13.03.2013

Роберт Грин: “Ҳокимиятнинг 48 қонуни” (1-12)


Роберт Грин қаламига мансуб машҳур “Ҳокимиятнинг 48 қонуни” китобидан қисқа таржималар. Хоҳловчилар мазкур китобнинг тўлиқ нусхаси билан танишишлари мумкин. Бу ерда эса мен асосий “қонун” бандларини қисқа шаклда таржима қилиб келтиришни маъқул қўрдим. Улар билан танишиб, бугунги Ўзбекистондаги ҳокимият тизимларини англашга бир нав хизмати бўлар, деган умид йўқ эмас.


1-қонун: Ҳеч қачон бошлиқдан ўзиб кетма
Доимо тепадагилар тепада ҳузур-ҳаловатда бўлсин. Уларнинг кўнглига йўл топиш ва уларда ижобий таассурот яратиш юугуриб-елишингизда меъёридан ошиб кетманг – акс ҳолда ўз истеъдодингизни намоён этаман деб, аслида раҳбар қалбига қўрқув ва ўзига ишончсизлик уруғини тиқиб қўйган бўлишингиз мумкин. Яхшиси, раҳбарлар ўзларини ҳақиқатан кўра нодирроқ ва бетакрорроқ буюк инсон деб сезсин, ана шунда сиз ҳам унинг “соясида” юксак чўққиларга етишасиз. 
(Бу қонун - ўзга барча қонунларнинг тамали - К.Й.)

2-қонун: Дўстларга ишониб қолма, душманлардан фойдаланишни ўрган
Дўстларга хушёр бўлинг – улар осонгина сотиб кетади, сабаби – ҳасадга тез енгилади. Ундан ташқари, дўстлар тез эркаланиб, ноҳақликка ўтиб қолганини билмайди. Аммо собиқ душманга бирор хизмат таклиф этиб кўринг, ана шунда у сизга кўпроқ хайрихоҳ бўлади, чунки сизга исбот этмоқчи бўлгани бор унинг. Ростдан ҳам, душмандан кўра дўстлардан кўпроқ хайиқиш керак. Мабодо душманингиз бўлмаса, излаб кўринг, балки топилиб қолар ёки янгисини “яратиш” мумкиндир!..
(Агар "дўстим" деганингиз сизни осонликча сотиб кета олса, демак у зотан дўст бўлмагандир, шунчаки сиз уни "дўст" деб алданиб юрган бўласиз. Муаммони эса ўзингиздан, сиздаги инсонларни таний олиш савиясидан ахтаринг. - К.Й.)

3-қонун: Асл ният сир қолсин
Ҳеч қачон ўз ҳатти-ҳаракатингиздаги асл ниятни ошкор қилманг. Одамлар учун сизнинг навбатдаги қадамингиз қоронғи қолсин, уларни доим қалтис мувозанатда ушланг. Сизнинг навбатдаги қадамингизни билмаса, ана шунда улар ўзларига ҳимоя таъминлай олмайди. Уларни янглиш йўлга йўллаб қўйсангиз, сиз ҳақда нотўғри гумон билан алданаверади, сизнинг асл мақсадингизни билганида эса, вақтни бой берган бўлишади.
(Бу стратегик ишларда энг муҳим қонундир. Янглиш гумонга йўллаш билан душманнинг 50% мағлубияти таъминланади - К.Й.)

4-қонун: Керагидан кўп гапирворма
Ўз нутқингиз билан таассурот пайдо этмоқчи бўлсангиз, унутманг: агар кўп гапирворсангиз, кичик ва кучсиз кўринасиз. Ҳатто сийқаси чиққан бир-икки жумлани ҳар гал такрорласангиз ҳам, сизда ўзига хослик, оригиналлик йўқолмайди, башарти нутқингиз тугалланмаган, тўмтоқ ва жумбоқли бўлса, худди хумдан чиққан сасдай. Бундан ташқари, кўп гапираверсангиз, бирор пойма-пой гап билан қовун тушириб қўйишингиз эҳтимоли ҳам кўпаяди.
(Аслида, ҳокимиятга интилиб, айтар сўзи йўқ бўлса, сиёсатда қиладиган иш йўқ унга. Аммо ота-она ё қариндошлар қўймай мажбурлаётган бечора бўлса, у ҳолда унинг ўрнига бошқалар гапиргани яхши, масалан қўшиқчилар ё диний раҳбарлар. У эса онда-сонда кўриниш бериб қўяди, холос. Агар кўриниши билан шов-шув қилмоқчи бўлса. Мабодо кўриниши ҳам “отни ҳуркитадиган” бўлса, энг осон йўл – фотошоп – К.Й.)

5-қонун: Обрў – жондан азиз
Обрў, сиз ҳақдаги одамларнинг тасаввури — ҳокимиятнинг тамал тошидир. Ана шу тасаввур билан қўрқув соласиз, ана шу тасаввурни ишлатиб ғолиб кела оласиз. Мабодо, обрўга сал путур етса, сизни салобат ва куч-қудрат эгаси эмас, дарҳол заиф ва сохтакор деган таъналар қувлай бошлайди. Обрўингизни Силжимас Қоя қилиб олинг. Ҳар он муҳтамал хуружларга ҳазир туринг ва ҳужум бошланмасданоқ уларни қайтаринг. Душман обрўидан заиф нуқталар топиб, унинг руҳини, ўзига ишонишини чилпарчин қилинг. Кейин эса четга чиқинг-да, нокаутнинг қолганини ижтимоий фикрга қўйиб беринг.
(Тўғрисини айтганда, ўзинг ҳақда бирор сохта тасаввур ва таассурот пайдо этгандан кўра, аслингда шундай бўлган ҳам хаққонийроқ ҳам давомийроқ бўларди. Аммо буни қаранг, ҳокимият учун бугунги кураш фақат найранг ва сохтакорлик устига қурилган бўлгач, қонунлариям шунга яраша-да... - К.Й.)

6-қонун: Нима қилиб бўлсаям, эътибор қозон
Ҳамманинг зоҳирига кўра баҳо беришади, ботиний ҳақиқати билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Зоҳирий кўриниши бўлмаса, қадр-қиймати йўқ. Шунинг учун ҳеч қачон оломон орасида йўқолишга ёки хотиралардан ўчишга йўл қўйманг. Доим ажралиб туринг. Нима қилиб бўлсаям, эътибордан тушманг. Зоҳиран йирикроқ, буюкроқ ва сирлироқ кўриниш ярата олсангиз, атрофдаги кичикфеъл, камтар ва камсуқум инсонларни ўзингизга магнитдай торта оладиган бўласиз.
(Содда қилиб айтадиган бўлсак, бугун ялтироқ журналларда қўшиқчи ва спортчилар эътибор қозонишда қанчалик кимўзарга ўйнатилса, замонавий сиёсатдонлар ҳам улардан унчалик узоқда эмаслар - К.Й.)

7-қонун: Бошқалар сенга ишласин, фойдаси сенга бўлсин
Ўзгаларнинг ақли, заковати, изланиши ва югур-югуридан ўз мақсадингиз йўлида фойдаланинг. Шунда нафақат вақт ва кучни тежаган, балки ўзингиз ҳақда “Хизир назари тушган”, омадли чопган зот тасаввуротини пайдо этган бўласиз. Ёрдамчиларингиз, сизга хизмати сингган меҳнаткашлар ҳаммаси унут бўлиб кетади, хотирада эса биргина Сиз қоласиз. Токи ўзгаларнинг қўли билан битириш мумкин экан, ҳеч бир ишга ўзингиз киришманг.
(Кимдир буни “сиёсий текинхўрлик” дейиши мумкин. Дарҳақиқат, эътибор берилса, ҳар гал бирор шов-шувли воқеа содир бўлиши биланоқ, дарҳол атрофда ундан “сиёсий очко” олишга ишқибозлар пайдо бўлиб қолади. Мазлум халқми, золимга қарши чиққан довюрак бирор қаҳрамонми, оқибатда бир четда қолиб кетиб, ўша “сиёсий очко” талашувчилар қолаверади майдонда. Аммо ҳақиқат шуки, халқ – ахмоқ эмас, барибир уни лақиллатиб бўлмайди, ҳаммани ҳар доим алдашнинг иложи йўқ. Хуллас, 7-қонун ҳам абадий кафолат беолмайди. – К.Й.)

8-қонун: Инсонларни ўзингга яқинлаштир, керак бўлса жозиб ваъдалар қўллан
Бошқа кишиларни ҳаракат эттира олсангиз, демак куч сиз томонда. Агар улар ўзлари хоҳиш билдириб, ва бунинг учун ўз режаларига зид тарзда олдингизга келиши, бу энг яхши ва манфаатлисидир. Уни жозибали манфаатлар билан қизиқтиринг – ва ҳужумга ўтинг. Бунинг учун ҳамма қурол – қўлингизда.
(Эски эртакларда нозанинлар ўз ҳохишлари йўлида содда ва кўнгилчан ботирларни югуртираркан, айни қонунни ишлатарди. Яъни содда қилиб айтганда, бу – бир сиёсий ноз-карашма. – К.Й.)

9-қонун: Ғалабага амалда эриш, оғизда эмас
Гап-сўз ва тортишувда қозондим деганингиз ҳар қандай устунлик, ҳар қандай ғалаба кўпга бормаслиги, ҳатто бир зумда йўққа чиқиши мумкин. Шундай экан, ғалабани тасбит этиш учун бошқа йўл бор - бир оғиз сўз айтмасдан, фақат изчил ҳаракат, қатъий азму-қарор ва мустаҳкам ирода билан ҳар қандай душманни таслим эттириб, содиқ дўстга айлантириш. Минг марта эшитгандан бир марта кўрган афзал, деганларидек, устунлигингизни гап-сўзда эмас, амалда намоён этинг.
(Бугун бу - топилмас бир нодир қонун, унга амал қилувчилар эса яна-да ноёб. Атрофга боқсангиз, ҳамма Олатоғни айириб, Қоратоғни қайириб беради, амалига қарасанг, ғирт акси. Шахсан мен қолган 47 қонундан кўра мана шу 9-қонунга бизнинг ўзбекларимиз муҳтож деб ўйлайман. - К.Й.)

10-қонун: Инфекция: Бадбахтлардан узоқ тур 
Ўзгаларнинг мағлубияти сиз учун ҳалокат бўлиши мумкин — эмоционал ҳолатлар худди жисмоний хасталиклар каби юқумлидир. Сиз чўкаётган одамни қутқараётибман деб ўйлаб, аслида ўз ҳалокатингизни яқинлаштираётган бўлишингиз мумкин. Бадбахт инсонлар бало илаштириб юради, балони сизга ҳам орттириши турган гап. Яхшиси, ҳаётда омади чопган ва бахтини топган кишиларга яқин бўлинг, баракотидан сиз ҳам насиба олиб турасиз.
(Бу қонунга бирор изоҳ қўшишга ҳожат бўлмаса керак. Биргина шуни айтиш мумкинки, бу ердаги "бадбахт" - Аллоҳ тарафидан бадбахт қилинган банда бўлса, золим тарафидан бахтсиз кунлар бошига солинган бўлса, табиийки, уни халос этиш лозим бўлади, зотан энг катта бахт бугун - ЗОЛИМНИНГ ЗУЛМИДАН ХАЛОС БЎЛИШ - К.Й.)

11-қонун: Одамларни ўзингга муҳтож ва боғлиқ қилиб қўй
Одамларга қарам ва муҳтож бўлмаслик учун, доим энг керак, энг зарур шахс бўлишга интилинг. Қанчалик сизга умид боғласалар, шунчалик озодликка эгасиз демакдир. Ўзгаларнинг бахт-саодати ва фаровонлиги сизга боғлиқ бўлишига эришинг – шунда сизга қарши ҳеч қандай хавф-хатар қолмайди. Ҳеч қачон атрофдагиларга барча сир-асрорни ўргатиб қўйманг, акс ҳолда сизсиз ҳам уларнинг иши битадиган бўлиб қолади.

12-қонун: Ўз қурбонингни узил-кесил тор-мор этиш учун, баъзида мардлик ва жўмардлик кўрсатиб тур.
Биргина самимий феъл-атвор намунаси ўнта ғирромликни енга олади. Мардлик ва олижанобликнинг самимий намуналари ҳар қандай сергак рақибнинг, ҳатто энг бадгумон душманнинг ҳам хушёрлигини йўққа чиқаради. Сиздаги вақти-вақти билан ишга соладиган мардлигингиз душман деворида бир ёриқ очгач, инсонларни истаганча алдаш ва манипуляция этишингиз мумкин. ўз вақтида тортиқ қилинган ҳадя - Троя оти - айни мақсадга хизмат қила олади.
(Каримовнинг ўз рақибларига нисбатан баъзан қўлланадигани амнистия, умумий авф, муроса ва ҳ.к. найрангларии ушбу қонуннинг амалдаги мисолидир - К.Й.)

Комментариев нет: