05.01.2017

«Қуръонни Ҳадиссиз тушунолмаймиз» дегувчиларга

Аллоҳ жуда кўп оятида Қуръонни «эслатма-зикр учун қулай қилдик» дейди, Қуръонни тушунарли ва ҳар бир нарсани муфассал баён қилган бенуқсон Китоб дейди. Аммо баъзи кишилар бунга қаноат қилолмай, дейдики: «Хўп, Қуръон бенуқсон, аммо шу-шу нарсалар Қуръонда айтилмаган, уларни ҳадисдан олмасак, бошқа қаердан оламиз?» Бундай ботил эътирозларга жавобан Аллоҳнинг оятларини бирма-бир келтириб, сўнгра савол бермоқчиман.

***

«Албатта, Биз бу Қуръонда улар эслатма олишлари учун барча масала ва ҳикматларни баён қилдик. Лекин бу билан – золимлар яна-да ҳақдан қочди – йироқлашди» (Исро:41)
«Аниқки, биз бу Қуръонда одамлар учун барча мисол-ибратлардан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўпи фақат куфрнигина ихтиёр этдилар» (Исро:89)

Савол №1: Барча мисол ва ҳикматлар қаерда келтирилган? Қуръондами ё Кутуби-Ситтадами?

***

«Сенга – барча нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган китобни – Қуръонни нозил қилдик» (Наҳл:89)

Савол №2: Барча нарсани баён қилиб берувчи Қуръонми, ё Бухорий-Муслимми?

***

«Улар сенга бирон мисол келтирсалар, албатта, Биз сенга ҳақни ва энг гўзал тафсирни келтириб қўйганмиз» (Фурқон:33)

Савол №3: Ҳақ ва энг гўзал тафсирни ким келтирган? Аллоҳми ё Ибн Касирми?

***

«Сизлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишингиз учун, ҳикмат соҳиби ва хабардор зот – Аллоҳ томонидан нозил қилинган, оятлари мустаҳкам ва муфассал Китобдир». (Ҳуд:1)

Савол №4: Мустаҳкам ва муфассал қилинган нима? Аллоҳнинг китобими ё Абу Довуд ҳадисими?

***

«Сендан ичкилик ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айт:…» (Бақара:219)
«Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар. Айт:…» (Бақара:220)
«Сендан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айт:…» (Бақара:222)
«Сендан нимани инфоқ этишлари ҳақида сўрайдилар. Айт:…» (Бақара:215)
«Сендан руҳ ҳақида сўрайдилар? Айт:…» (Исро:85)
«Сендан Қиёмат соати ҳақида сўрайдилар. Айт:…» (Аҳзоб:63)

Савол №5: Инсонлар кимдан сўрамоқда, жавоб кимдан келмоқда?

***

«Сендан уларга нималар ҳалол экани ҳақида сўрайдилар. Айт:…» (Моида:4)

Савол №6: Инсонлар ҳалоллар ҳақида кимдан сўрамоқда, жавоб кимдан келмоқда?

***

«Сендан фатво сўрайдилар. Айт: …» (Нисо:176)
«Сенден аёллар ҳақида фатво сўрайдилар. Айт:…» (Нисо:127)

Савол №7: Инсонлар кимдан фатво сўрамоқда, фатвони ким бермоқда?

***

«Булар Аллоҳнинг оятларидир, Биз уларни сенга ҳақ ила тиловат қилиб бермоқдамиз. Бас, улар Аллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб, яна қайси ҳадисга иймон келтирурлар?!» (Жосия:6)
«Ахир улар бундан кейин, яна қандай ҳадисга иймон келтирурлар?!» (Мурсалот:50)

Савол №8: «Қуръондан кейин, яна қайси ҳадисга иймон келтирурлар?» саволига жавобан, сиз «Тўғри, аммо Бухорий, Муслим ва ҳ.к., нимани ривоят қилса, шунга иймон келтирамиз!» дея оласизми??

***

«Бу – уйдирилган ҳадис эмас, балки аввалги нарсаларни тасдиқ этувчи, иймон келтирадиган қавм учун барча нарсани муфассал баён қилиб берувчи Ҳидоят ва Раҳматдир». (Юсуф:111)

Савол №9: Қуръон уйдирилган ҳадис эмас экан, аммо набийдан сўнг 250 йил кейин келган кишиларнинг, 600.000 уйдирма орасидан пайғамбарга иснод этгани сўзларни, уйдирма эмаслигига далилингиз қани?

***

«У Ўз ҳукмида ҳеч кимни шерик қилмас» (Каҳф:26)
«Ҳукм фақат Аллоҳникидир» (Юсуф:40)

Савол №10: Ҳукм ёлғиз Аллоҳга оид экан, сиз буни инкор этиб, пайғамбар ҳам ҳукмда шериклик қилаверади, дея оласизми?

***

«Элчининг зиммасида фақат етказиш бор, холос». (Моида:99)
«Элчининг зиммасида ўзига юкланган нарса бордир, холос». (Нур:54)
«Эй элчи, сенга Раббинг томонидан нозил қилинган нарсани етказ!» (Моида:67)
«Элчимиз зиммасида фақат очиқ-равшан етказиш бир, холос» (Тағобун:12)

Савол №11: Элчининг вазифаси нимадан иборат? Фақат Қуръонни ўзгартирмай таблиғ этишми? Ёки ўз сўзларидан иборат алоҳида бир «тўла асарлар тўплами» ҳам қолдиришми?

***

«Айт: «Мен фақат Раббимдан келган ваҳийгагина эргашаман». (Аъроф:203)
«Айт: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмас. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашаман. Агар Раббимга исён қилсам, улуғ Куннинг азобидан қўрқаман» (Юнус:15)

Савол №12: Элчи фақатгина ваҳйга эргашар экан, биз элчига тобеъ бўлишимиз учун нимага эргашишимиз лозим? Элчи ўз нафсидан Қуръонга илова қўша оладими? Қуръон ҳукмларидан ташқари бирон сўз айта оладими? Йўқса фақатгина ваҳйга – Қуръонга эргашадими?
***

«Агар у Бизнинг номимиздан айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан тутган, сўнг шохтомирини узиб ташлаган бўлур эдик». (Ҳааққа:44-46)

Савол №13: Элчи Қуръонда йўқ сўзларни тўқиб, уларни Аллоҳдан ваҳй деса, Аллоҳнинг жазосига дучор бўлар экан, қандай қилиб сиз, Қуръонга тамоман зид сўзлар ва ҳукмларни «Элчининг номидан» (ҳадис) айттиряпсиз?

***

«Айт: «Энг етук ва очиқ-равшан ҳужжат-далил – Аллоҳнингдир» (Анъом:149)

Савол №14: Энг устун ва очиқ-равшан далил-ҳужжат кимнинг экан? Аллоҳнингми, ё Ибн Можанингми?

***

«Уларга тиловат қилинаётган шу Китобни сенга Биз нозил қилганимиз, уларга етарли эмасми?!» (Анкабут:51)

Савол №15: Аллоҳ сиздан сўраяпти: «Бу Китоб нозил қилингани сизга етмайдими?» деб. Нега бошқа манбаларни Аллоҳнинг Китобига тенглайсиз? Нега бошқа манбаларнинг ҳукмини Аллоҳнинг ҳукмида шерик қиласиз? Бунга сизнинг жавобингиз нима?

***

«Менинг ваъдамдан қўрқадиган кишиларга ушбу Қуръон билан ўгит-насиҳат қил!» (Қоф:45)

Савол №16: Аллоҳ элчига, Ундан қўрқадиган кишиларга нима билан ўгит-насиҳат беришини амр этмоқда, Қуръон биланми ёки ўз шахсий қарашлари биланми? Элчига эргашадиган бўлсак, биз ҳам Қуръон-ла ўгит-насиҳат беришимиз керак эмасми?

***

«Бугун сизлар учун динингизни мукаммал қилдим, неъматимни ҳам тамомладим ва сизларга дин ўлароқ Исломни танладим». (Моида:3)
«Раббингнинг сўзлари сидқу-адолатда комил бўлди. Унинг сўзларини бирон ўзгартиргувчи йўқдир» (Анъом:115)

Савол №17: Аллоҳ бу динни мукаммал қилган ва неъматини тамом қилган экан, сизнингча, ундаги нуқсон нима? Бу оятларни ўқиб, сўнгра Қуръондан нуқсон ахтариш – Аллоҳга ақл ва дин ўргатиш эмасми?

***

«Биз сизларга бир Китоб — Қуръон нозил қилдикки, сизлар учун зикр ундадир. Ақл юргизмайсизларми?!» (Анбиё:10)

Савол №18: Аллоҳ ҳар ҳолатингизни ўзида жамлаган бир Китобни нозил этган экан, Сиз эса Аллоҳга мухолифат этиб, «шу-шу масалалар қолиб кетибди» дейдиганлар мушриклар билмасмидингиз?
Аллоҳ ҳар ҳолатингизни ўзида жамлаган бир Китоб нозил этган экан, Сиз Аллоҳга мухолифат этиб, «шу-шу масалалар қолиб кетибди» дегувчилар мушриклар эканидан хабарингиз борми?

***

«Албатта бу – Сиз учун ҳам, қавмингиз учун ҳам бир шарафдир ва яқинда бундан сўраласизлар» (Зуҳруф:44)

Савол №19: Аллоҳ охиратда қайси китобдан сўрайди? Охиратда Аллоҳ қаршисида «Тўғри, аммо мана бу хадис китоблар ҳам…» дея эътироз билдира оласизми?

***

«Элчи дедики: «Раббим, дарҳақиқат, қавмим ушбу Қуръонни тарк этиб, юз ўгирди» (Фурқон:30)

Савол №20: Қуръонни тарк этиб, бошқа манбаларга боғланиб қолганлар, сизнингча, ким? Элчи охиратда шикоят этадигани қавм кимлар? Наҳотки, улар 7-асрда Қурайш билан қолиб кетган, бизга алоқаси йўқ – деб ўйласангиз?

***

«Элчи ўзига Раббидан нозил қилинган нарсага иймон келтирди ва мўъминлар ҳам. Аллоҳга, малакларига, китобларига ва элчиларига. «Биз унинг элчиларидан биронтасини ажратмаймиз». (Бақара:285)

Савол №21: Оятда муъминлар ҳақида, барча элчиларни бирдай иймон келтиради дейдими? Ёки Муҳаммадни барчасидан устун кўриб, улуғлайди, дейдими?
Оятда мўъминлар ҳақида, «барча элчиларни бирдай иймон келтирадилар» деяптими ёки фақат «Муҳаммадни барчасидан устун кўриб, улуғлайди» деяптими?

***

«Аллоҳга даъват қилувчи ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, «Мен мусулмонман – Аллоҳга таслим бўлганларданман», дегувчидан ҳам гўзалроқ сўзлагувчи ким?» (Фуссилат:33)

Савол №22: Аллоҳ кимга таслим бўлишни мақтайди? Аллоҳга таслим бўлиб, мусулмон бўлганними, ёки «Сунний, Шиа, Ҳанафий, Ҳанбалий, Жаъфарийман» деб, мазҳаб пешволарига таслим бўлганними?

***

«Биз сени оламларга раҳмат ўлароқ юбордик» (Анбиё:107)
«Бу – Бизнинг ҳузуримиздаги Ишдир. Дарҳақиқат, Биз башариятга пайғамбарлар юбориб келганмизки, бу – Раббинг тарафидан бўлган раҳматдир». (Духон:5-6)

Савол №23: Оламларга – башариятга раҳмат биргина Муҳаммад а.с. ми, ёки ҳар бир юборилган пайғамбар – Аллоҳнинг раҳматими?

***

«Айт: «Сизлар Аллоҳга динингизни ўргатмоқчимисиз?! Ҳолбуки, Аллоҳ осмонлар ва ернинг илмига эга. Аллоҳ барча нарсани Билгувчидир!» (Ҳужурот:16)

Қуръон етарлидир! деган Қуръон мўъминлари, Аллоҳ ва элчисига бўйсунган ҳолда, фақатгина Қуръон билан ўгит-насиҳат қилишади сизга. Аллоҳ дейдики, Қуръон етарлидир, Қуръонда барча мисолни муфассал билдирдим, Элчимнинг вазифаси – Менинг муфассал оятларимни инсонларга қўшиш-айиришсиз баён этмоқ, холос. Элчи эмас, фақат Мен қўяман ҳукмни, дейди. Мабодо, элчи ўзича бундай қилишга журъат этгудек бўлса, унинг шоҳтомирини кесаман – вазифасига нуқта қўяман, дейди. Бунча очиқ-равшан оятларга қарамай, ҳалиям Аллоҳга дин ўргатишда давом этадиган бўлсангиз, у ҳолда сизларга ушбу оятни эслатишга мажбурман:

«Қачонки уларга: «Аллоҳнинг нозил қилганига эргашинг», дейилса, улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни қайси йўлда топган бўлсак, ўшанга эргашамиз», дейишади. Агар ота-боболари бир нарсага ақли етмайдиган, Тўғри йўлни тополмайдиган бўлсалар ҳамми?!» (Бақара:170)

***

Сизларга айтаётганимиз бор-йўғи бир нарса: «Аллоҳнинг нозил қилганига эргашинг». Сизлар эса балки мунофиқ, балки мушрик, имони-ихлоси ва мақсади номаълум шахслардан қолган, аммо сизга «пайғамбарнинг сўзи» дея уқтирилган уйдирма ва бўҳтонларни динлаштиргансиз, Аллоҳнинг нозил қилганига муқобил дин манбаи пайдо қилгансиз. Бундай қилганлар Қуръонда мушрик дейилади.
Савол №24: Охиратда ҳисоб-китобга чиққанингизда, Аллоҳ сизга «Ягона ҳукм қўювчи Менман, ҳалол ва ҳаромларни Қуръонда айтиб қўйганман. Ҳар бир ибодатни тафсилотлари билан Қуръонда очиқлаганман, сен бугун фақат ва фақат Қуръондан сўраласан» деганида, ўз ҳимоянгизга айтар сўзингиз нима? «Тўғри, Раббим, аммо Расул ҳам ҳукм қўйиши мумкин экан, мана, Бухорийда ундай дейилган, Термизийда бундай… Сен Қуръондан ташқари, тиловат қилинмайдиган бошқа ваҳйлар, ҳукмлар ҳам юборган экансан-ку!? Биз шуларга ишониб, эргашгандик, бугун бўлса фақат Қуръондаги ваҳйдан масъул тутяпсан. Майли, биз барибир Бухорий, Ибн Можаларни тан олаверамиз» дейсизми?

Бани Исроилнинг хатосини такрорлаб, сигирни сўйиш эмас, сигирнинг ранги, килоси устида жилдларча фиқҳ яратиш пойгасига тушиб қолганингизни пайқамаяпсиз. Аллоҳ Мусонинг қавмига фақат сигир сўйишни амр этганди. Ранги, килосини билдиришни истаса, билдирарди. Аллоҳнинг билдирмагани устида дин қурилмас, бундан масъул бўлмассиз. Охиратда на мазҳаблардан, на номи ҳадислардан, ва на ривоятдан сўраласиз. Фақатгина Қуръондан сўраласиз. «Қола Расулуллоҳ», дея унинг номидан тўқилган ривоятлардан эмас. Буни қабул этсангиз ҳам, этмасангиз ҳам, бу ҳақиқат ўзгармайди. Шундай экан, динни кераксиз майда-чуйда масалалар билан лойқалатиб, яшаб бўлмас ҳолга келтиришдан воз кечинг, Аллоҳнинг осон қилган динига – Қуръондаги динга қайтинг, ва пайғамбарга туҳмат қилишни, Аллоҳга дин ўргатишни бас қилинг!

«Улардаги кўпчилик фақат гумонга эргашади, холос. Гумон эса ҳеч қачон ҳақнинг ўрнига ўтмайди». (Юнус:36)

Эслатма: Қуръонга мувофиқ бўлган сўзларни Набий айтган бўлиши эҳтимоли бордир (яъни гумондир). Аммо Қуръонда муқобили бўлган сўзда барибир оят муқаддамдир. Яъни ҳар вазиятда ҳукм, фақат Қуръондан ўрганилади.

Mehtap Gözükan
Туркчадан Камолиддин Йўлдош таржимаси

Комментариев нет: