22.06.2015

"Салот ва саловот" ҳақида

إِنَّ اللَّهَوَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا صَلُّوا عَلَيْهِ وَسَلِّمُوا تَسْلِيماً

Бу оят Қуръондаги Аҳзоб сурасининг 56 ояти. Унда Аллоҳ ва малаклари Набийга "Салот этиши" айтилади (йусоллуна ъалан-набий).

Аввало бу оятдаги "Салот этиш"нинг маъносини бугунги таржималарда қандай ўзгартирилгани билан танишиб чиқайлик:


"Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!" (Алоуддин Мансур)

"Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг". (Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф)


Ҳар икки таржимада "йусоллуна" калимаси "саловот айтмоқ" ва "дуою-саловот айтмоқ" дея ўгирилган. Дуою-саловот қандай айтилади? "Соллаллоҳу ъала...", "Аллоҳумма солли ъала..." дея бошланиб, Пайғамбар алайҳис-саломни улуғловчи дуолар такрорланади; ёки у кишининг исми зикр этилиши биланоқ ортидан "Соллаллоҳу алайҳи васаллам" ва ш.к. иборалар илова этилади. Ва бу жумлалар қанчалик кўп такрорланса, шунчалик кўп савоблар берилиши уқтирилади. "Солат" ёки "Саловот"ни мана шундай тушунтиришади.


Аллоҳ қандай дуо қилади?

Ҳақиқатан ҳам Аллоҳ ва малаклари Пайғамбарга дуою саловот айтадими? Малакларнинг дуо қилишини-ку англаш мумкиндир, аммо Аллоҳ қандай дуо қилади? Кимга дуо қилади?

Шуни ҳам айтиш керакки, Қуръоннинг қаерида Муҳаммад а.с. ҳақида "Набий" дея зикр этилган бўлса, у кишининг тирик, ҳаётдаги ҳолатига ишора этилади, ўлимдан кейингисига эмас. Аммо бугунги диний таълимотларга кўра, Пайғамбарга вафотидан кейин ҳам доим саловот айтиш лозим, шунда у киши ҳар бир саловотга жавоб беради, бунинг учун Аллоҳ у кишига такрор жон ато этади ва ҳ.к. Бу ҳақдаги ҳадисларга кўп марта дуч келганмиз, қуйида улардан бир нечтасини келтирамиз:

“Ким менга битта саловот айтса, Аллоҳ таоло унга ўнта саловот йўллайди. Ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўнта даражага кўтарилади”.(Насоий)

“Қиёмат кунида инсонларнинг менга энг яқинроғи менга кўп саловот айтадиганларидир”. (Термизий)

“Бахил; ҳузурида зикр қилинсам, менга саловот йўлламаган кишидир”.(Термизий ва Аҳмад)

“Ҳузурида зикр килинганимда менга саловот йўлламаган кимсанинг бурни ерга ишқалсин”.(Термизий)



Пайғамбар кимга саловот айтади?

Пайғамбарни илоҳлаштириш авж ола бошлаган ҳижрий 1-асрда Аҳзоб:56-оят суистеъмол қилиниб, бу каби қатор ривоятлар натижасида оятдаги "Саловот"нинг маъноси бутунлай ўзгартириб юборилди.

Масаланинг яна бир қизиқ тарафи шундаки, "...йусолли ала" ифодаси айни сурада бир неча оят олдинроқ - 43-оятда келади, бу сафар "Салот" мўминларга аталади:

هُوَ الَّذِي يُصَلِّي عَلَيْكُمْ وَمَلَائِكَتُهُ لِيُخْرِجَكُم مِّنَ الظُّلُمَاتِ إِلَى النُّورِ وَكَانَ بِالْمُؤْمِنِينَ رَحِيماً

"У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга марҳамат кўрсатадиган зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У мўминларга меҳрибон бўлган зотдир".(А.Мансур)

"У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўзи ҳам, фаришталари ҳам саловот айтадир. У мўминларга ўта меҳрибон бўлган зотдир". (М.Муҳаммад Юсуф)


Демак, Аллоҳ ва малакларининг "салоти-саловоти" биргина Пайғамбарга эмас, балки мўминларга ҳамдир. Аммо бу саловот ҳақида унчалик кўп ҳадис уйдирилмаган.

"Саловот" калимаси келган яна бир оят - Тавба сурасининг 103-ояти яна-да эътиборга моликдир. Бу оят "солли" ва "йусолли ъала" калималарининг маъносини яна-да очиб беради, унда мўминларни салот этиш Пайғамбарга буюрилади. Худди Аҳзоб:56 оятида мўминлар Пайғамбарни салот этишга буюрилгани каби:

خُذْ مِنْ أَمْوَالِهِمْ صَدَقَةً تُطَهِّرُهُمْ وَتُزَكِّيهِمْ بِهَا وَصَلِّ عَلَيْهِمْ ۖ إِنَّ صَلَاتَكَ سَكَنٌ لَهُمْ ۗ وَاللَّهُ سَمِيعٌ عَلِيمٌ

"(Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг. Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир". (Тавба:103) (А.Мансур)

"Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгуви ва билгувчи зотдир". (М.Муҳаммад Юсуф)



Салот ва Саловот нима дегани?

"Солли ъала" калимаси "ташвиқ этмоқ, дастакламоқ, ёрдам бермоқ, қўлламоқ" маъноларини беради. Бу иборани шунчаки Пайғамбар зикр этилганида бир дуо қилиб қўйиш ёки у зотга кечаю-кундуз мадҳиялар ўқиш дея ўзгартирилгач, феълий амалликдан чиқарилиб, ритуал ибодатлар қаторига киритилди.

Ваҳоланки Аҳзоб:56 оятида Аллоҳ таоло "Соллаллоҳу алайҳи васаллам" деб такрорланглар демаяпти, балки конкрет бир амални, маълум бир ишни рўёбга чиқаришни истамоқда.

Қуръонда Муҳаммад а.с. нинг исми тўрт ўринда зикр этилади, ҳеч бирида ортидан "Соллаллоҳу алайҳи васаллам" жумласи илова қилинмайди. Хуллас, "солат" калимасидан Аллоҳнинг кўзлагани мақсад, бир жумлани талаффуз этиб такрорлаш эмасдир. Акс ҳолда Қуръонда "салот" мана шу жумла (яъни "Соллаллоҳу алайҳи васаллам") орқали баён этилган бўларди.

Аллоҳнинг исми зикр этилганида Уни улуғловчи калималарни илова қилишга бепарво бўлган кишилар ҳеч қачон буни Аллоҳга нисбатан ҳурматсизлик санамайди. Аммо Унинг бандаси бўлган Муҳаммад а.с. исми Қуръондаги каби, оддий башар каби, улуғловчи иловаларсиз зикр этилса, буни улкан гуноҳ ва адабсизлик санайдиган кишилар - ўз эътиқодларидаги нуқсон ва хасталикка эътибор бермоғи лозимдир.

Агар Аҳзоб:56 оятининг маъноси бугун айтилаётгани каби, маълум бир жумлани такрорлаш билан тамом бўлсайди, Саҳобалар "Соллаллоҳу алайка васаллам" каби жумлаларни энг кўп такрорлаган бўлмасмиди?! Аммо қизиғи шундаки, ҳатто энг саҳиҳ саналган ҳадис китобларида ҳам бунақа ривоятни топиш имконсиз.


Хулоса

Хулоса қилиб айтганда, "Салот" ва "Саловот" атрофидаги ҳақиқатларни бир неча моддада жамлашимиз мумкин:

1. Аллоҳ ва малаклари нафақат Набийни, балки айни пайтда мўминларни ҳам "салот" этади (Аҳзоб:43). "Салот" этмоқ - бир жумлани такрорлаб туриш эмас (яъни Қулуу: "Соллаллоҳу алайҳи васаллам" шаклида эмас), балки бир ишни рўёбга чиқариш амр этилмоқда. "Салот" этмоқ - "ёрдам бериш, дастаклаш, қўллаш" каби маъноларни билдиради. "Саловот"нинг маъноси - зинҳор Набийни улуғлаш эмас, балки ўтмишда ҳам бугун ҳам айни - Пайғамбарнинг даъвоси ва даъватига ёрдам бериш, худди саҳобалар каби бу йўлда моли ва жонини фидо этишдир.

2. Тавба:103 оятида "салот" этиш Набийга ҳам буюрилади, ва бу гал саловот мўминларга аталади. Набийнинг "солати" қандай мақсадда экани ҳам оят давомида аниқ баён қилинади: "Инна солатака саканун лаҳум" - Сенинг салотинг улар учун таскин ва ҳузурдир. Бу оятда ҳам "саловот"нинг маъноси дуо ва мадҳиялар эмас.

3. Машҳур кишиларнинг исмини илова ва асл ҳолида зикр этиш - ҳеч қачон ва ҳеч қаерда ҳақорат ёки адабсизлик саналган эмас. Пайғамбарнинг асҳоблари Аҳзоб:56 оятини бугунги дин пешволари каби англасайди, ҳар гал Пайғамбарга мурожаат этганларида, "Соллаллоҳу алайка васаллам" дейишлари кифоя бўларди, на бирор дастак, на бирор ёрдам таъмин этишига ҳожат қолмасди.

Комментариев нет: