ейиш – Акли суҳт», халқнинг пули-молидан, бошқаларнинг меҳнатидан ноҳақ ейиш/ҳаром бойлик орттириш демакдир. Мана шунай қилиб, аҳбор ва руҳбон буларга овоз чиқармай, ҳатто бу ишларнинг ичида бевосита ўрин олиб, ҳаром ейишга шерик эдилар…

***

Тўртинчи оят дин пешволаридаги очкўзлик (акл) ва зиқналикни (канз) фош қилади:
4. «Эй мўъминлар, аҳбор ва роҳибларнинг аксарияти, одамларнинг молларини ноҳақ ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Олтин-кумушни босиб қўйган, ва уни Аллоҳ йўлида инфоқ қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» бергин!»(Тавба:34)
Оятда келган «одамларнинг молларини ноҳақ ейдилар» (йаъкулуна амволан-носи бил-ботил) ва «олтин-кумушни босиб қўйган» (йакнизуназ-заҳаба вал-физзо) ифодаларини Абу Зарр ал-Ғифорий, Муовиянинг юзига ўқиган эди. Муовия эса «Бу ерда мендан эмас, ғайридин пешволаридан сўз кетяпти», деганида, Абу Заррнинг унга жавоби шу бўлди: «Бу умматнинг аҳбори ҳам, руҳбони ҳам сен бўлдинг!»
Ҳа, халқнинг молини ноҳақ ейиш, очкўзлик ва бойлик тўплаш (акл ва канз) йўлига ўтган ҳар қандай диний лидер, ўша жамиятининг аҳбори ва руҳбонидир! Булар саллали ва соқолли дин пешвоси либосида бўлгани каби, костюм-шим ва галстукли бўлиши ҳам мумкин. Ҳатто иллоки дин пешвоси мақомини ташиши ҳам шарт эмас. Ўша даврларда буни кўпроқ дин пешволари қилгани боис, улар мисол қилинади. Бугун эса буларнинг ҳаммаси Қуръонда «ҳалқнинг молини ноҳақ ейдиган, олтин-кумушни тўплайдиган ва Аллоҳ буюрган йўлларга инфоқ этмайдиган» тоифа, жамиятдаги бировнинг меҳнатидан ғамлаш ва ейиш касалига мубтало паразит уст синфлардир…

***

Бешинчи оят, дин пешвоси бўлмаса-да, бир миссия юкланган, бир замонлар ёки ҳозир «Рабб’га ўзини атамоқ, Қуръонга, Исломга ҳизмат» ва б. иддао эгаларига йўналтирилади:
5. «Раббга атанганлар ва дин пешволари Аллоҳнинг китобини қўришдан жавобгар бўлиб, унга гувоҳ бўлиб, у билан ҳукм қилардилар. Бас, одамлардан қўрқмангиз, Мендан қўрқингиз. Ва менинг оятларимни оз қийматга алмаштирмангиз!»(Моида:44)
Кўриб турганимиздек, асосий урғу яна айни нуқтага урилмоқда: «Ва менинг оятларимни оз қийматга (саманан қолийлан) сотмангиз!» Табиийки, бу ердан «Оз қийматга эмас, қимматга сотинг» деган маъно чиқарадиганларни ҳам кўрдик, аммо бундай англаш учун, холис Мамон тангрисига қул бўлмоқ керак. Шунинг учун таржимани бироз фарқли бердим.
Бугун учун айтадиган бўлсак, бу ерда, Исломга ҳизмат иддаосида барча Раббонийунга асосли бир огоҳлантириш бордир. Яъни Рабб даъвосини юритувчилар, Аллоҳ йўлида ҳизмат иддаосидагилар, Китобни қўриш, қўллаш, шоҳидликни-гувоҳликни қоим қилиш учун, ваҳйни ҳаётнинг марказига ташиш, аҳл-и Қуръон вал-Ислом вас-суннат вал-ҳизмат вал-ҳиммат… ва ҳ.к. Рабб даъвосидагиларга демоқчи бўладики:
«Эй «Аллоҳ, Рабб» дея йўлга чиққанлар! Охирига келиб, Аллоҳ ила алдаганлардан бўлиб қолмангиз! Эй Қуръон дея йўлга чиққанлар! Охирига келиб, Қуръон тужжори ҳолига келмангиз! Эй пайғамбар дея йўлга чиққанлар! Охирига келиб, пайғамбарнинг курсисидан бойлик йиғувчилардан бўлиб қолмангиз!
Яъни Қуръонни ва унинг ўлимсиз месажларини оз қийматга, асил мақсадидан буриб, манфаатга, тижоратга, мол-мулк йиғишга тўкмангиз!
«Исломий фаолият» дея бошлаб, Исломий тижорат вал-манфаатга айлантирмангиз!
«Дорул-Арқам» дея бошлаб, сўнгра жамоат, сўнгра жамият, сўнгра вақф, сўнгра ширкат, сўнгра ҳолдинг ҳолига келиб, фақиру-фуқародан тўпланганларни «даъво» ёки «ҳизмат» номига бойлик жамлаш сармоясига айлантирмангиз! «Дорул-Арқам»лар тамоман буларнинг терсига қурилган эмасмиди?
«Боғ эгалари» ҳақидаги қиссани ўқий-ўқий, охирига келиб ҳар бирингиз бир «Боғ эгаси» ҳолига келмангиз!
Тўплаганларингиз устидан мутакаббир бойлик ва иқтидор қасрлари тикмангиз! Тарк этганингиз қозонганингиздан кўра хайрлироқдир.
Эй дин олимлари! Эй диний китоб ёзувчилар! Аллоҳ, Китоб, пайғамбар устидан йиғғанларингизни асл эгаларига қайтариб беринг! Аллоҳ йўлида (камбағал-бечорага, фақир-мискинга, кимсасиз-ҳимоясизга) инфоқ этинг! Фақатгина эҳтиёжингиз қадар ҳақингиз бўла олади, қолгани – жаҳаннам оловидир!
Агар бундай қилмасангиз, Аллоҳнинг оятларини оз қийматга сотибсиз демакдир! Булар устидан нима қозонсангиз ҳам фарқи йўқ, ҳаммаси «Аллоҳнинг оятларини оз қийматга сотиш» бўлади, эгасига аламли азоб ва қовурувчи оташдан бошқа нарса эмас!»

***

Оятларнинг берган месажини бундай англамасдан, Муовия каби «бу мен эмас, анавилар» дея кўзни олиб қочиш, фақат ўз-ўзини алдашдан бошқа нарса эмас. Месажи ва кимга ҳитоб этгани очиқ-ойдин бўлган бу оятлардан бошқа тарафга буриб, ундан шифра чиқариш, илмий кашфиётлар ахтариш, Қуръон зиёфатлари (!) ўтказиш, астрологик, космологик, теологик, каломий, фалсафий буюк ва теран (!) маънолар топиш, шифо ниятида ўқиш, суфлаш, тумор ёзиш – Қуръонни тингламасдан атрофида шовқин чиқаришдир холос!
Қани, бу оятларнинг илк муҳотаблари манфаатларига тегиши билан, уни эшиттирмаслик учун, шовқин чиқариб, оятларни англашнинг олдини олишга уринишарди-ку, худди шундай… (Кофирлар дедилар: «Сизлар бу Қуръонга қулоқ солманглар ва жаврайверинглар, шунда ғолиб бўласизлар». Фуссилат:26)

***

Қуръонда Аҳбор, Руҳбон, Ҳомон, Раббонийун ифодалари келган ўринларни бирма-бир кўриб чиқдик. (Ҳомон зикр этилган бошқа оятлар ҳам кўп, аммо фақат Фиръавн билан бирга зикр этилади холос. Уларни бу ерда келтириб ўтирмадим)
Булар «қайси гуноҳидан», «қай сабабдан» танқид қилинганига эътибор беринг: Қиролларга халқни итаот қилдириш, халқ онгида уларни Худо билан тенг мақомга чиқариб, «баланд бино ва қасрлар қуриш»… Ҳаром ейиш… Ҳалқнинг мол-мулкини қўлга кечириш… Олтин ва кумушни йиғиш, канз хасталиги… Аллоҳнинг йўлида инфоқ этмаслик… Аллоҳнинг оятларини оз қиймат эвазига сотиш…
«Дин пешволари»нинг гуноҳларининг сабаби эса – «васвасаларнинг онаси» билан айни – мулки лаа йаблаа! – (йиқилмаяжак бир мулкка қовушиш ҳирси!)
Баъзилар «Бу қандай дин китоби, дин пешволарини қандай қилиб ерга ураяпти?» дейиши мумкин.
Шундай… Чунки Қуръон – бир дин китоби эмас!
Ислом – динлардан бир дин эмас!
Пайғамбар – дин пешвоси эмас!
Буларни англаб етмасдан, Исломнинг динлар тарихидаги ўрнини ҳеч қачон англай олмассиз.
Кўрдингиз… Юқорида фақат «дин пешвоси» унвони билан номма-ном зикр этилган оятларни келтирдим. Қолганлари бўлсайди, балки талқин этиш, бошқа тарафга буриш ва «Булар биз ҳақимизда эмас» дейишлари мумкин эди.
Аммо булардан қочиш борми?
«Фаайна тазҳабун…» (Қаёққа кетаяпсиз?)

İhsan Eliaçık
Туркчадан Камолиддин Йўлдош таржимаси

Комментариев нет: