24.12.2013

Ўзбекча шоу-бизнес – "ўхшаш чеҳралар" холос

Ўзбекистондаги сайтлардан бирида Нилуфар Усмонова билан суҳбат берилди.
Яқинда Туркиянинг Эскишаҳарида 12 иштирокчи орасида 11-ўринни эгаллаган хонандага бир журналист бири боғдан, бири тоғдан бир нечта саволлар беради. Аммо инсоф билан айтиш керак, Нилуфар Усмонованинг жавобларида самимийлик билиниб турибди.

Суҳбат шундай бошланади: "Нилуфар, аввало, жонли куйлаб, ҳеч кимдан кам эмаслигингиз билан табриклайман".
Нега жонли куйласа, ҳеч кимдан кам эмас бўлади? Ахир хонанда дегани жонли куйлаши керак эмасми? Бу худди ошпаз ош дамласа, мана ошни жонли дамладинг, ҳеч кимдан кам эмаслигинг билан табриклайман, дегандай гап-ку! Наҳотки шу ердаям юртбошининг "биз ҳеч кимдан кам эмасмиз!" деган латифасини қистириш шарт бўлса?

Менимча, бугунги хонандаларнинг аксарияти нуқул "фанера"ни қўйиб олиб, фақат оғиз қимирлатишдан бошқани эплолмай турган замонда, жонли куйлайдиган лоақал битта одамнинг борлиги катта гап аслида.
Интернет муҳокамаларда урчиган тахминларда "агар фалончи борганидами - қойиллатарди, фалончи борганидами - ёрворарди" деган гаплар кўп. Хўш, унда нега бора қолмади? Менимча, бунинг икки сабаби бор. Биринчидан, ҳамманинг ҳам онаси Юлдуз эмас, унинг каби "связь"лари йўқ Туркияда, у ёққа бориш эса чидаганга-чиқарган. Иккинчидан, агар ўша фалончилар борганидаям, 11-ўрин эмас, финалга ҳам етиб боролмаса керак, чунки биздаги "фанера юлдузлари" жонли куйлаш деса, ип эшолмай қолиши турган гап.
Зотан, хонанданинг жавобидан ҳам бу кўриниб турибди:
-Жуда ҳаяжонландим... Очиғини айтсам, биз тўйларда ўрганиб қолганмиз: фонаграммадан фойдаланишни, ҳар доим ҳам жонли айтолмаймиз... Шу сабабли овозим ўрганмаган жонли ижрода куйлашга ва шу тажрибасизлик охирида ўз белгисини билдирди. Илк марта дунё миқёсидаги конкурсда иштирок этаётганим ва 300 миллион одам томоша қилаётганини билиб, саҳнага чиқиш, ишонинг, катта ҳаяжон уйғотди.
Мана, айтдим-ку сизга!

Журналистнинг кейингни саволи эса росмана ўзбекча бўлди. Худди хонанда ҳозироқ йиғи-сиғини бошлавориши керакдай: "Туркнигоҳ" қай даражада ҳаққоний ўтди деб ҳисоблайсиз?"

Айтиб турибди-ку, "жонли айтолмаймиз, ҳаяжон босди" деб. Нима, энди "нохолис бўлди, ғирромлик бўлди, ҳакамлар сотилди, биринчи мен бўлишим керак эди!" десинми? Фақат бизда у - ҳамма нарса олдиндан сотилади, ёки сотиб бўлинган.
Аммо хонанда шикоят қилмади, обрўни сақлаб қолди:
-Аввало, “ Туркнигоҳ”га катта раҳмат. 24 давлатни бир жойга йиғиб, бизни, яъни санъаткорларни юксак савияда, эътибор билан шу кунгача ҳурматимизни жойига қўйиб келмоқдалар... Мен учун катта дарс бўлди... Мен учун асосийси, иштирок этиш эди...

Кейинги савол ундан-да комик. Аввалига шундай деб сўрайди: "Кўпчилик Нилуфар қўшиқни нотўғри танлаган. Унинг кўп қўшиқлари оммалашганди. Шулардан бирини куйлаганда сўзсиз, биринчи ўринни оларди дейишди..."
Жавоби эса шу:
- Барибир биринчи ўринни ололмасдим. Чунки, биринчи кундан овозим кетиб қолганди. Конкурсга келишдан олдин шартнома бор эди. Бу шартномада кўрсатилиши бўйича ҳали умуман премьера бўлмаган 3 ёки 4 та қўшиқни олдиндан юборишимиз керак эди. Булар танлагани эса шу қўшиқ бўлди...

Лекин журналист бу жавобни гўёки эшитмаётгандай, яна қовун туширади: "Онангизнинг бирон қўшиғини куйлашингиз мумкин эди. "Лайв Шоу"да "Туюқ"ларни куйлаб, ҳаммани лол қолдиргандингиз..."
"Ҳали умуман премьера бўлмаган 3 ёки 4 та қўшиқни олдиндан юбориш керак" бўлса, қандай қилиб яна онасининг қўшиғини куйлаши мумкин? Бу ҳалиги "Голос" танлови эмаски, то "Скорпионз"нинг, то Пугачёванинг қўшиғини тайёр олиб, ўзиники қилиб айтаверса!?

Аммо хонанда ҳам жавобни қойиллатибди:
-Албатта онамнинг қўшиғини ким хоҳламайди куйлашни, лекин агар аямнинг қўшиғини куйлаганимда бутун Туркия оёққа туриб кетарди. Онасини куйини куйлаяпти, онасининг ҳурмати ила шуҳрат қозонмоқчи деган фикр уйғонишини истамадик. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек шартномага мувофиқ иш тутдик.

Биринчидан, шартномага кўра, юборилган қўшиқлар олдин текширилади, ўғирланмаганми, плагиат эмасми, деб. Мабодо, онасининг қўшиқларини айтган тақдирда ҳам, яна West Life ёки Tarkan ни таниб қолишлари ҳеч гап эмас-ку. Муаллифлик ҳуқуқлари бу ерда, Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, ишлайди ва ўзинг меҳнат қилиб қўшиқ туғишдан бошқа чоранг йўқ.

Аммо энг зўр савол мана бу бўлди: "Бир миш-мишга нуқта қўйсангиз. Даврон Муқимов (“Тарона рекордс” директори) ҳақиқатан сизнинг навбатдаги турмуш ўртоғингизми?"

Бу нимаси? Ҳақиқатан ҳам шоу-бизнес ҳақида ёзадиган сайт ким кимнинг турмуш ўртоғи эканини билмайдими? Ёки бу ўта махфий сақланадиган сирми? Расмий никоҳда бўлса, дунёнинг ҳеч бир давлатида сир тутилмас эди-ку, аксинча, ноқонуний ёки ношаръий муносабатлар бўлса, одамлардан яширилади (аслида ҳозир ҳеч ҳам сир тутилмайди). Хўш, қанақа сир бор экан, одамларга билдирмасликка мажбур қиладиган?

Жавоб ҳам шунга яраша:
-Бу саволни ҳар доим четлаб ўтганман. Чунки ҳамманинг ўз шахсий ҳаёти бор... Ва бу саволни ёпиқ қолдираман.

***

Хуллас, нима бўлгандаям, бир нарса ҳақиқат. Халқаро миқёсда бизнинг шоу-бизнес санъатимиз охиридан иккинчи ўринда.
Ва бу менимча, ҳаққоний баҳо. Ижод аҳлимизнинг савияси маълум. Бастакорларда оригинал асар деярли ноёб. Энг осони турк, форс ё арабча қўшиқларни бир "ўгириб" ўхшатиб қўя қолиш. Боз устига, "Муаллифлик ҳуқуқи" ишламаганидан кейин, биров даъво қилиб келолмайдиям Ўзбекистонга. Оқибатда, шоу-бизнес Ўзбекистонда бу - ўхшаш чеҳралар холос.

Комментариев нет: