09.11.2012

Тарих инсонга қанча сабоқ бермасин, инсон тарихдан ҳеч қачон сабоқ олмаган

Яқинда dunyoovozi.blogspot.com блоги бир неча саволлар билан мурожаат қилибди. Мен уларга жавоб бериб бўлмасимдан, бечора блог эсон-омон ёпилиб ҳам улгурибди. Ҳар қандай блог ёпилиши мумкин, аммо бизнинг блог ёпилмайди, зеро айтадиган жуда кўп сўзимиз бор ҳали, зеро айтилмаган сўз – отилмаган ўқ.

1. Бугунги мухолифат билан олдинги мухолифатнинг фарқи нимада?

Шахслардаги, шахсиятлардаги фарқлардан ташқари, замон ва макондаги фарқларни айтиш ўринлироқ. Фитрат давридаги мухолифат (агар замонавий “мухолифат” атамаси доирасига сиғдирсак) локал эди, яъни Туркистон минтақаси билан чекланган эди ўз фаолиятида, рақиб эса, аксинча, бундай чекланишдан холи бўлиб, ўз рақибларини ичдан НКВД машинаси воситасида ҳамда ташқаридан Ғарб империалист кучлари билан махфий келишган ҳолда тор-мор этишга эришди. Албатта бу билан масала ҳал бўлди деб бўлмайди, чунки ички душман излаш билан жамият иккига иккига бўлиниб, заифлашади, ташқи рақиб қаршисида эса жипслашади ҳамда кучаяди. Айнан шу заифлашган жамият бошига Иккинчи Жаҳон Уруши тушди, ва айнан шу уруш сабабли, яъни ташқи душман қаршисида жамиятда ниҳоят жипслашиш юз берди.

Бугунги ўзбек мухолифатининг аҳволи ҳам унчалик ўзгаргани йўқ, у биринчидан ҳануз локал, ваҳоланки, қаршисидаги рақиб аллақачон глобализм даври келганини жуда яхши англаган ҳамда бундан жуда унумли фойдаланмоқда. Каримов режими гоҳ Россия, гоҳ Хитой, гоҳ Ғарб билан ҳамкорлик қилади, аммо мухолифатдаги қайси гуруҳ Россиянинг ёки Ғарбнинг мухолиф кучлари билан амалдаги ҳамкорликни йўлга қўйган? Бугун мухолифат қаршисидаги кучлар – сиёсий иқтидордаги доиралар ўзаро яқин ҳамкорлик қилайтган эканлар, уларнинг мухолифлари тарқоқ ҳолда бирор натижага эриша олиши даргумон.

Яна бир жиҳати, мухолиф кучлар ўз ичидан душман ахтаришни бас қилишлари лозим. Албатта, шахслар орасида ўзаро баъзи келишмовчиликлар бўлиши табиий, лекин сиёсий ташкилотни, унинг фаолиятини шахсий адоватлар йўлида ишлатишга уриниш - узоққа олиб бормайдиган усул, ва менимча ҳатто тубанликдир.

2. Уларнинг хатолари нималардан иборат?

Муросани умид қилиш. Сиёсий рақиб билан курашга отланган куч ўз олдига қўйгани мақсадини аниқ ва узил-кесил англаб олиши лозим: бу кураш шунчаки гап-сўз эмас, балки ҳаёт-мамот жангидир. Бу йўлда жон фидо этишга рози бўлмаган одамлар бугунги золим режимлар қаршисига чиқишга даъво қилмасинлар. Акс ҳолда барча уриниш охирига етмай, илк хавф-хатар, илк синов келиши биланоқ тугаб қолаверади. Оқибатда сиёсий кураш мавзуси бемаъни ўйин ва сохтакорликка айланиб боради. Барча фаолият фақат ўз ўзини сақлаш ва ўз нуқсонларини яширишга йўналган уриниш бўлиб қолади. Биргина мисол, “Андижон ташкилоти”, қандай бошланган эди-ю, бугун қай аҳволда.

Аввалги мухолифат большевиклар билан муроса қилиб, охири алданган эди, кейин Сталиндан умид қилинган яхшилик умиди. Бугун ҳам жуда кўп мухолиф кайфиятидаги ўзбеклардан “Яхши бўп қолар” деган гапни кўп эшитиш мумкин. Ҳануз вазиятнинг қандайдир ўз-ўзидан, вақт ўтиши билан яхшиланиб кетишига умид қилади улар. Бу ўтмишдан сабоқ олмаслик, ва замон устида мушоҳада қилмасликдир. Вақт ўтиши билан вазият фақат қийинлашади ва золимнинг зулми кучайиб бораверади, буни мухолифат англаб етиши ва бунга ҳозирлик кўрмоғи керак.

3-4. Хатоларда ўхшашлик борми? Қайси бирида кўп хато бор?

Хатоларда нафақат ўхшашлик бор, балки айни хатолар такрорланмоқда холос.

Аввалги мухолифатга нисбатан бугунги мухолифатда имконият кўпроқ, камида ўз хатоларини тузатиш имкони мавжуд, шунинг учун хатоларни кўргач, уларни ўнглашга ҳаракат қилиши лозим. Аммо афсуски, бугунгача тарих инсонга ҳар қанча сабоқ бермасин, инсон тарихдан ҳеч қачон сабоқ олмаган.

5. Хатоларни тузатишда бирламчи чоралар?

Ўзининг сиёсий кўзқарашини, ҳадафини, фаолиятининг охирги натижаси қандай бўлишини қайта кўриб чиқиши, мақсадларини аниқ белгилаб олиши, шунга кўра изчил ҳаракат қилиш ҳамда мақсаддан тўсувчи омилларга чалғимасликни ўрганиши лозим.

БОНУС САВОЛ: 6. Даврингиз подшоҳини ёмонлаш акциясини қай даражага кўтардингиз ва бундан бирор фойда бўлдими?

“Давримиз подшоҳи” деб Бен Али ҳам, Ҳ.Муборак ҳам М.Каддафий ҳам узоқ йиллар нисбатланиб келинарди, улар “Худонинг ердаги сояси” экани, уларга қарши чиқиш осийлик, ношукурлик ва беҳуда қон тўкиш дейиларди, аммо бу “енгилмас куч”лар аслида сохта ва пуч экани бирпаста ошкор бўлди, “диктатор”га чиқди, биттаси тумтарақай қочса, бошқаси судланди, яна бири ер қатл этилди. Аммо уларнинг бир неча ўнйиллаб давом этган зулмлари пайтида ҳам барибир уни “ЗУЛМ” деган, унга қаршилик турган кучлар мавжуд бўлган, оғир ва қийин шароитларда бўлса-да, ўз курашини давом эттирган ва ўз ғоясига содиқ қолган шахслар йўқ бўлмаган. Бошқа тарафдан эса, ўларни маломат қилишга, уларни курашдан қайтаришга, ўз ғоясидан воз кечтиришга уринган кучлар, режим хизматчилари ҳам бўлганини унутмайлик.  

Бугунги золим ҳукмдорларнинг ҳеч бири давримиз подшоҳи бўлолмайди, чунки уларнинг ўша “подшоҳ”лиги зулм ва ёлғон устига қурилгандир, шунинг учун эртами-кечми, барибир қулайди, ўтмишга айланади, зотан айланмоқда.

Саволнинг иккинчи қисмига келсак, золимнинг зулмини “ЗУЛМ” дейишда фойда кўзланмайди. Аслида, “Золим”, “Зулм” тушунчалари келиб чиқишига кўра диний категориялардир, ҳамда уларга қарши кураш ҳам ҳамма даврларда дин амри, иймон амри бўлиб келган, мусулмон киши учун эса золимга қарши кураш буюрилган, ғалаба шарт қилинмайди. Мусулмон “сафардан масъул, зафардан эмас”. Натижа эса, инсоннинг илкида бўлмайди.

Бошқа тарафдан, агар ўз ғояси йўлида ҳамма нарсадан маҳрум қилинган, ҳатто қатл қилинган инсонни мағлуб санайдиган бўлсак, демак биздаги қадрият ва ўлчовларда муаммо бор, акс ҳолда, ўша 1937 йил қатл қилинган ўзбек зиёлилари, Қодирий ва Чўлпонларнинг ўлими – уларнинг мағлубияти, қотилларининг ғалабаси дея талқин қилиш керак бўларди. Бугун бунинг том аксига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Мабодо золимга қарши курашдан бирор фойда тамаъ қилган одам бўлса, зулмга қарши чиқишдан ўзини тийсин, муроса ва конформизм йўлига ўтсин, шунда кўзлаган мақсадига эришади, ўзини ҳам, ўзига эргашган ё ишонган кишиларни алдашдан ҳам халос бўлади. Аммо золимнинг даври тугаганда, уларнинг ҳам фойда муддатига нуқта қўйилади.

Комментариев нет: