07.07.2015

Уйдирилган дин йиқилажак

Қуръонда бўлмаган, аммо бизларга ДИН дея йиллардир уқтириб келинган таълимотларни "Булар Қуръонда йўқ" деганимизда, кўп кишилар буни дастаклади, баъзилар эса қарши чиқди. Албатта, кўпчилик мусулмонлар ўз самимияти ва, очиқчаси, соддалиги сабабли, ўтмишдаги умматлар ва тарихдаги жамиятларнинг аҳволидан етарлича хабардор бўлмаслиги ва ҳатто Тангри номидан ёлғон уйдириш, Аллоҳ номи билан алдаш мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмасалар керак. Инсонларнинг аксарияти ҳодисаларнинг зоҳирига ишонади, дин пешволарининг салласию-соқолини, ёки бўнидаги ҳочини кўриб, диннинг тирик намунаси санайди. Ваҳоланки, Аллоҳ ўз Китобида энг қаттиқ танқид остига олган тоифа ҳам дин пешволаридир, Тангри номидан ёлғон уйдирувчи, ҳақ дин номидан ботилга хизмат қилувчи ва қилдирувчилардир.

Дин пешволарининг кўпчилиги одамларнинг молини тўплаб, ноҳақ егувчи ва Аллоҳнинг ҳақ йўлидан тўсувчи экани Қуръонда очиқ эълон қилинади: "Эй мўминлар, аҳбор ва руҳбонларнинг аксарияти одамларнинг молларини ноҳақ ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар" (Тавба:34) Аҳбор ва Руҳбон - яҳуд ва насороларнинг дин пешволаридир. Аммо қизиғи шундаки, бу оят яҳуд ва насороларга эмас, балки мўминларга хитоб қилмоқда. Аллоҳ бизларни дин пешволари  молларимизни ноҳақ еб, Аллоҳнинг йўлидан тўсишидан огоҳлантирмоқда.