13.03.2015

Аёлларни калтаклаш Аллоҳнинг амрими?


Аёл кишиларга қарши куч ишлатиш, уларни уриш, калтаклашни ёқловчилар буни Қуръоннинг буйруғи, Аллоҳнинг амри дея оқламоқчи бўладилар ва Нисо сурасининг 34-оятини далил келтирадилар. Келинг, бир кўриб чиқайлик, ҳақиқатан ҳам шундайми?



Даставвал, Нисо сураси 34-оятнинг ўзбекча таржималарига мурожаат этамиз:

Алоуддин Мансур таржимасида шундай дейилади: “Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга панд-насиҳат қилинглар, сўнг (яъни насиҳатларинг кор қилмаса) уларни ётоқларда тарк қилингиз (улар билан бир жойда ётманг, яқинлашманг), сўнгра (яъни шунда ҳам сизларга бўйинсунмасалар) уринглар.” http://muslimuzbek.narod.ru/quran/4.htm#34

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эса бундай таржима этган: “Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг”. http://www.quran.uz/tarjima/quran/4

Бу оятларда “УРИНГЛАР” дея таржима этилган сўзнинг Қуръондаги асли “Вазрибуҳунна” калимасидир. “Зараба” ўзакли бу калима Қуръонда 52 ўринда такрорланади ва 12 фарқли маъно ташийди, масалан “урмоқ, этмоқ, ташламоқ, қолдирмоқ, айрилмоқ, кўрсатмоқ, қўймоқ” ва б.

Бу калима араб тилининг худди “Аспирин” каби деярли ҳар дардга даво калимасидир, ўзбекчадаги “этмоқ” ёки инглизчадаги “get” феъли каби.

Юқоридаги иккала таржимада ҳам “уринглар” дея ўгирилган бу феълнинг қолган 11 маъносига эътибор берадиган бўлсак, оятнинг контекстига уйғун қуйидаги маъноларни англаш мумкин: “уларни бир муддат айиринг/улардан бир муддат айрилинг; уларни уйдан узоқлаштиринг/узоқлашинг” ёки “улардан бир муддат айри, алоҳида яшанг”.

Оятдаги эътибор беришимиз лозим бўлган иккинчи калима “Нушуз” ўзбекчага “итоатсизлик” дея ўгирилган. “Нушуз”нинг маъноси “кўтарилмоқ, шишмоқ, юзага келмоқ, ўртага чиқмоқ, оёққа қалқмоқ, нормал ҳолатдан чиқмоқ, исён этмоқ, эр-хотиннинг ўзаро жанжаллашмоғи” демакдир.

Ҳам “зараба” ҳам “нушуз” калимаси бугунги маҳкамаларда дуч келаётганимиз оилавий ажралишларга доир қўлланилгани тушунарли бўлади.

Бундан ташқари,“зараба” феълининг Қуръонда яна “сафарга чиқмоқ, бир жойдан бир муддат айрилмоқ, очмоқ, айирмоқ” каби маъноларда қўлланилганини кўрамиз:

“Сафар қилиб бошқа ерларга борганингизда (“зарабтумфил-арз”), агар кофирлар фитнасидан қўрқсангиз, намозингизни қаср (қисқа) қилиб ўқишингизда гуноҳ йўқдир” (Нисо:101)

“Дарҳаҳиқат Биз Мусога:«Сен бандаларимни тунда олиб кетиб, улар учун қуриган денгизни йўл қил… (фа-зриб лаҳум торийқон)», деб ваҳий юборганмиз” (Тоҳа:77)

Шундай экан,“аёлларни уринг” дея машҳур бўлган буоят аслида аёлларни уриш, калтаклашни машруъ қилиб бериш учун эмас, аксинча бундай одатнинг тарк этилишини мақсад қилади.

Пайғамбар аёлларига қўл кўтармаган 

Ҳадис китобларида шундай ривоят келтирилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига кўп аёллар эрларидан шикоят қилиб кела бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кўп аёллар эрларидан шикоят қилиб келмоқдалар. (Аёлларини урадиган) у кишилар сизларнинг яхшиларингиз эмас», дедилар (Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким,Саҳиҳул-жомиъ: 5137)”.

Юқоридаги оятлар нозил бўлган замон ва макон, аёлларни уриш, калтаклаш, уларнинг ҳақларини поймол этиш оддий ҳолат бўлган бир жамият эди. Мазкур шикоятларга жавоб ўлароқ нозил бўлган оятларда, оилавий муаммоларда калтакни ягона ечим йўли билган эркакларни бу йўлдан қайтармоқда.

Шундай экан, пайғамбар ҳузурига эрларнинг зўравонлигидан шикоят қилиб, адолат истаб келган жабрдийда аёлларга қарши Раҳмон ва Раҳим бўлмиш Аллоҳ “Уларни уринглар!” ёки “Уришда давом этаверинглар!” дея амр этиши мумкинми?

Қуръон бошидан охиригача инсониятни зулмдан қайтарган, ҳатто душманларимизга нисбатан ҳам адолатли бўлишни амр этган экан, яна қандай қилиб инсонлар “аёлни калтаклаш– Аллоҳнинг амри” дейишга журъати етганини англаш мушкулдир.

Аввало насиҳат ва холис маслаҳат, сўнгра бир муддат ётоқни айри тутиш каби ғоят табиий услублар қўлланилмаган, “Калтак маймунниям одам қилади” каби жоҳилий қолиплар ҳоким бўлган еттинчи аср жамиятига юқоридаги оятлар орқали инсонча муомала алифбосини ўргатиш мақсад қилингани очиқ-ойдиндир.

Бу оятларга тааллуқли ривоятларга эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбар а.с.нинг ҳеч қачон оиласига қўл кўтармаганини кўрамиз. Оилада муаммо чиққанида ҳам, аввало уларга насиҳат йўлини тутганлар, сўнгра ётоғини айирганлар ва бир муддат (тақрибан бир ой) улардан алоҳида яшаганлар. Кейинчалик ярашув бўлгач, такрор қайтганлар. Оятга берганимиз маъно ҳам мана шу суннатга таянади.

Оятдаги “вазрибуу” калимасига “уринглар” маъносини бергач, буни “калтакламоқ, саваламоқ” каби яна-да муташаддид талқинлардан юмшатиш учун “қилни қирқ ёрган” шарҳ ва изоҳлар уйдирилди. Масалан урганда “таъсир ва из қолдирмайдиган, суякни синдирмайдиган қилиб уриш (Қуртубий)”, “кетма-кет айни жойга урмаслик, гўзаллик ўрни бўлган юзга урмаслик, уришни қирқдан орттирмаслик (Шофеъий)”, “ўлимга сабаб бўладиган, қамчи, таёқ билан эмас, балки букланган сочиқ каби асбоблар билан уриш (Розий)” ва б.

Шу ўринда бир савол туғилади: “Эркак киши асабийлашган ҳолатда, бундай фатволарга риоя қилиши мумкинми? Бундай муомалага “тарбия” усули эмас, балки “жазо” тури дейиш тўғрироқ бўлмайдими?

Бунинг ўрнига “зараба” калимасининг мавжуд 12 маъносидан Қуръоннинг оилага боқиши ва умумий руҳига мос келувчи “бир муддат айрилмоқ” (талоқ эмас!) маъносига негадир яқин келишни ҳам исташмайди. Боз устига, уришнинг ҳеч ҳам тўғри ва хайрли иш эмаслиги Аллоҳнинг элчиси тарафидан айтиб турилган бўлса… Ва пайғамбар ўз аёлларига бирор марта қўл кўтармагани, уларга куч ишлатмагани, оилада зўравонлик қилмагани гўзал ўрнакларда қаршимизда турган бўлса…

Беш босқичли ечим таклифи 
Шундай экан, оиладаги зўравонлик муаммосини ҳал этишда Қуръон худди кўпхотинлик, ичкилик, зино ҳақидаги оятлардаги каби тадрижий, босқичма-босқич йўл тутади: аввало насиҳат, муроса, бу самара бермаса (уй ичида) ётоқларини айирмоқ, бу ҳам самара бермаса бир муддат (уйдан) айри қолмоқ, алоҳида яшамоқ, бу ҳам самара бермаса хонадон ё оила катталарини ўртага қўйиб, ҳакамлик қилишларини истамоқ, ва энг сўнгги чора ўлароқ ажрашишни (талоқни) таклиф этади.

Ҳатто талоқни ҳам икки марталик қилиб чеклайдики, шу билан яна ярашиб, такрор қовушиш йўлини очиқ қолдиради. Оилада зўравонлик муаммосини энг оддий, ва айни пайтда, соғлом ақлга ва инсон фитратига мувофиқ тарзда ҳал этади.

Бугун оиладаги зўравонликларга ечим излаган ҳар қандай инсон соғлом ақл билан мушоҳада этадиган бўлса, бундан-да чиройли бир йўлни топа олармикан?

Оиладаги зўравонлик муаммосини ҳал этиш учун юқоридаги “беш босқичли ечим таклифи” нафақат мусулмон оилалар учун, балки барча инсоният учун ҳам универсал ечим эканини айта оламиз.

Комментариев нет: