29.11.2016

Иддаоларга жавоблар (1. Пайғамбарнинг ҳар сўзи ваҳйми?)

Ривоят ва фатволарни дин дея гумон этган кўпчилик, уларнинг бошида бу ривоят ва фатволар ортидан моддий ва ижтимоий даромад тўплаган дин тужжорлари, сўнгги пайтлар бизнинг “Аллоҳнинг Китоби етар!” (Ҳасбуна Китобуллоҳ) чақириғимиздан саросимага тушиб қолганлари сир эмас.
Аввалига менсимаслик (булар 3-4 киши холос каби), кейин турли лақаблар, охири “адашган” ва “кофир” каби фатволар чиқариш орқали бизнинг сасимизни ўчиришга, аслида эса одамларни динни холис Аллоҳга қилишдан тўсишга, ва, энг муҳими, ўзининг уйдирилган динини ҳалиям кўпчиликка пуллай олишга умид боғламоқдалар.
Уларнинг баъзиларини биз очиқ мулоқот ва мунозара учун, радио эфирларига чақирганимиз ҳам бўлди. Аммо очиқ баҳсда шу ошкор бўлдики, бирорта айбловига исбот ва далиллари йўқ экан, шунинг учун бугунгача туҳмат ва такфирчилигини давом эттириб келмоқдалар.
Уларнинг бу ҳунари янгилик ҳам эмас. Аммо бу мавзуни кузатиб келаётган, ва Ҳақни ҳақ дея кўриш ва унга эргашишни истаган баъзи самимий биродарлар бизга мурожаат қилишди, ҳамда Уйдирилган дин ҳимоясига бевосита Қуръон оятлари қўлланилаётганини айтиб, бунга жавоб беришни маслаҳат қилдилар.
Биз бу маслаҳатни маъқул кўрдик, ва бугундан эътиборан бу иддаоларнинг бирма-бир жавобини бериб борамиз.

uzbekislam.com таҳририяти

***

Иддао №1. Пайғамбарнинг ҳар бир сўзи ваҳйдир
Пайғамбарнинг ҳар бир сўзи ваҳйдир. Нажм сурасининг 3-4-оятларида айтиладики, “У ҳавосидан гапирмайди, бу – унга қилинган ваҳйдир”. Шунинг учун пайғамбаримизнинг ҳаёти бўйича айтган ҳар бир сўзи ва қилган ҳар бир амали – Аллоҳдан келган ваҳйдир.

Иддаога №1 га жавоб
Қуръонни ўқирканмиз, пайғамбарнинг кундалик сўз ва феъллари билан унга нозил қилинган ваҳй орасини айирганини кўради. Қуръонга кўра, пайғамбарнинг кундалик ҳаётда айтганлари эмас, балки фақатгина Аллоҳдан келган Қуръон – ваҳйдир. Қуйидаги оятлар буни тасдиқлайди:

1)
Тавба сурасида Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини, Аллоҳ йўлида моли ва жони ила мужодала этиш борасида сусткашлик қилган мунофиқлар ҳақида огоҳлантиради:
“Аллоҳ сени афв этсин. Нега то сенга ростгўй кишилар аниқ бўлиб, ёлғончилари ҳам аниқ бўлмай туриб, уларга изн бердинг?!” (9:43)
Юқоридаги оятда пайғамбар, ёлғончилар билан тўғрисўзлар аниқлангунига кадар кутмасдан, урушдан қолишни истаганларга изн бергани учун танқид этади. Агар пайғамбарнинг ҳар бир айтган сўзи ва қилган амали Аллоҳнинг ваҳйи бўлсайди, пайғамбар мунофиқларга урушдан қолишга рухсат бергани учун Қуръонда танқид этилармиди? Бу оят шуни кўрсатмоқдаки, пайғамбарнинг ҳар сўзи ва амали ваҳй эмасдир.

2)
Аъроф сурасида айтилишича, пайғамбар бирор янги ваҳй келтирмаганида, кофирлар шундай дейишарди:
“Қачон уларга бирон оят келтирмасанг, “Ўзинг тўқий қолмайсанми?” дейишади” (7: 203)
Бу оят очиқ-ошкор кўрсатмоқдаки, пайғамбарнинг кундалик сўзлари илоҳий ваҳй эмас. Агар пайғамбарнинг ҳар айтгани Аллоҳдан келган ваҳй бўлсайди, Аллоҳ “Уларга бир оят келтирмасанг…” демасди. Пайғамбарнинг оғзидан чиққан ҳар бир сўз Аллоҳнинг ваҳйи бўлсайди, кофирлар, пайғамбарнинг кундалик ҳаётдаги оғзидан чиққанлар билан Аллоҳдан келган ваҳйни бир-биридан айиролмасди ва янги бир оят келтирмагани учун пайғамбарга таъна қилишмасди. Юқоридаги оят шуни кўрсатмоқдаки, пайғамбар инсонларга ваҳй ўлароқ фақат Қуръон оятларини келтирган.
Оятнинг давоми бу ҳақиқатни яна-да очиқ баён этади:
“Айт: “Мен фақат Раббимдан келган ваҳйгагана эргашаман. Бу – иймон келтирадиган кавм учун Раббингиз тарафидан кўрсатма, ҳидоят ва раҳматдир”. (7:203-204)

3)
Таҳрим сурасида пайғамбар Аллоҳнинг ҳалол килгани бир нарсани ўзига ҳаром килгани айтилади:
“Эй набий, нега сен жуфтларинг розилигини истаб, Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб олурсан?! Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир”. (66: 1)
Юқоридаги оят ҳам пайғамбарнинг ҳар айтгани ва ҳар амали ваҳй эмаслигини кўрсатади. Пайғамбар ўзи олгани қарорлар билан ҳам амал этгандир. Акс ҳолда, пайғамбар, Аллоҳнинг изн берганини ўзига таъқиқлай олмасди ва Аллоҳ ҳам пайғамбарини ҳалол килинган бир нарсани ўзига ҳаром қилгани учун огоҳлантирмасди.

4)
Бақара сурасида, пайғамбарга келган ваҳйга эътибор қаратиларкан, кофирларга Қуръондаги сураларга ўхшаш бир сура келтиринг, дея майдон ўқилади: “Агар биз бандамизга нозил қилган нарсадан шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз” (2: 23)
Юқоридаги оятда ўрин олган чақириқда, кофирлардан, худди пайғамбарга нозил қилинганга ўхшаш бир сура келтириш исталади. Маълумки сура деб фақат Қуръон оятларига айтилади, Пайғамбарнинг кундалик сўзларига эмас.
Мазҳаблар тарафидан Аллоҳнинг ваҳйи дея мақталган ҳадис китоблари ва бошқа уйдирмаларнинг бирортаси сура эмас. Шундай экан, Аллоҳнинг пайғамбарга нозил қилганидан мурод – фақат Қуръондир.

5)
Моида сурасида муъминларга бир қатор масалаларда савол бермаслик тавсия этилади. Зеро саволларга бериладиган жавоблар билан бирга янги диний вожиботлар юкланиши мумкин. Аммо бу саволларни Қуръон нузули даврида сўрасалар, Қуръон уларнинг саволларига жавоб беради:
“Эй иймон келтирганлар, очилганда сизларни хафа қиладиган масалалар ҳақида савол бермангиз! Қуръон нозил бўлаётган даврда улар ҳақида сўрасангиз, сизларга очиб берилади. Ҳолбуки, Аллоҳ у нарсаларни кечиб юборгандир. Аллоҳ мағфиратли, ҳалиймдир” (5:101)
Агар пайғамбарнинг айтган ҳар бир сўзи ваҳй бўлсайди, муъминлар дин ҳақидаги саволларига жавобни Қуръонда излаши шарт бўлмасди. Биргина Қуръон нузули даврида эмас, ҳар гал пайғамбарга бир савол берсалар, эшитган жавоби – ваҳй, яъни илоҳий жавоб бўлаверарди. Муъминлардан, саволларининг жавобларини Қуръонда излаш амри шуни кўрсатадики, пайғамбар оғзидан чиққан ҳар қандай сўз – ваҳй бўлавермайди.

6)
Тавба сурасида мунофиқлар Қуръонда нозил қилинган ҳар оятдан қўрқадиган кишилар ўлароқ сифатланади:
“Мунофиқлар ўзлари ҳақида дилларидаги нарсадан огоҳлантирадиган бирон сура нозил бўлиб қолишидан қўрқадилар, ва масхара қилиб куладилар. Айт: “Кулаверинглар, Аллоҳ сизлар қўрқаётган нарсани албатта ошкор қилгувчидир”. (9:64)
Пайғамбарнинг Қуръон оятларидан бошқа, яъни башарий сўзлари мунофиқларнинг дилларида яширган нарсаларини ошкор қилмас ва уларни қўрқитмас экан, Қуръон – Аллоҳнинг каломи экани боис, мунофиқларнинг ичларида яширган энг махфий сирларни ҳам фош қилиб, юзларига уради ва уларни қўрқитади.
Бошқа бир оятда эса муъминлар Қуръондан янги бир оят нозил бўлишини сабрсизлик билан кутиши айтилади:
“Иймон келтирганлар: “Бирон сура нозил қилинганида эди”, дерлар. Энди қачонки аниқ бир сура нозил қилиниб, унда жанг зикр этилса, дилларида мараз бўлган кимсаларни, сенга худди ўлимдан беҳуш бўлиб қолган кимсанинг қараши билан қарашаётганини кўрурсан. Улар учун фақат итоат ва яхши сўз лойиқроқ эди”. (47:20)
Агар пайғамбарнинг ҳаёти бўйича ҳар айтган сўзи “ваҳй” бўлса, муъминлар нега пайғамбарнинг Қуръондан ташқари сўзларига татмин бўлмадилар? Муъминлар Қуръондаги сураларнинг ваҳй этилишини сабрсизлик билан кутишлари, Аллоҳнинг ваҳйи – фақатгина Қуръон эканини кўрсатмайдими?

7)
Ҳуд сурасида Аллоҳнинг ваҳйи – фақат Қуръон экани билдирилади:
“Уларнинг: «Унга осмондан хазина — бойлик туширилса ёки у билан бирга бирон малак келса бўлмасмиди?» деганлари боис, эҳтимол, сенга ваҳий қилинаётган оятларнинг айримларини тарк этар ва шу сабабли дилинг сиқилар? Сен фақат огохлантиргувчисан, холос. Аллоҳ, ҳамма нарсанинг устида вакил — бошқариб тургувчидир. Ёки: «Уни ўзи тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айт: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Аллоҳдан ўзга кучингиз етган барча шерикларни чорлаб, бунга ўхшаш ўнта «тўқилган» сура келтирингиз!”(11: 12-13)
Юқоридаги оятда келган “сенга ваҳий қилинаётган” ифодаси пайғамбарга индирилган ваҳйнинг тамомини қамрайди. Бу оятда зикр этилган ваҳй бу – Қуръондир. Зеро пайғамбарнинг келтиргани рисолатни ёлғонга чиқарганларга майдон ўқиган Аллоҳ, улардан Қуръондаги сураларга ўхшаш суралар келтиришни истамоқда. Эҳтибор беринг, Аллоҳ, кофирларга майдон ўқиркан, улардан, бошқа бир китоб ёки сўзни тақлид этишни истамаяпти. Агар пайғамбарнинг Қуръон ташқарисидаги сўзлари ҳам ваҳй бўлсайди, у ҳолда майдон ўқишда кофирлардан фақат Қуръон сураларига ўхшашини келтириш исталмасди. Юқоридаги оятлар очиқ тарзда шуни кўрсатмоқдаки, Аллоҳ тарафидан нозил қилинган ягона ваҳй – Қуръондир.

8)
Аллоҳ, пайғамбарга Қуръонда ҳукми келмаган ишлар ҳақида ёнидаги муъминлар билан машварат қилишни амр этади. Агар пайғамбарнинг ҳар сўзи ва ҳаракати ваҳй бўлсайди, Аллоҳ пайғамбаридан муъминлар фикрини олиш, улар билан машварат-маслаҳат қилишни истармиди?
“… Ишларда уларга маслаҳат сол! Ва қарор олгач, Аллоҳга таваккал қил! Албатта Аллоҳ таваккал қилгувчиларни севади” (3: 159)
Бу оят ҳам очиқ-ойдин равишда шуни кўрсатмоқдаки, пайғамбарнинг кундалик ҳаётдаги гапирганлари ваҳй эмас. Аллоҳ тарафидан унга келган ваҳй – фақат Қуръон билан чекланади.

***

Мана энди Нажм сурасининг илк тўрт оятига қайтайлик:
“Сингиб бораётган нажм (яъни нозил бўлаётган оятлар) гувоҳки, ҳамроҳингиз на адашди, на йўлдан озди. У ҳавои-нафсига кўра гапирмаётир. Индирилган бир ваҳйдан бошқа нарса эмасдир у”. (53: 1-4)
Бу оятдаги “ваҳй” нима? Пайғамбарнинг оғзидан чиққан ҳар қандай калимами? Бу ергача зикр этганимиз оятлар пайғамбарнинг оғзидан чиққан ҳар қандай сўзни ваҳй эмаслигини кўрсатиб турибди. Хўп, у ҳолда Ваҳй нима?
Ваҳй нима эканин англамоқ учун Шуро сурасига қарайлик:
“Ана шундай! Ўлка ва маданиятларнинг онаси ва атрофидагиларни огоҳлантиришинг учун, сенга арабий Қуръонни ваҳй этдик”. (42:7)
Аллоҳ бу оятда, пайғамбарга келган ваҳй – Арабча Қуръон билан чекланишини айтмоқда. Пайғамбарнинг Қуръонда ўрин олган бир ифодаси ҳам буни қувватлайди:
“Сизларни ва етиб борган кишиларни огоҳлантиришим учун менга мана шу Қуръон ваҳий қилинди” (6: 19)

Бу оятларнинг барчаси очиқ-ойдин, бирон шубҳага ўрин қолдирмас тарзда шу ҳақиқатни кўрсатмоқдаки, Аллоҳдан пайғамбарга келган ваҳй – фақат Қуръондир, Қуръондан ташқарида бирор ваҳй йўқдир.

Комментариев нет: